ИЛМ-ФАН ХАЛҚ ҚАДДИНИ ТИКЛАЙДИ
Азал-азалдан ҳаётнинг барча соҳаларида ўзининг улуғ олимларига эга бўлган юртимиздаги замонавий олий ўқув муассасаларининг тўнғичи, шубҳасиз, Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университетдир.Ўзбекистондагина эмас, Марказий Осиёда ҳам биринчи бўлган бу университет 1918 йил 12 майда дастлаб Халқ дорилфунуни сифатида ташкил этилган. Кейинчалик Туркистон халқ, Туркистон давлат, Ўрта Осиё давлат, Тошкент давлат университети номлари билан ҳам фаолият юритган. 105 йил давомида минг-минглаб ёшларга таълим-тарбия бериб, ҳаёт сари йўллаган университетнинг республикамиз илм-фани ва маданий муҳити ривожланишига қўшган ҳиссаси беқиёсдир.
Қадим-қадимдан турли тамаддунларни туташтирган Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган ўзбек замини улуғ олимлар юрти сифатида шуҳрат қозонган. Шарқ Уйғониши – Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврида дунёга Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Али Қушчи сингари буюк даҳоларни етказиб берган. Уларнинг математика, астрономия, тиббиёт, технология, адабиёт ва санъат, тиббиёт, геометрия каби йўналишлардаги кашфиётлари шу қадар сон-саноқсизки, бугунги кунда бу чашмалардан замонавий илм-фан ҳамон озиқланиб келади. Она заминимизда илм-фан, маданият-маърифат ҳамма вақт бу маконда истиқомат қилган халқларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқини таниб, қаддини тиклашига хизмат қилган. Янги Ўзбекистон шароитида қадимий анъаналар янгича шукуҳда давом этаётгани давлатимиз томонидан илм-фанга, таълим-тарбияга, ўқув даргоҳларининг моддий-техника имкониятларини мустаҳкамлаган ҳолда илмий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда яққол намоён бўлмоқда. Шу тариқа дунё тамаддунига буюк аждодларимиз қўшган ҳисса бардавомлиги Учинчи Ренессанс ғоясини пайдо қилди ва унинг пойдевори, шак-шубҳасиз, ўтмишда бўлгани каби илм даргоҳларида, талабалар интилишларида, олимлар изланиш ва тадқиқотларида намоён бўлмоқда. Бугунни обод, келажакни порлоқ, миллатни яна улуғлашга қаратилган бу ҳаётбахш ғоянинг амалдаги исботини йирик илм даргоҳи – Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет мисолида яққол кўриш мумкин.
Ташкил этилганидаёқ том маънодаги илм-фан ўчоғига айланган университет турли соҳаларга замонавий кадрлар етказиб беришда қизғин илмий фаолият олиб борган. Бу даргоҳда машҳур олимлар назарий билимларини ҳамиша турли ўқув юртларида амалга татбиқ этиб келишган. Университет тизимидаги ва унинг таркибидан ажралиб чиққан илмий-текшириш институтларининг республикамиз илм-фан тараққиётидаги ўрнини эса сўз билан ифодалаш мушкул. Янги Ўзбекистонда кейинги йилларда илм-фан, таълим-тарбия давлат аҳамияти даражасига кўтарилиб, эътибор кучайгани, кутилганидек, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий соҳаларга ижобий таъсир қилиб, бунинг натижасида жамиятда юксалиш юз берди. Шу асно Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ғоясининг амалга ошиши кафолати яратилди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳам кейинги йилларда кенг кўламли ўзгаришлар содир бўлди. Давлат раҳбари томонидан олий таълим соҳасида имзоланган ўнлаб муҳим ҳужжатлар бу жараёнга самарали таъсир кўрсатди. “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар”, “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлар, “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари”, “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонлар шулар жумласидандир. Шубҳасиз, бундай муҳим ҳужжатларга амал қилиш, берилган имкониятлардан тўғри ва оқилона фойдалана олиш ҳар қандай олий ўқув юрти мақомини мустаҳкамлаб, нуфузини оширади.
Ўзбекларнинг тарихи дунёдаги ҳеч бир халқникидан қолишмайдиган даражада бой ва ранг-баранг бўлиб, бизнинг халқимиздан буюк алломалар, саркардалар, давлат арбоблари, файласуфлар, олимлар, санъат ва адабиёт намояндалари етишиб чиққан. Янги Ўзбекистон ёшларига билим беришдан ташқари, уларнинг қалбига адолат ва ҳақиқат туйғусини сингдиришда университетнинг ўрни беқиёс.
