СИРЛАР ДУНЁСИГА САЁҲАТ
Бугунги кунда атоқли шоир Рауф Парфи ижоди замонавий ўзбек шеъриятида феноменал ҳодиса эканлиги, асарларининг бадиий жозибаси, поэтик сарҳадлари ниҳоятда кенг ва кўламдорлиги илмий тадқиқотларда очиб берилмоқда. Заҳматкаш ва сермаҳсул мунаққид Илҳом Ғаниевнинг “Рауф Парфи Ўзтурк дунёси” номли фундаментал тадқиқоти ана шу эзгу ишни амалга ошириш йўлидаги жиддий саъй-ҳаракатлар самарасидир.
“Рауф Парфи Ўзтурк дунёси” китоби муаллифи шоирнинг шаклланиши, ижодида исёнкорлик, ҳақпарастлик, миллий ғурур, теран фалсафийлик илдизлари авлод-аждодларидан ўтганлигини таъкидлайди. Шоирнинг отаси Парфи Муҳаммад Амин форс-тожик, усмонли турк, рус тилларини билган зиёли киши бўлган. Аммо қатағонлардан жон сақлаш учун у ўзи ҳақидаги барча ҳужжатлар ва маълумотномаларида ўзини саводсиз деб кўрсатган. Катта бобоси Муҳаммад Расул Фарғоний Имом Шомил қўшинига ёрдамга кетаётганлар билан қўшилиб, рус қўшинлари билан курашга отланган. Отасининг дўсти Абдураҳмон Водилий Рауф Парфининг шоир бўлиб шаклланишига, илк ижодидан бошлаб эрк ва озодликка интилиш туйғуларининг баралла янграшига катта таъсир кўрсатган. Эркинлик, ҳурликка эришиш учун ўзини курашга бағишлаш унинг қонида, зоти-зурриётида бўлганлигидан хабардор бўлиш ўзбек адабиётидаги бу ноёб феноменни англаш, ижодига холис баҳо бера билишда муҳим аҳамиятга эга. Илҳом Ғаниев буни пухта ўрганган ва шоирнинг ҳар бир шеърини таҳлил қилганида халқ ва миллат эрки учун фидойилик, жасорат, курашчанлик манбаларини, эркин руҳ мавжларининг асосларини тўғри кўрсатиб бера олган.
И.Ғаниев Рауф Парфи билан Бухорода учрашгани¸ икки кун унга ҳамроҳ бўлиб юргани, шу жараёнда шоирга ҳурмат-эҳтироми чексиз ошганини қайд этади. Бунда шоирнинг институт талабалари ҳузурида ўқиган шеърлари сабаб бўлган эди. Мунаққидни лол қолдирган, ҳаяжон ва ҳайратга солган шеърлардан бири ҳажман каттароқ, ҳар банди олти мисрадан иборат бўлиб, банднинг сўнгги мисраси “Ассалому алайкум, дорнинг оғочи” деб тугалланади. Бу “Кунтуғмиш” достони қаҳрамонининг дорга қарата айтган мурожаати.
Шеърдан ғоят мутаассир бўлган ёш олим шеърни кўчириб олиб, унга “Фиғон” деб сарлавҳа қўяди ва барча талабаларга ёд олишни, шеърнинг ҳар бир мисрасида ифодаланган мазмунни ўрганишни, ҳар бир сўз устида бош қотириш, мулоҳаза юритишни топширади.
Ҳали шўро сиёсати ҳукмрон бўлган бир пайтда ёзилган, эрк ва озодликка ташна талабаларга ўқиб берилган бу шеър 2013 йили чоп этилган шоирнинг “Сайланма”сига киритилган. Шеър шундай бошланади:
Кўнглим қоронғидир, теварак тутун,
Ёлғиз бошим узра увиллар шамол.
Кўзларимни ғажир аллақандай тун,
Сен кимсан, нимасан, сен кимнинг божи?!
Ақлимни ғижимлар яланғоч савол –
Ассалому алайкум, дорнинг оғочи.
Мунаққиднинг шеърдан олган таассуротлари, ҳаяжонларини шунчаки қайд этиб бўлмайди. Бу таассуротлар ва ҳаяжонлар пўртанаси худди шеърнинг ҳар бир мисрасидаги “тошларни ёрадиган” (Ш.Раҳмон) оташин сўзлардек юракларни титратади. Баъзи сўз ва иборалар, иқтибос келтирилаётганда, муаллиф томонидан курсивда қуюқ рангда берилган. Яъни “Кўнглим қоронғидир”, “увиллар шамол”, “кўзларимни ғажир”, “Ақлимни ғижимлар яланғоч савол–Ассалому алайкум, дорнинг оғочи” каби ибора ва мисралар ҳақида чуқурроқ ўйлашни, бу сўзлар нимага ишора қилинаётгани, тагмаъноларда қандай яшириниб ётганини кўриш, ҳис этишга ундайди. Шеърнинг кейинги бандлари, мисралари ҳам ана шундай таҳлил ва тадқиқ этилади. Бу таҳлил ва тадқиқлар, шулар асосида билдирилган фикр-мулоҳазаларни ўқиб, шоирни қайта кашф этасиз.
