December 1, 2023

ТУШЛАРИМГА КИРАР АБДУЛЛА АКАМ  

Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган ардоқли шоир, Давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг 79 ёшли синг­лиси Зулфия ая Орипова билан суҳбатимиз шоирнинг болалик даври, онаси ҳақида.

– Зулфия ая, Сиз шоирнинг синглиси, у билан бир оилада ўсиб улғайган инсонсиз. Яна бир ҳақиқат шуки, буюк шоирларнинг камолотида оналарининг хизматлари каттадир. Шу ўринда волидангиз билан боғлиқ хотираларни ёдга олсак...

– Биз кўп фарзандли оилада улғайдик. Болалигимизда бугунгидек шароитлар бўлмаган. Битта керосинли чироғимиз бўларди, онам уни дарс қилганимизда ёруғлик тушиб турсин деб уйнинг ўртасига илиб қўярди. Яна хонтахта ўрнида сандалимиз бор эди, биз шу сандал атрофида жам бўлиб, дарс қилардик. Онам эса, чироқ ёруғида тикиш тикарди. Абдулла акам математика фанини адабиёт фанидай яхши биларди, дарс қилишимизга ёрдамлашарди. Шу пайт расм чизиб ўтирсам, онам танбеҳ берарди: “Ўқи, ўқишдан фойда. Расм билан вақтингни ўтказма”, дерди. Тикиш қил, ямоқ яма, демасди.

Уйимиздаги уч қаторли китоб жавонини яхши эслайман. Жавон турли китоблар билан тўла эди. Мен у ердан “Гулливернинг саргузаштлари”ни олиб ўқирдим, акаларим адабиёт, тарихга оид китоб­ларни мутолаа қилишарди. Китоб ўқишда гап кўплигини ўшанда анг­лаганман. Акаларимизнинг бири Самарқандда, яна бири Бухорода, бошқаси Тошкентда ўқиди. Абдулла акам ҳам пойтахтда ўқиди. Иқтидорли эди. Кўп шеър ёд биларди ва шеърлар айтиб юрарди. Акамнинг менга меҳри бўлакча эди. Қаерга борса, ўзи билан олиб борарди. Онамнинг ёлғиз акаси бўлган, шунинг учун бўлса керак, ўғилларига алоҳида меҳр кўрсатарди. Улар бирон ерга кетса, бош кийимларини сандиққа авайлаб солиб қўярди. “Оёқ остида турмасин, келганида кияди”, дерди. Акаларимнинг табиати ҳар хил эди. Бири гўштни, биттаси ширгурунч­ни, бошқаси қовурилган тухумни яхши кўрарди. Онам уларнинг инжиқликларини кўтарарди. Бошқа таом егиси келган фарзанди учун иккинчи ўчоқни ёқиб, овқат пиширган пайтлари ҳам кўп бўларди. Ҳеч қачон урушмаган, қарғамаган. Буларнинг бари фарзандларини яхши кўрганидан.

– Онангиздан қайси фазилатлар ўзингизга кўчган, деб ўйлайсиз?

– Меҳмондўстлиги ва меҳрибонлиги... Болаларимга нимадир бўлса, ҳаловатимни йўқотаман. Акаларимга бир нима бўлса, жо­йим­да ўтиролмайман. Ҳозир акаларимнинг болалари бор. Мен уларга, улар менга интилади. “Момомиз, онамиз, отамиз ўтиб кетишди. Отамнинг қони бор сизда. Келинг, биз билан яшанг, амма”, дейишади. Биздаги жигарчилик, меҳр-оқибат фазилатлари онамдан ўтган бўлса керак, деб ўйлайман.

– Волидангизнинг ўгитларини эслай оласизми?

– Онам ўзганинг ҳақига хиёнат қилмасликни бизга кўп уқтирган...

– Юрагингизга чуқур ўрнашиб қолган воқеаларни гапириб берсангиз.

– Онам 54 ёшида бу ёруғ олам билан видолашди. Вафотидан олдин бетоб бўлиб, ётиб қолди. Мен ҳам бордим. Шунда бир гап айтди: “Мени эслаганда, пулсиз бозорим дегин мени, сувсиз гулзорим дегин мени...”, деди. Ўшанда тушунмагандим унинг гапларига. Пулсиз бозорим дегани – онам менинг камимни пулсиз тўлдиргани, нимагаки эҳтиёжим бўлса, уни пулсиз бажарганига ишора экан. Сувсиз гулзорим дегани – онамнинг ўгити билан сувдан қуруқликда юрган каби беташвиш ўта оламан. Онамнинг шу гаплари бир умр хотирамда муҳрланиб қолди. Онамнинг бирон марта “ўл” деган сўзини эшитмаганман. Ака-укалар гап талашиб қолиб, уришсак ҳам муаммоларимизни оқиллик билан ҳал этарди. Урмасди, беҳуда жаҳл қилмасди. Фарзанд­ларини аярди мудом.

