МЕҲР МИСОЛИ ОФТОБ
Зулфия Ҳаитовна педагоглар сулоласидан. Онаси Ризвон Мажидова эллик йил Когондаги мактабларда бошланғич синфларга дарс берган. Зулфия мактабда яхши ўқиган, ҳатто бадиий ҳаваскорлар танловида совриндор ҳам бўлган. Онаси унинг опера қўшиқчиси бўлишини хоҳларди, лекин у: “Она, мен сизнинг изингиздан бораман, ўқитувчи бўламан”, деди. Бугун у ўшанда тўғри қарор қабул қилганидан мамнун, ўзини бир дақиқа мактаб ташвишларисиз, болаларсиз тасаввур қила олмайди.
Ҳар ҳолда, Зулфия Абдураимова касбига фидойилик билан ёндашиб, кам бўлмади, у Халқ таълими аълочиси, Халқ таълими фидойиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени нишондори. Булардан ташқари дарсликлар, услубий қўлланмалар, диктантлар ва тестлар тўпламларининг, “Мактаб кутубхонаси” туркумидаги адабиётларнинг муаллифи. Қирқ йилдан ортиқ давр ичида эришганлари фақат шулар эмас, балки юзлаб, минглаб ўқувчилар қалбида моҳир педагог сифатида унинг ўрни бор.
Орзу-умидлари Зулфияни Республика рус тили ва адабиёти институтига етаклаб келганди. Институтни битириб, дастлаб Саъди Сирожиддинов номидаги махсус мактабда дарс берди, аспирантурани битирди. Бироқ мактабнинг сершовқин ҳаёти унинг кўнглига яқин эди, шу боис болажонлар бағрига қайтди. Айни пайтда у Юнусобод туманидаги 250-мактабда рус тилидан дарс бермоқда.
Зулфия Ҳаитовна ўз дунёқараши, эътиқодидан келиб чиқиб, таассуротларини шундай баён этди:
– Биз ўзбекмиз, бошқа халқларга қиёслаганда ҳеч кимдан кам бўлмаган ифтихоримиз бор. Миллий адабиётимиз, тарихимизга дунё ҳавасда, фақат уларни тарғиб-ташвиқ қилишни кучайтириш лозим. Бунинг учун, аввало, мактабда ўқувчиларга ана шу ҳисни сингдириш шарт. Ана шу юмушда туну кун изланиб яшаяпмиз.
Мактабда ўқитувчи фаолиятининг асосий кўриниши – дарс. Дарсда устознинг бутун борлиғи намоён бўлади. Бу ҳақиқатни Зулфия опа аллақачон инкишоф этган. Шунинг учун бор тажрибасини қўллаб, дарсда ўзлигини намоён этишга интилади.
– Синф хонасига кириб келганимда, саксонта кўз менга тикилиб туради, – дейди З.Абдураимова. – Улар мендан нимадир олиш илинжида. Шунинг учун атай мактабга келган, ота-онаси уни ҳар қандай юмушдан озод этиб, яхши кийинтириб, тўйинтириб билим даргоҳига жўнатган. Бу ҳолни ҳис этмаслик мумкин эмас. Ана шу беғубор нигоҳлар ҳурмати дарсда бор маҳоратимни ишга соламан. Кўпинча бирор шеърни ёддан, таъсирли ўқиш билан дарсимни бошлайман. Боланинг ҳис-туйғулари уйғонади, шундан кейин уни “меҳнатга жалб қиламан”, 45 минут давомида ишлашига эришаман. Бир дақиқа ҳам бекор кетмайди.
Зулфия Ҳаитовна 2009 йили “Энг яхши фан ўқитувчиси” танловида 1-ўринни эгаллади. Шундан кейин унинг тажрибаларига қизиқиш кучайди, кўплаб илмий-услубий қўлланмалар тайёрлашга жалб этилди. У педагогиканинг улкан илм эканини, бола тарбиялаш масъулиятини яхши билади, шунинг учун ўз ишига жиддий ёндашади. Ана шу мезонлардан келиб чиқиб бизнинг миллий тарбия усулларимиз билан европача ёндашувларнинг мусбат-манфий томонларини аниқ таснифлай олади. Унинг миллий ва Европа таълим услублари, ана шу маданиятларга хос болаларнинг қиёфаси, мактабдаги ҳаёти бизни кўпроқ қизиқтирди. Бу борада Зулфия Абдураимованинг ўз хулосалари, қолаверса, тавсиялари бор.
