БАЙРАМ ТУҲФАСИ
“Мактаб – менинг ҳаётим” номли мактаб таълимига бағишланган китоб тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан соҳага масъул раҳбарлар, шаҳар ММТБ бошқармаси раҳбарияти, уч юз нафардан зиёд ўқитувчи ва мураббий иштирок этди. Уларнинг ҳар бирига янги нашр этилган китоб совға қилинди.
Тақдимотда сўзга чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, таниқли ёзувчи Шойим Бўтаев, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ходимлари “Мактаб – менинг ҳаётим” китобининг аҳамияти ҳақида атрофлича тўхталиб ўтишди.
Китобда умумтаълим мактабларда намунали фаолият юритаётган 17 нафар фан ўқитувчисининг келажак пойдеворини яратиш йўлидаги фидойиликлари ҳақидаги мақола ва очерклар жамланган. Педогогларнинг тажрибалари, фикр-мулоҳазаларини ўрганиб, газета саҳифаларида ёритишни кўзда тутган мазкур лойиҳага Муҳаммад Али, Шойим Бўтаев, Ҳаким Сатторий, Муҳиддин Омон сингари таниқли ижодкорларнинг жалб қилингани нашрнинг услуби ва таҳлилий ёндашув ранг-баранглигини таъминлаган. Фанлар бўйича мутахассисларнинг серқирра фаолияти қамраб олинган асарларда таълим тизимидаги ютуқ ва камчиликлар моҳияти очиб берилган.
Бундай мазмундаги китобнинг биринчи марта нашр этилганини, қолаверса, бу “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси кутубхонаси туркумидаги илк тўплам эканини таъкидлаш жоиз.
Очерк ва мақолаларнинг қаҳрамонлари Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан тавсия этилган бўлиб, уларнинг меҳнат фаолияти таҳсинга сазовор. Бу очерк ва мақолалар йил давомида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси саҳифаларида ёритиб борилди ва ниҳоят, “1-октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами арафасида тўплам ҳолида чоп этилиб, устозларга туҳфа этилди. Содда тилда ёзилган бу китоб ўқитувчилар, ота-оналар, айниқса, ёш муаллимлар учун муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилади.
Мазкур сонда тўпламдан жой олган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Қодир ака билиб айтади” мақоласи эътиборингизга ҳавола этилмоқда.