* * *
Яшагим келяпти...
Шабнам томчисидек тоза туйғуда.
Яшагим келяпти...
Куннинг севинчида,
Тун ўтинчида.
Яшагим келяпти қароғинг ичра,
Гуллар чаман бўлган ҳур боғинг ичра,
Мажнун жунунида,
Ишқ афсунида,
Йиллар орзусида,
Азоб кўксида...
Мендан йироқлаган
Ҳур сасларингда....
Яшагим келяпти...
Нафасларингда...
* * *
Вақт айирмас бизларни.
Вақт айирар ким кимдир.
Сени вақтнинг ҳукмидан
Дилга олиб ўтгумдур.
Тонгда шабнам тўкилган
Хазонлар-ла уйғондим.
Сени йиллар бағридан
Нафас-нафас қизғондим.
Жон қушимга жон бергил
Кафтингдаги юракдан.
Менга икки дунёда
Ёлғиз сенсан, кераксан!
Йиллар, ойлар кечгайми
Қадаримдан, қадримдан.
Япроқлар сарғайгайми
Юзимдаги зардимдан.
Бу дунёда фироқ йўқ,
Муҳаббатдир қафасим!
Сендан ўзга дунём йўқ,
Сенсан менинг нафасим!
* * *
Мен ҳаётни енгиб яшадим,
Бўронларга қарши югуриб.
Имдод тилаб чўзмадим қўлим,
Йиқилсамда ўрнимдан туриб.
Мен ҳаётни енгиб яшадим,
Сени кўрар лаҳзани кутиб.
Кўзларингни кўрмоққа келдим
Шунча йиллар йўл босиб ўтиб...
* * *
Қорлар ёғиб ўтди изларга...
Тунга чақнаб чиқди юлдузлар.
Булутларнинг ортида ухлар
Сени кўрган бахтли кундузлар.
Поезд елар, фироқлар солар,
Тун бағрини борар поралаб.
Темир издан чиқмас ташқари,
Манзилини борар қоралаб...
Қорлар ёғар. Нур тўла перрон.
Оғушида видо қолажак.
Ўтмиш деган поезд мен билан
Бошқа изга тушган келажак...
* * *
Ҳижронинг ичинда туғилдим.
Мен қайта туғилдим азоб ичинда.
Сенга шараф бўлсин,
Туғилган куним!
ЎҒЛИМГА
Натюрморт – бу ўлик табиат.
Сенинг мўйқаламингда
Тирик, яшаётир
Изтироб, армон.
Улар ўлмайдилар
Мангу,
Ҳеч қачон...
Сенинг мўйқаламингда
Ўлик бўлсин
Риё ва ҳасад.
Тирик қолсин жумлаи жаҳон.
Кўзларимни чизгин, болажон,
Сўник юлдузларнинг рақси бор унда!
Ўлик уммонларнинг туби у – қора.
Натюрморт – бу ўлик табиат.
Сенинг мўйқаламингда
Титраб турар орзули ҳаёт!
Бўёқларга жон бериб, дилни
Яшатмасанг – мўйқаламни от!
Унгача бу мен кўрган ҳаёт,
Ҳаёт, ҳайҳот–
Натюрморт...
ҚЎШИҚЧИ ҚИЗ ҲАҚИДА БАЛЛАДА
(Америкалик жаз қўшиқчиси
Жина Чавез концертидан илҳомланиб)
Ўша кеч йиғлади саксофон,
Гитара ноласи кўп маҳзун.
Чироқлар ўчади ва зумда
Саҳнани босади қуюқ тун.
Олқишлар остида куйладим,
Зал томон таралар куйларим!
Билмаслар, нигоҳинг қидириб
Дилпора – мен сени куйладим.
Англадинг ёки йўқ қалбимни,
Қўшиғим зарҳалдан кийди тўн.
Авжига етганда ҳар ҳолда
Дош бермас дардимга микрофон.
Сен учун куйлаган қўшиғим
Қалбларни айлади хўп асир.
Лек етиб бормади сен томон
Бир бахтсиз аёлнинг ноласи.
Мусиқа янграйди соатлаб,
Ёш-яланг ўйнайди хуш-хандон.
Англамас, бўлиниб боряпти
Қўшиғим бағрида юрак қон.
Ранго-ранг садолар остида
Тўлқинга айланиб сузар сўз.
Ишқ чўғин кафтда тут, севгилим,
Мен – ишқни куйлаган бир қақнус!
Зал тўла қийқириқ. Кетасан
Томоша залидан юлқиниб.
Мен айта олмайман: “Тўхта!” деб,
Қоларман дардимга юкиниб.
Гитара, йиғлама, гитара!
Қалб торинг кетдими зириллаб!
Таъкидлаб ўтирма, ноғора,
Биз уни бормасмиз ҳеч излаб!
Ошиқ бўлган бутун Фарғона
Қўшиғим куйлайди эртага,
Сен бўлсанг яшайсан бепарво
Аламли қўшиқлар юртида.
Бағримдан узилма, севгилим!
Айрилма қўшиғим бағридан!
Сен қайтсанг – шу милён олқишнинг
Мен кечиб кетаман баҳридан!
Ўша кеч йиғлади саксофон,
Ёмғирлар йиғлади мастона.
Ўртаниб титради каҳкашон,
Кўзимга тор энди Фарғона!
Ўша кеч йиғлади саксофон...
* * *
Сенсиз етиб олдим кузга,
Хавотирланма.
Ўшанда бир чақмоқ урганди бизни.
Ўшанда баҳорга етолмадик биз.
Саратон қуёши урдими, дема.
Ишқинг оташидан ортиқроқ не бор?
Бутун ёзлар бўйи уфурди оҳим,
Жизғанак кўнглимда бир ботмон озор.
Кузга етиб олдим, хавотирланма.
Сенсиз келдим, қара, бир умр қўрқмай.
Сен-чи, сен қай йўлда адашиб кетдинг?
Ортингда баҳор йўқ, ёнингда йўқ ёз.
* * *
Кўндимми,
Кўникдимми?
Сўндимми,
Сўникдимми?
Ундимми,
Униқдимми?
Ё шунга кўникдимми?..
Гулбаҳор САИД ҒАНИ