November 24, 2023

ЕЧИМИНИ КУТАЁТГАН МУАММОЛАР  

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўғирчоқ театрларига алоҳида эътибор қаратаётгани натижасида Андижон, Жиззах, Фарғона, Навоий ва бошқа вилоят қўғирчоқ театрлари янги қурилган, замонавий моддий-техник база билан таъминланган театр биноларга кўчиб ўтди. Қарши вилоят театри яқин кунларда янги бинога кўчиш арафасида. Келажакда бош­қа театрлар ҳам янги биноларига эга бўлишади. Бугунги кунда республикамизда ўн битта профессионал давлат қўғирчоқ театри ёш томошабинларга хизмат қилмоқда.

Мазкур театрларнинг келажаги, шубҳасиз, соҳада фаолият юритаётган кадрларнинг салоҳиятига бевосита боғлиқ. Бинобарин, бунда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг “Қўғирчоқ театр санъати” бўлими фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда мазкур даргоҳда таълим олаётган қўғирчоқ театри режиссёрлари, актёрлари, қўғирчоқ механикаси ва конструкцияси мутахассислари, уста-технологлар соҳа бўйича ўз касбини профессионал даражада эгаллаши учун етарли билим беришга қодир профессор-ўқитувчи кадрлар мавжуд. Улар орасида доцентлар Фатхулла Хўжаев, Шомурод Юсупов, Карима Жабборова, Аъзамжон Абдухалилов, Винера Юсупова, Лола Усмонова каби устозлар бор. Бу йўналиш келажакда қўғирчоқ театрида профессионал мутахассислар сафини кенгайтиради, албатта.

Шубҳасиз, маънавий меросимиз, қадриятларимиз, анъаналаримизни давом эттириш билан бирга, репертуарларини янги давр талаблари асосида бойитиб бориш ва ривожлантириш, бу соҳадаги илғор усулларни замонавий миллий руҳ билан уйғунлаштирган ҳолда, театр санъатига татбиқ этиш қўғирчоқ театрлари олдида турган муҳим вазифалардандир. Айни пайтда, талаб даражасидаги спектакллар яратилиши учун театрларда, аввало драматург, режиссёр, актёр, бастакор, рассом-сценограф, ҳайкалтарош, қўғирчоқ устаси, механизатор, бутафор, декорация ва чироқ усталари каби мутаҳассислар жам бўлиши зарур. Шунинг­дек, саҳналаштириш жараёнида жамоанинг талаб даражасида моддий, молиявий ва техник жиҳатдан таъминланиши ҳам театрнинг ижодий имкониятини белгилайди.

Бугунги кунда замонавий қўғирчоқ театри тақдирини, ижод йўлини белгилаб берадиган маънавий йўлбошчи ҳамда ташкилотчи театр режиссёридир. Бинобарин, режиссёр яхлит саҳна асарини яратибгина қолмай, санъат турларининг турли йўналиш­лари билимдони бўлиши талаб этилади. Шу билан бирга, у жамоанинг бадиий-ғоявий фаолиятига жавобгар шахсдир.

Қўғирчоқ театрининг ижодий механизмини режиссёр билан биргаликда театр рассоми ҳам бошқаради. Чунки қўғирчоқ театрида ишлатиладиган қиёфалар дўконлар пештахтасида турадиган қўғирчоқ эмас, балки рассом ҳамда қўғирчоқ устаси томонидан яратилган профессионал қўғирчоқ персонаждир. Демак қўғирчоқ театр саҳнасида рассом-сценограф ва қўғирчоқ устаси томонидан яратилган ҳақиқий тасвирий санъат асари – театр қўғирчоғи бўлмас экан, томоша тўғрисида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Рассом-сценограф томонидан ишланган декорация парда очилганда томошабинни спектакль кўришга тайёрлаб, уни асар муҳитига, замон, макон ва вақт бирлигига олиб киради. Яъни сценографларнинг ижоди асар ғоясини очиб беришга хизмат қилиши керак. Сценограф ўз ишининг устаси бўлиши учун тасвирий санъат турлари: графика, мўйқалам, ҳайкалтарошлик, муҳандис-конструктор, технолог, макет ва чироқнинг саҳнада ишлаш механизмини ҳамда қўғирчоқ театрига доир назарий-­амалий билимларни ўзлаштириши даркор. Зеро, рассом-сценограф барча касблар ичида энг мураккаби ҳисобланади.

Шу билан бирга, мусиқа, шовқинлар, чироқ нурлари ва театр саҳнасида қўлланадиган қўшимча воситалар режиссёр ва драматургнинг ғоявий ечимини белгилаб беради. Спектакллар театр имкониятидан эмас, балки бугунги кун талабидан келиб чиқиб, профессионал даражада яратилиши керак. Замонавий спектакль яратишда драматург, режиссёр, актёр, рассом-сценограф, ҳайкалтарош, қўғирчоқ устаси, механик бастакор, чироқ ва саҳна усталаридан катта масъулият, маҳорат талаб қилинади.

Таниқли театршунос К.С.Станиславс­кий: “Болалар учун саҳналаштирилган спектакллар катталарникидан яхши бўлиши керак”, деб таъкидлаган. Соҳа вакиллари бу фикрга амал қилган ҳолда, театрнинг ижодий иш механизми профессионал жиҳатдан юксак бўлишини таъминлашлари лозим.

