October 20, 2023

БОБОЛАРНИНГ ОЛТИН СЎЗИ  

Шу кунларда Ўзбекистонимиз, турли сабаблар билан ­дунёга сочилиб кетган миллатдошларимиз, қолаверса, жаҳон аҳли Ўзбек тили байрамини кенг нишонлаш учун қизғин тараддуд кўрмоқда. Юртимиздаги истироҳат боғлари, турли муассасалар, маҳаллалар, ўқув юртларида шоир, ёзувчилар, санъаткорлар, маданият арбоблари иштирокида сайллар – байрам тадбирлари, мушоиралар, адабий-бадиий учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Кейинги йилларда Ўзбек тили байрамини маънавият ва маърифат байрами сифатида мамлакатимизда, ҳатто чет ўлкаларда кенг нишонлаш анъана тусини олди. Зеро, жаҳондаги энг қадимий, энг бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили давлатчилигимиз тимсоли. У миллат руҳи, бебаҳо маънавий бойлик, халқимизнинг илмий-маданий савияси, урф-одат ва қадриятлари, турмуш тарзи, тарихи, бугуни ва айни пайтда келажаги акс этган кўзгудир.

Сир эмас, узоқ ва яқин ўтмишда азиз тупроғимизга, тинч-осуда ҳаётимизга кўз олайтирган турли ёвуз кучлар жафокаш аждодларимизни аввало тарих ва маданиятдан, миллий тилдан, дину диёнатдан мосуво этишга жон-жаҳд билан тиришганлар, эл-юрт бошига азоб-уқубатлар солганлар. Аммо жасур ва матонатли аждодларимиз зулм ва зўравонликларга қарамай, она тилини, миллий ғурурни сақлаб қолганлар. Ўта оғир вазият ва шароитларда ўзбек тили миллатни бирлаштиришга хизмат қилди. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўзбек тили давлат тили сифатида сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий-маърифий ҳаётда фаол қўллана бошлади. Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда ўзбек тилида сўзлашувчилар сони жаҳонда эллик миллион кишига яқинлашган. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат беради. Бугунги кунда халқаро майдонда Ватанимизнинг обрў-эътибори тобора юксалиб боришида, аввало, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Чўлпон, Абдулла Қодирий яратган ўлмас асарлар ўзбек тили учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекис­тонни дунёга тараннум этишда она тилимиз асосий восита бўлаётир. Ҳозирда дунёда олтмишга яқин университетлар ва юздан зиёд мактабларда ўзбек тили ва адабиёти ўрганилмоқда ва илмий изла­ниш­лар олиб бораётган чет эллик олим ва тадқиқотчилар сони йил сайин кўпаймоқда. Давлатимиз раҳбари айтганидек, “Она Ватанга муҳаббат ва садоқат – она тилига муҳаббат ва садоқатдан бошланади”. Узоқ тарихда ҳам ота-боболаримиз айнан она тилимизда жаҳонга ўзларининг доно ва жасур сўзларини айтиб келганлар. Она тилимизда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар. Улуғ устоз Миртемир она тилини “Боболарнинг олтин сўзи” дея таърифлар экан, боболаримиз ўзбек тилини асраб-авайлаганини, ҳар бир ўзбекча сўз олтиндан қиммат эканини таъкидлайди.

Тил энг тирик, энг ҳаракатдаги ҳодиса, дейилади. Дар­ҳақиқат, унинг ҳаракатига, барҳаётлигига шу тилда сўзловчи ҳар бир инсон ҳисса қўшади. Сўзловчиси улуш қўшолмайдиган тил ўлимга маҳкум. Манбаларда келтирилишича, ҳозирда жаҳонда етти мингдан зиёд тил мавжуд, уларнинг фақат икки юзтаси давлат тили мақомини олган.

