October 6, 2023

СОБИТ ИМОН, ТОЗА ВИЖДОНИНГ БЎЛСИН

Абдуҳамид ПАРДАЕВ

ТЎРТЛИКЛАР

Яхшиликка йўйгин шамолимни ҳам,

Ўзинг юксалтиргин камолимни ҳам.

Оқартирган каби сочу соқолим,

Оқартир номаи аъмолимни ҳам.

* * *

Биз севмаган қизнинг вафоси

Жабру жафо бўлар, шубҳасиз.

Биз севганнинг ҳатто жафоси

Меҳру вафо бўлар, шубҳасиз.

* * *

Демасман: шоирман – олам сирлари

Имкон қадар аён, қанчасин билдим.

Сўзладилар илҳом фаришталари,

Мен фақат уларга котиблик қилдим.

* * *

Табиатда бари жойи-жойида,

Каттаю кичикка аён бу нақл:

Ҳеч арслон тиз чўкмас итнинг пойида,

Ҳеч ит ҳам арслонга ўргатмас ақл.

* * *

Айёр тулки ишин қилади айёр,

Тулки каби алдаб шилади айёр.

Илон каби аврай-аврай, дафъатан

Бағрингни пичоқсиз тилади айёр.

* * *

Қушлар яшай олмас бошпана – инсиз,

Пичоқ ўтмаслашар ғилофсиз – қинсиз.

Одамзод йўқотар одамийлигин

Имону эътиқод, ҳақиқий динсиз.

* * *

Бошимда йилларнинг қори бор, қори,

Кўнглимда минг армон зори бор, зори.

Кучдан қолди дема, мени кексайиб,

Ҳамон қалбимда ишқ нори бор, нори!

* * *

Зиёда эътибор ҳеч керак эмас,

Менга меҳр қўйгин, демасман зинҳор.

Сен менга нисбатан одил бўлсанг, бас,

Зотан, одилликда муҳаббат ҳам бор.

* * *

Наинки жаннатдай маконинг бўлсин,

Наинки шавкатли замонинг бўлсин.

Ҳар қандай макону замон ичра ҳам

Собит имон, тоза виждонинг бўлсин.

* * *

Имон-эътиқоди мустаҳкам, тоза,

Комил инсонлардан олсанг андоза,

Қошингда очилса, не ажаб, ҳатто,

Арши аълодаги олий дарвоза.

* * *

Орзу билан уйқуга ётгин,

Мақсад билан уйқудан уйғон.

Чўққиларни шитоб забт этгин,

Таъзим қилсин қошингда осмон.

* * *

Тоғлар пойи адир-қирли бўлади,

Худо ёрлақаган пирли бўлади.

Тарихий шахсларнинг бутун ҳаёти,

Ҳатто мамоти ҳам сирли бўлади.

Абдуҳамид ПАРДАЕВ