Ҳозиги кунда Маданият вазирлиги томонидан ҳар бир театрга спектаклни саҳналаштириш жараёни талаб этилган барча харажатларга маблағ ажратилаяпти. Бу маб­лағ ҳисобига янги спектакллар саҳна юзини кўраяпти, бу асарлар кўрик-танловларга қўйилиб, нуфузли ўринларни эгаллаяпти. Хуллас, анъана бўйича барча театрларнинг спектаклларига ўз лойиҳаси бўйича маблағ ажратилган. Лекин давлат буюртмаси бўйича чиқарилган қарорда айнан маълум бир театрнинг бош режиссёри ёки саҳналаштирувчи режиссёрлари бу маблағга қўл урмасин дейилганми? Чунки республика театрларининг тўқсон фоизида таклиф қилинган режиссёрлар бу ишни бажаришади. Савол туғилиши мумкин: театрларнинг бош режиссёрлари нима иш билан шуғулланади? Улар ҳам ижодий имкониятини катта майдонда синаб кўришсин. Ўшанда режиссёрга нисбатан ижодий коллективнинг ишончи ва ҳурмати ошади. Катта тажрибага эга режиссёрлар спектакл­ларнинг бадиий раҳбарлигига таклиф қилинсин. Театр режиссёрлари, актёрлар ва ижодий ходимлари марказга бориб, малака ошириб келишаяпти. Бунинг натижасини эса, шубҳасиз, мана шундай ижодий ишлар тақдимотида кўриш мумкин.

Республикамиздаги давлат қўғирчоқ театрлари хориж сафарларига бориб, анжуманларга қатнашиб, ижодий шартномалар тузиб келишаяпти. Масалан, Фарғона вилоят қўғирчоқ театрининг ижодий жамоаси Тожикистон, Қозоғистон ва Россиянинг Санкт-Петербург шаҳар­ларида бўлиб ўтган халқаро фестивалларда режиссёр Сергей Седухин саҳналаштирган “Мусиқали чойхона” спектакли билан қатнашди. Ижодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун бугунги кунда театр Қозоғистон халқ артисти, профессор Бекпулат Фармоновни спектаклни саҳналаштиришга таклиф қилди. Б.Фармонов саҳналаштирувчи рассом профессор Шуҳрат Абдумаликов, бастакор Алишер Ғофуров ҳамкорлигида Н.Носированинг “Аёллар” номли пьесасини саҳ­налаштирди. Фарғона шаҳрига таклиф қилинган Тожикистон қўғирчоқ театри ўз спектакллари билан томошабинларни хушнуд қилди. Бу ишларга бош-қош бўлган театр директори, қўғирчоқ йўналиши мутахассиси Таваккал Султоновнинг фикрича, “Биз соҳа бўйинча яна кўп нарсаларни ўрганишимиз керак экан”. Демак, ижодий труппа аъзоларини кўпроқ чет элларга малака оширишга юбориш керак. Республика Миллий қўғирчоқ театри ва вилоят қўғирчоқ театрлари ҳатто катта ёшдаги томошабинларни ҳам эсдан чиқаргани йўқ. Жумладан, Самарқанд қўғирчоқ театри директори Ферузбек Абдураимов: “Ҳамма камчиликларимизни ички имкониятларимизни ишга солиб тузатамиз. Саҳна чироқларини, томошабинлар стулларини ҳам эпақага келтирдик”, деди. Ферузбек Туркия, Қозоғистон, Тожикистон давлатлатлари билан беш йиллик шартнома тузилганини айтди. Қорақалпоғистон вилоят қўғирчоқ театри Туркия ҳамда Грузия давлатларининг қўғирчоқ театрлари билан гастроль бўйича шартнома тузган. Лекин бугун театрда соҳа вакили бўлган режиссёрлар ишламаяпти. Давлат шартномаси асосидаги спектаклни таклиф қилинган режиссёр саҳналаштириб кетади. Қачонгача таклиф қилинган режиссёрлар асосий режиссёрнинг ишини бажаради. “Театр саҳнасида профессионал чироқлар йўқ, актёрларга хоналар етишмайди, ҳатто декорацияларни қўядиган жой йўқ”, дейди театр директори Усманатдин Манбеталиев. Қашқадарё вилоят қўғирчоқ театри янги бинога кўчиб ўтиш арафасида.

Театрларни ўрганиш жараёнида соҳа мутахассислари билан суҳбатлашиб, шундай фикрга келдим: драматургияга алоҳида эътибор бериш, пьеса танлаш, уни шу соҳа мутахассислари таҳлили ва тасдиғидан ўтказгандан кейингина саҳналаштириш керак. Чунки ҳозир кимнинг қўлида қалами бор бўлса, пьеса ёзаяпти. Ваҳоланки, театрларда фақат ва фақат шу соҳа мутахасислари ишлаши шарт, айниқса, режиссёрлар. Яна бир таклиф шуки, театр спектаклларини шу соҳа вакилларидан таркиб топган комиссия аъзолари қабул қилса яхши бўларди. Шунингдек, театрларда ишлаётган ижодкор мутахассисларни чет эл театрларига малака оширишга юбориш зарурати бор. Мутахасис кадрларнинг театр­ларда яхши ишлаб кетишлари учун уларга шарт-шароит яратилиши керак. Кўпгина театрларда профессионал техник ходимлар етишмайди. Бу ҳолат ижод жараёнига жиддий таъсир қилади, албатта. Энг муҳими, театрнинг ижодий труппа мутахассиларлари касбга тааллуқли машғулотлар билан ҳар куни шуғулланиши керак (қўғирчоқни бошқариш, рақс, пластика, саҳна нутқи, вокал ва ҳоказо.) Зеро, театрларнинг бугуни ва эртанги тақдири ушбу муаммоларнинг ечимига боғлиқ.

Марям АШУРОВА,

Ўзбекистон санъат ва маданият институти

Қўғирчоқ санъати кафедраси профессори