1989 йилнинг 21 октябрь куни “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши ва бу Асосий қонунимиз – Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилгани она тилимизнинг нуфузини, мавқеини янада юксалтирди. 2020 йил 10 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” қонунига асосан 21 октябрь – юртимизда ҳар йили Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонланадиган бўлди. Шу пайтдан бошлаб тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш масаласи янги босқичга кўтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини ривож­лантириш ва тил сиёсатини тако­миллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривож­лантириш департаменти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси то­мо­нидан “Тилимиз тараққиёти йўлида бирлашсак улкан қуд­ратмиз” шиори остида биринчи республика семинари бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиздаги вазирлик, ҳокимлик, ташкилот ва идоралар раҳбарларининг давлат тилида иш юритиш бўйича маслаҳатчилари, олимлар, адиблар, тегиш­ли соҳаларнинг мутахассислари иштирок этди.

Тадбир Адиблар хиёбонида Алишер Навоий бобомиз ҳайкали пойига гул қўйиш, мутафаккир шоирга эҳтиром кўрсатиш билан бошланди. Ушбу йирик анжуман Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилиши алоҳида рамзий маънога эга. Чунки тил – сўз, сўз – адабиёт демак. “Адабиёт эса халқнинг юрагидир”.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари, таниқли шоир Нодир Жонузоқ давлат тилида иш юритиш масалалари бўйича маслаҳатчилар ўз фаолияти давомида дуч келаётган муҳим масалалар ва уларга ечим топиш, бу борада маслаҳатчилар ва тилимиз тақдирига бефарқ бўлмаган барча жонкуяр юртдошларимиз олдида турган долзарб вазифалар, барчани қизиқтирган, ўйлантирган масалалар хусусида сўз юритди. Семинар давомида ўз иш фаолияти тўғрисида сўзлаган, тажрибалари билан ўртоқлашган маслаҳатчиларнинг фикрларидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бугун улар дуч келаётган асосий муаммолар қуйидагилардан иборат: ташқи ёзувлар, рекламалар, жой номлари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш, ўзбек тилининг имло қоидалари... Яна айрим ҳудудларда ишлаётган маслаҳатчилар бир қадар марказдан узилиб қолган, уларнинг ишида тарқоқлик сезилади... Бу каби ўткир саволларга жавоб топишда давлат тили талаблари доирасида қандай йўл тутиш керак?

Семинарнинг мақсади маслаҳатчи-мутахассисларни бир манзилга жамлаш, бу борада илғор тажрибаларни оммалаштириш, бу каби тадбирларни кенгайтириш ва шу орқали мутахассис ва маслаҳатчиларни мунтазам қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.

– Бундай тадбирлар барчамизни бир мақсад атрофида бирлаштиради, бир-биримизни яқиндан танишимиз ва қўллаб-қувватлашимизга хизмат қилади, – деди Нодир Жонузоқ. – Кейинги пайтда мазкур йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилаётгани маълум. Аммо замон суръати олдимизга янги-янги вазифаларни қўйиши табиий. Шундай шароитда ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни жаҳон тиллари сафига киришини истасак, ҳар биримиз ишимизни янги сифат босқичига олиб чиқишимиз, ўз масъулиятимизни оширишимиз керак. Нима ишларни қилолдик, нима ишларни қилишимиз зарур, бизга қандай ёрдам керак?.. Шу каби саволларга аниқ жавоб топишимиз лозим. Давлатимиз раҳбари мазкур соҳада иш юритиш бўйича тизимни йўлга қўйди, имкон ва шарт-шароитлар яратиб берди. Биз энди бунинг қадрига етиб, фидокорона ишлашимиз зарур. Агар давлатимиз раҳбари яратиб берган шу имкониятдан тўла фойдаланмасак, тилимиз бизни кечирмайди.

Шуни айтиш керакки, семинарда муҳокама қилинган муҳим мавзу – ижтимоий объектларга ном бериш – бу шунчаки шахсий ёки хусусий иш эмас. Бу – ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик ва маънавий савиясини намоён этадиган ўзига хос мезон. Дарҳақиқат, тил билан боғлиқ энг кўп муҳокама қилинаётган, ҳақли эътирозларга сабаб бўлаётган масала – бу жой номларини белгилаш масаласидир. Афсуски, жамоат жойларида, кўчаларда, бинолар пештоқида топонимик белгилар, турли лавҳа ва рекламалар аксарият ҳолларда хорижий тилларда, маънавиятимизга ёт мазмун ва шаклларда ёзилади. Бу, шубҳасиз, давлат тили талабларига, миллий маданият ва қадриятларимизга беписанд­ликдан, умумий саводхонлик даражаси тушиб кетаётганидан далолат беради.