Бир куни отам билан онам сингилларимга қор куратди. Шунда қизлар аччиқланиб: “Бу бизнинг ишимиз эмас-ку, ўғилларингизга куратсангиз бўлмайдими?”, дея эътироз билдиришган. Онам ўғиллар тўрт ёқда ўқиётганини, кун келиб олим бўлишини айтиб, сингилларимга чалғимасликни тайинлаган экан. Акаларим эса, фақат таътил пайтида келишарди, улар келганда бутун қишлоқ уйимизга йиғиларди. Абдулла акам бир ўзи келмасди, кўпинча ўзи билан ёзувчи Шукур Холмирзаев, хоразмлик журналист Солижон Қодиров ва яна санъаткор дўстлари билан келарди. Меҳмонлар ҳафталаб қолиб кетарди. Отам-онам қарши бўлмаган, аксинча, меҳмонни яхши кўришарди. Меҳмон деса жонини берарди.

Ота-онам жуда меҳрибон, фақир-фуқароларни аяйдиган одам эдилар.

Бизнинг болалигимиз урушдан кейинги пайтларга тўғри келган. Кун кечириш оғир эди. Абдулла акам айтиб берган гаплар қулоғингизга чалинган бўлса керак. Отам раис бўлган. Уруш йиллари. Нонга, буғдойга назорат қаттиқ бўлган. Ҳатто буғдой ўриб-йиққанларга ҳам бир ҳовуч буғдой берилмаган. Даладан ўриб йиғилган ғалла хирмонида ишлаган одамлар калишларига кириб қолган буғдойнигина уйига олиб кетишган. Отам уларга: “Эртага каттароқ калиш ки­йиб келинглар”, дер экан. Каттароқ калишнинг ичига кўпроқ буғдой кириб қолади, уйига олиб бориб, болаларига нон ёпиб беради, деган-да.

Бир куни кимлардир етти яшар болани кўчага ташлаб кетибди. Ота-онам шу болага меҳр берди. Боқди, катта қилди. Ўқитди, уйлантирди. Улар болалар уйидан қочган яна бир болани ҳам боқиб олишди. Онам шуларни оқ ювиб, оқ таради. Бировнинг боласи, демади. Ҳовлимиз тўла одам бўларди, шунча кишига тандир-тандир ноп ёпарди онам. Жуда заҳматкаш, иродали аёл эди.

Онамнинг вафоти Абдулла акамнинг юрагида жуда чуқур из қолдирди. Онамга бағишлаб “Онажон” деган шеър ёзиб, бутун дунёни йиғлатди.

Неча кунки йўқ оромим

Келолмайман ҳушимга.

Онажоним кечалари

Кириб чиқар тушимга.

Қўлларида оқ елпуғич

Ой нурида ялтирар.

Онажоним имлаб мени

Қошларига чақирар.

Келтирарлар гоҳо бешик

Кўзларида ҳаяжон.

Ётар пайтинг бўлди-ку дер,

Кела қол, дер, болажон.

Қайларгадир югураман,

Фиғонимдан чиқар дуд.

Йиғлама, деб қўлларимга

Тутқазарлар сўнг тобут.

Тонгда руҳсиз кўз очаман,

Қовурилар танда жон.

Онажоним, бундай қилма,

Бундай қилма, онажон...

Ўша шеър ёзилгандан буён бутун Ўзбекистон халқи уни қўлдан қўймай ўқиб юради. Мана энди акам ҳам чин дунёга, онажонимнинг ёнига кетди. Илоё, охиратлари обод бўлсин!

Отам тўқсондан ошиб вафот этди. Умрида дори ичмаган, оғир бўлиб ётиб қолмаган. Умрида санаторийга бормаган. Касал бўлмай, олма арчиб ўтирган жойида омонатини топширди.

– Акангизни эслаганда, кўнг­лингиздан қандай кечинмалар ўтади?

– Акамни кўп эслайман. Баъзан тушларимга киради. Китобларини ўқиб ўтирсам, қўлини елкамга қўйгандек туюлаверади. Кўзларимга беихтиёр ёш қуюлиб келади. Болалигим, ундан кейинги ҳаёт бир-бир кўз олдимдан ўтаверади. Ўша қайтиб келмас лаҳзалар, йиллар алами юрагимни ўртайверади.

Қайсидир куни Абдулла акам яна тушимга кирибди. Гап йўқ, сўз йўқ, шундоқ қараб турибди. Бошида узун қалпоқ, нигоҳлари хотиржам. Ис қилдим, Қуръон тиловат қилдим. Уни тушимда кўрганим ҳам қалбимга бироз таскин беради. Ўлим ҳақ, қўлимиздан нимаям келарди? Умр оқар сув каби ўтаяпти. Чунки ўзим ҳам қаридим. Менга яқинларимдан хотира қолди, холос. Акамнинг шеърлари қалбимга ҳаловат бағишлайди...

Мадинабону МУҲАММАДРИЗОЕВА суҳбатлашди.