Университет олимларининг математика, физика, химия, биология, геология, шарқшунослик, тарих ва археология соҳаларига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам ифтихор билан гапирса арзийди, бу борада ўнлаб буюк номларни келтириш мумкин. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳозирга қадар ўзининг юксак номини оқлаб келяпти.
Университетнинг замон талабларига жавоб бера олиш иқтидорини белгилайдиган омиллар кўп. Улар орасида дунё миқёсида олий ўқув юртлариаро ўтказиладиган рейтингларда иштирок этиш, шу орқали ўзига ўзи назар ташлаш қобилиятини шакллантиришдир. Эътироф масъулият ҳиссини оширишга хизмат қилади. Албатта, кенг билимлилик, тилларни билиш ҳар қандай замонда ҳам илм-фанга қанот бахш этади. Университетда бугунги кунда ана шундай ёшлар таҳсил олишмоқда. Битирувчиларга турли соҳаларда талаб юксаклиги сабаби ҳам шунда.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий университетида 2019 йил 24 май куни олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашиб, илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳақида суҳбатлашганида, бутун мамлакат аҳли халқ қаддини илм-фанга асосланган ислоҳотлар тиклашига, орзу-умидлари ушалишига имкон яратиб беришига ишонч ҳосил қилганди.
Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимиз марказида муҳташам “Адиблар хиёбони” ташкил этилиши ва у ерда ҳазрат Алишер Навоийдан тортиб, замонавий шоир Муҳаммад Юсуфгача бўлган ижодкорларнинг 24та ёдгорлик ҳайкаллари ўрнатилишида эзгу мақсад, катта ғоя мужассам бўлган. Ёдгорлик ҳайкаллари ўрнатилган ҳар бир ижодкорнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб қилиш, “Адиблар хиёбони”да учрашувлар, адабий кечалар, маданий тадбирлар ташкил этишда пойтахтимиздаги олий таълим муассасалари бириктирилганида ҳам юксак мақсадлар кўзланган эди. Ижобий натижаларга гувоҳ бўлиб турибмиз. Талабаларимиз орасидан яхши-яхши ижодкорлар етишиб чиқмоқда. Бадиий ижодга яқинлик Ватанни севиш, уни асраб-авайлаш туйғуларини тарбиялашга хизмат қилади. Ота-онасини, яқинларини ҳурмат қилиш каби азалий қадриятларимизни ёдда сақлашга ўргатади. Бундай ишларнинг аҳамияти шу маънода жуда катта. Қолаверса, ҳар қандай соҳада ижодкорлик катта натижалар беради, юксак ижодий хаёлот чуқур илмий кашфиётларга йўл очади. Бу исботланган ҳақиқат. Айниқса, университетимизда замонавий ўзбек шеъриятининг ёрқин вакили Эркин Воҳидов ижоди ва ҳаётини чуқур ўрганиш орқали бунга амин бўлмоқдамиз.
“Адиблар хиёбони”да ёдгорлик ҳайкаллари ўрнатилган ижодкорлар тўғрисида яратилган “Халқ юраги” туркумидан “Эркин Воҳидов. Тирик сайёралар” деб номланган ҳужжатли фильмни яратишда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги) билан ҳамкорлик олиб борди. “Эркин Воҳидов. Тирик сайёралар” ҳужжатли фильмининг кенг намойишлари ўтказилгани ҳам ёшларимиз таълим-тарбиясига самарали таъсир кўрсатади.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда етакчи олий таълим муассасаси саналади. Ўз фаолиятининг кўп асрлик тарихи давомида университет илмий билимларнинг турли соҳаларида бутун дунёда тан олинган муҳим ютуқларга эришди, юз мингдан ортиқ юқори малакали мутахассис тайёрлади. Юқори илмий салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон Миллий университети таълимнинг деярли барча фундаментал йўналишлари бўйича юртимиз университетлари учун республикадаги таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади. Aйни пайтда университетда 17та факултет мавжуд бўлиб, уларда 79та йўналиш бўйича 30 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Хорижий университетлар билан ҳамкорлик доирасида 16та қўшма таълим дастури амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, Миллий университет Марказий Осиёда ҳам халқаро таълим дастурларини ривожлантиришни мақсад қилган. Халқаро қўшма дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ҳамкор университетлар билан алоқаларни кенгайтириш, янги университетлараро тармоқ дастурларини жорий этишни назарда тутади. Бу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон Миллий университети етарлича нуфузга, илмий-педагогик салоҳиятга эга. Албатта, келгусида дунёдаги энг ривожланган мамлакатларнинг университетлари билан илмий мактаблар, қўшма ўқув дастурлари, айниқса, ўзаро малака ошириш, кафедралараро ижодий алоқалар ва олий таълимнинг бошқа манфаатлари бўйича ҳамкорликни тобора ривожлантириб бораверамиз.