Маълумки, бугунги глобаллашув шароитида тилимизнинг софлигини сақлаш, турли соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилини яратиш, уларнинг бир хил қўлланишини таъминлаш ғоят долзарб вазифа саналади.

Очиғини айтганда, яқин-яқингача айрим вазирликларда давлат тилида иш юритилмас эди. Кейинги икки-уч йилда турли идораларда ҳужжатлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида иш юритиладиган бўлди. Жойларда, ҳудудларда кимнингдир иши суст, кимнингдир иши нисбатан яхши. Вазирликлар, идоралар бир хил, лекин натижа икки хил бўлиши мумкин. Шуни ҳам унутмаслик керакки, ҳокимликлар ва идоралар раҳбарларининг иши бир-биридан фарқ қилади. Қайси раҳбар ўз атрофида яхши ходимларни тўплаган, энг муҳим вазифаларни сидқидилдан бажараётган бўлса, ўша жойда иш яхши натижа, самара беради.

Тадбирда ҳар бир соҳанинг алоҳида луғатини тузиш, туркий сўзлар депозитарийсини яратиш каби таклифлар ўртага ташланди. Зеро, тил ва тафаккур алоҳида тушунча эмас. Айни пайтда дунёда илм-фан ва технологиялар шиддат билан ривож­ланиб, мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгаймоқда. Натижада, ҳаётимизга четдан кўплаб янги тушунча, сўз ва иборалар кириб келмоқда. Янги соҳаларни, янги тилларни ўрганиш бошқа тафаккурни ҳам ўрганиш демакдир. Доно халқимиз бежиз “Тил билган – эл билади”, демайди.

Ўрни келганда айтиб ўтиш лозим, фақат ташқи ёзувларни, имлони ўзгартириб мақсадга эришиб бўлмайди. Тил тарихни, бугун ва келажакни рўёбга чиқариш воситасига айланиши керак. Негаки, тилда анъаналар, урф-одатлар давом этади.

Айни пайтда ёш авлод турли маълумотларни асосан Интернет ва ижтимоий тармоқлардан олаётир. Бинобарин, виртуал оламда она тилимизни жозибали ва қизиқарли тарзда тақдим этиш, бунинг учун ўзбек тилининг компьютер дастурларини, онлайн дарсликлар, электрон луғатларни яратиш даври аллақачон келган.

Семинар ўтган кунларда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” танлови якунланди. Ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Танлов икки йўналишда ташкил этилди. “Давлат тили устуворлиги таъминланган энг намунали ҳудуд” деб белгиланган биринчи йўналишда Бухоро вилоятининг Шофиркон тумани, иккинчи – “Давлат тилида иш юритиш йўлга қў­йил­ган энг яхши тизим” йўналишида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, танловда фаол иштирок этган ҳокимлик­лар ҳамда республика идоралари вакиллари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармасининг махсус совғалари билан рағбатлантирилди. Бундан ташқари, Давлат тилини ривожлантириш департаментининг телеграм ижтимоий тармоғидаги канали орқали ўтказилган “Она тилим – ғурурим, фахрим” танловига ҳам якун ясалди. Мамлакатимиздаги жой номлари ҳақида кенг маълумот берувчи “Она тилим – мангу маконим”, “Ўзбекистон жой номлари” китобларини тайёрлаш ва нашр этишда фаол қатнашган ижодкорлар эсдалик совғалари ва китоблар жамланмаси билан тақдирланди.

Она тилимизни эъзозлаш, ҳурматини ўрнига қўйиш борасидаги ишлар бир-иккита танловлар билан кифояланиб қолмаслиги аниқ. Давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, маънавий ҳаётимизни янада ривожлантириш, маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини такомиллаштириш, китобхонлик маданиятини ошириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ўзбек тили равнақига бевосита хизмат қилади. Тил иши – виждон иши, эътиқод иши. Тил – миллат мавжудлигини исботлайдиган биринчи ва бош омил. Одам меҳробга тоза дил билан боргани каби, она тили ҳудудига ҳам, Она бағрига боргандек тоза эътиқод билан келиши керак, деб бежиз айтилмайди.

Салим АШУРОВ