October 6, 2023

ҒАРОЙИБ ИҚТИДОР  

Лермонтовнинг серқирра истеъдоди болалик чоғидаёқ яққол намоён бўлган: у ифодали, қофияли сўзлаб, чиройли суратлар чизиб, турли мусиқа чолғуларида куйлар чалиб, катталарни ҳайратга соларди. Ҳатто турли нарсалардан қўғирчоқлар ясаб, қўғирчоқ театри ўйнарди. Бундан ташқари, математикага қизиқиши ортиб, кечалари ухламай мураккаб масалаларнинг ҳам ечимини топарди.

ДУЭЛ

Ўн саккиз ёшида Лермонтовнинг М.Лопухинага ёзган мактубида шундай сатрлар бор: “Кексалик азобини тортгандан кўра кўкрагингга ўқ тегиб жон берган яхшироқ!” Орадан тўққиз йил ўтиб шоир шу тарзда ҳалок бўлади.

РАССОМ

Шоир қанчалик чиройли шеърлар ёзган бўлса, рассомлик санъатида ҳам бундан кам бўлмаган. У табиат тасвирлари, портретлар, ҳарбийлар ҳаётига оид манзаралар ва карикатуралар чизган. Лермонтов таниқли рассом Петра Заболотскийдан сабоқ олган. Ҳозиргача Лермонтов чизган 350дан ортиқ тасвирий санъат асари сақланиб қолган.

ФОЛБИН

Лермонтов Кавказга кетишдан олдин Петербургда машҳур бўлган фолбин, А.С.Пушкинга “оқ от, оқ соч ва оқ одам”дан эҳтиёт бўлишни башорат қилган Александра Кирхгофга дуч келади. Лермонтов ҳам ундан яна пойтахтга қайтиб келаманми, деб сўраганида олмон кампир бошини “йўқ”, деган маънода сермайди.

ЛЕРМОНТОВ ПОРТРЕТИ

Айтишларича, Лермонтовнинг ҳеч бир портрети унинг ташқи қиёфасини аниқ кўрсатиб беролмайди. Қолаверса, аксариятида турли одамлар қиёфаси акс этган. Нисбатан аниқ портретлар шоирни яқиндан билган П.Заболотский ва Д.Пален мўйқаламига мансуб бўлиши мумкин. Лермонтов картиналарда чиройли нав­қирон йигит қиёфасида тасвирланса-да, замондош­лари уни бошқача: пакана, кенг елкали, боши катта, оқ аралаш қора сочли, эгнига мос тушмаган шинель кийган ҳолда хотирлайдилар.

ҲАРБИЙ

Лермонтовнинг асосий касби ҳарбий, аммо жанговар касби ҳақида кам гапирилади. Афсус! Лермонтовни француз элчисининг ўғли билан дуэлга чиққани учун Кавказга юборишганда, унга партизанлар гуруҳини ишониб топширишган, бу гуруҳ ҳозирги махсус тайёрланган жанговар гуруҳлар бажарадиган вазифани бажарган. Унда моҳир ҳарбийлар жамланган бўлиб, аскарларнинг ҳаммаси ҳам бўйсунишни истамаган. Унинг аввалги йўлбошчиси Дорохов ҳақида турли гап­лар юрарди. Дорохов ўзининг ўрнига фақат Лермонтовни муносиб деб топади ва бу борада адашмайди. Қисқа вақтда шоир сафдошлари орасида ҳурмат қозонади. Ҳарбийча ҳаёт тарзида ибрат кўрсатгандан ташқари, унинг жасоратига ҳатто жангари кавказлик йигитлар ҳам тан беришган.

МАШЪУМ ДУЭЛ АРАФАСИДА

Машъум дуэлдан олдин Лермонтов Пятигорскдаги таътилини чўзиш ёки хизмат жойига қайтиш масаласини ҳал этиши лозим бўлади. У иккиланиб қолади ва танга ташлайди. Тангани олиб кўрганда Пятигорскда қолиши лозимлигини билади. Орада икки кун ўтиб, шоир Мартинов билан жанжаллашиб қолади ва дуэлда ўлдирилади.

Николай Мартинов шоир билан бирга ўқиган ва уни ҳурмат қиларди. Унинг кундалигида шоир ҳақида шундай сўзлар битилган: “У ақлий салоҳиятига кўра ўртоқларидан шунчалик илгарилаб кетгандики, унга тенглашишнинг иложи йўқ эди”. Бироқ Лермонтов дўстига қалтис ҳазил қилар, айниқса, қизлар олдида. Бир куни Мартинов ўзини босолмайди ва уни дуэлга чақиради. У отишни билмас эди, аммо шоирга етказган жароҳати оқибатда ўлимга олиб келди. Гувоҳларнинг айтишича, Мартинов нафас олишдан тўхтаган Лермонтов жасади устида кўзёш тўккан. Аммо кеч бўлган эди.