– Биласизми, икки маданият, икки миллатни қиёслаш кўз олдимизда турфа манзараларни ҳосил қилади. Асосий кўзга ташланадиган жиҳат шуки, Ғарб маданиятига хос болалар тез улғаяди. Ҳатто соат сайин. Бунинг аниқ сабаблари бор. Иккита ҳолатни таъкидлашни истардим.
Суҳбат давомида баён этилган мулоҳазалар масалага чуқурроқ разм солишни тақозо этади. Бизнинг болаларда кўзга ташланадиган биринчи ҳолат мўмин-қобиллик. Бунинг сабаби миллий тарбия усулларимизда. Бизда катталарнинг гапига қулоқ солиш, уларнинг иродасига бўйсуниш сингдирилади, бола “Нима бўлса ҳам, катталар билади”, деган ақидага ўрганиб қолган. Бу яхши, кейинчалик ота-онасини ташлаб қўймаслиги ва бошқа кўплаб фазилатлар шундан. Шу билан бирга, бунда бола табиий қобилиятларини чеклаш, бир қолипга солишга уриниш бор. Аксинча, оила тарбиясида исталган масалада боланинг мустақил фикри бўлишига эришиш зарур. Бунинг учун ҳар бир нарсага унинг муносабатини сўраш, шахсий фикрини шакллантириш, уни тўлдириб бориш шарт бўлади. Болалар боғчаларида ҳар бир тарбияланувчининг фикрини алоҳида сўраш, мактаб таълимида ҳам буни изчил тарзда атрофлича давом эттириш керак. Шунда ҳар хил фикрлаш (масалан, катталарга ҳамманинг қулоқ солиши қаторида ўзининг ҳам муносабати) шаклланиб боради. Ана шу нуқтада боланинг ўзлиги (ўз сўзи, қиёфаси, муносабати) шакллана бошлайди.
Эътибор беринг, бизда бола таълим-тарбияси, билим олиши, шахсининг шаклланиши сингари юмушларнинг 70-80 фоизи, ҳатто ундан кўп улуши мактаб зиммасига тушади. Бу жараёнга ота-она қанча ҳисса қўшади? Бизда “Бола тарбияси – мактабнинг иши. Бунинг учун уларга давлат пул тўлайди. Вазифасини бажарсин” деган ўта қолоқ тушунча сингиб қолган. Ҳолбуки, бола ота-онаники, бола уларнинг кимлигини яқиндан билишни хоҳлайди, боқувчиси билан гаплашишни, улардан ҳаётий тажрибаларини эшитишни истайди. Шунинг баробарида бола учун ота-онанинг фарзандига бадиий адабиётдан, илм-фан янгиликларидан сўзлаб бериши, ибратли воқеалар мисолида панд-насиҳат қилиши, қолаверса, оила шажараси, аждодлар ҳақидаги ҳикоялари жуда қизиқ.
Аммо ота-оналар бунга вақт топа оладими? Уларнинг интеллектуал салоҳияти фарзандига ижобий таъсир этадиган даражадами? Кечирасиз-у, аксарияти бозордан ортмайди (тирикчилик ташвиши) ёки чойхонадан бери келмайди-ку. Албатта, тартибли ота-оналар маъзур тутсинлар, аммо мактабда қоракўзлар лоқайд ўтиради, фақат мактаб берган кўникма билан яшаётгани билиниб туради, яъни “хуржуни бўш бўлади”. Чунки мактаб умумий кўрсатмалар беради, ўзига хос фазилатлар эса яккама-якка суҳбатларда, яъни бола билан ота-онанинг мулоқотларида шаклланади.
Айни пайтда таълимга ҳам инновацион ғоялар жадал кириб келаяпти, турли кўргазмали қуроллар (уларнинг аксарияти автоматик тарзда ишлайди) жорий бўлаяпти. Булар ўқитувчи меҳнатини енгиллатиш билан бирга, болага самарали таълим-тарбияни сингдиришга хизмат қилмоғи жоиз. Чунки аксарият юртдошларимиз энг қиммат капитал – инсон капитали эканини аллақачон тушуниб етди. Фарзанди етук замонавий мутахассис, баланд мартабали бўлишини хоҳлайди. Бунинг учун ҳеч нарсани аямайди. Бу борада бир қараш томир отиб кетди: гўё тилни ўрганса, жами муаммо ҳал бўлади.
Тўғри, тил ўрганишнинг фойдаси катта, лекин бу ҳаммаси эмас. Тил билим эмас, бир калит, холос, уни ўринли ва самарали ишлатиш лозим. Яъни тил воситасида билимларни чуқур эгаллаш керак бўлади. Мабодо калитни белига осиб юрса-ю ишлатмаса, у кераксиз матоҳга айланиб қолади. Ота-оналаримиз масаланинг бу томонини ҳисобга олсалар яхши бўларди.
Шубҳасиз, жараённинг ичида юрган, ҳар бир қадамни синчковлик билан кузатиб, ундан хулосалар чиқариб борган тадқиқотчи-педагогнинг жўяли фикрлари беихтиёр мулоҳазага чорлайди.
Зулфия Ҳаитовна айтган фикрлар қандайдир қўлланмаларга сиғмас ёки уларнинг ўлчамига тўғри келмас, аммо амалиётчи мутахассиснинг мулоҳазаларида жон бор. Эътиборлиси – мактаб бир вақтнинг ўзида ижод ва илм майдони. Негаки, онгли инсоният шаклланганидан бери бола тарбиясига зарурат туғилган ва унинг юзлаб-минглаб усул ҳамда йўналишлари юзага келган, лекин энг самарали йўли ҳали кашф этилгани йўқ, ҳамон бу борадаги изланишлар давом этади.
Устоз педагог айни пайтда халқ таълимида давом этаётган ислоҳотлардан мамнун. Фақат бу янгиланишларнинг миллий заминда, тарихий тажрибаларга асосланган бўлишини таъкидлашдан чарчамайди.
Тажрибали педагог ислоҳотлар жараёнида жорий қилинаётган янгича ёндашувларни ижобий баҳолаган ҳолда, бизнинг ўз менталитетимиз, тарихимиз, урф-одат ва анъаналаримиз борлиги, жорий қилинаётган янгиликлар уларга асосланмаса, ҳеч қандай натижа бермаслигини баралла таъкидлайди. Ахир, неча минг йиллар давомида амал қилиб келган таълим ва тарбия усулларимиз ўзининг яроқлилигини буюк аждодларимиз мисолида тасдиқлаб турибди-ку. Нега шундай бой меросдан осонгина воз кечиш керак? Демак, миллий қадриятларга асосланган ўқитиш тизимига интилиш лозим.
Бугун барча йўллар мактабга олиб боради, жамиятнинг умумий қиёфаси мактабда яққол кўзга ташланади. Юртимизда таълимга давлат даражасида эътибор қаратилаётгани кўнгилга таскин беради. Муаммолар қадам-бақадам ечим топаяпти, энди фақат фидойилик билан меҳнат қилиш керак бўлади.
“Педагог учун энг муҳими – болаларни севиш!” – суҳбат охиридаги саволга жавоб шундай бўлди. Зеро, ҳамма нарсани бир четга қўйиб, болаларни бутун борлиғи билан сева олмаган киши бу соҳанинг одами эмас. Зулфия Абдураимова ана шу эътиқодида собит. “Мактаб бағридаги боланинг қалби – оппоқ саҳифа. Унда илк марта из қолдириш – катта шараф. Мен ана шу бахт оғушида, болаларни жонимдан севиб яшашдан мамнунман”. Юртдошимизнинг бу ифтихори ҳаммамизга юқсин.