“Мен бу шеърни, – деб ёзади мунаққид, – минглаб нусха кўпайтирганда сўнгги мисра-наърадан сўнг ўзим учта ундов ҳам қўйгандим. Шаҳобиддин Ўринов деган истеъдодли шогирдим ундов ёнига яна учта нолу битта бир (0001) қўйиб қўйибди. Мен, юрагим тўлиб кетиб, бу алам ва изтироб тўла шеър белгиларини дарсда 120 нафар талабага кўрсатиб, ҳаммани жўр қилиб шу муножотни ўқитдим. Бу ниҳоятда бахтли, тозариш онлари эди.”
“...бахтли, тозариш онлари”... Бу ҳаяжонли эътирофда жуда кўп нарса ифодаланган. Буни дилдан туйиш, ҳис этиш, шу тозариш онларига чулғаниш учун шоир шеърларининг мутолаасига астойдил киришиш, санъаткорона яратилган ҳар бир мисра қатларидаги дилни ўртовчи ҳақиқатлар садосига қулоқ тутиш лозим.
Аммо Рауф Парфи Ўзтурк яшаган даврда жамият носозлиги, ҳукмрон кучларнинг адолатсизликлари ҳақида очиқ-ошкора айтиб бўлмасди. Бу тузум ўзига қарши айтилган ҳар қандай ҳақ сўз учун ижодкоридан шафқатсиз қасос оларди. Шунинг учун адабиётда узоқ вақтлар мадҳиябозлик, йўқ нарсани бор деб кўрсатиш, ҳақиқатга тескари қараш, адолатсизликни кўкларга кўтариб мақташ табиий ҳолга айланди. Кўпгина истеъдодлар ана шу ғайриинсоний тузумнинг қатағон тегирмонида маҳв этилди. Лекин чинакам истеъдод эгалари ҳар қандай таъқиб ва тазйиқларга қарамай, ҳақиқатни куйлашга, адабиётнинг бош миссиясини бажаришга интилишди ва умрбоқий асарлар ярата олишди. Рауф Парфи ўз ижодида ҳақиқатни пардалаб айтиш, зулм-зўравонликка қарши ботиний исённи рамзлар, белгилар, ишоралар орқали ифода этишни юксак санъат даражасига кўтарди. Буни “Рауф Парфи Ўзтурк дунёси” китобидаги шеърлар таҳлилида аниқ кўрамиз. Чунончи, ҳар бир сўз бағрини ёриб, ундаги теран мазмун-моҳиятни ўқувчига тортиқ этган нуктадон олим сирлар дунёсига саёҳатга етаклайди. “Оддий кўздан яширинган нима?” деган савол ҳушёр торттиради кишини. Кўринмаган нарса кўздан яширин, аммо шеър ўқияпсиз, ундаги сўзларнинг ташқи шакли шамойили, яланғоч вужудини кўрасиз, бироқ ҳеч бир ҳаяжонсиз кейинги мисраларга ўтиб кетаверасиз. Рауф Парфи шеърларини ўқиганда бундай қилолмайсиз (агар сизда чинакамига шеърни тушуниш, ундаги таг маънолардан завқланиш иштиёқи бўлса), чунки бу шеърларда мисраларнинг қат-қатида англанмаган, англаниши зарур бўлган маъно-мазмун яшириниб ётган бўлади. Бунинг сабабини Илҳом Ғаниев шундай шарҳлайди: “Мен гоҳ шоирнинг маъно ва рамз қатламига бой, серистеҳзо, “замонга сиғмаган” фикрлари қатламини инкишоф қилиш учун қайта-қайта мутолаа қиламан. Ҳар гал ўқиганда янги бир маъно, рамз, киноя, истеҳзо, белги, ишора, сир бордек туюлаверади. Айрим шеърлар гўзал бошқотирма, нажиб жумбоқ, бола тилида ифодаласак, “чақмоққанд”–унинг маза-таъми аста-секин чиқаверади, матн, иқлим серқатлам”.
Такрор шоир ижодида санъат даражасига кўтарилган. Такрор шоир айтмоқчи бўлган фикрнинг туб мағзини шеърхон шуурига сингдиришнинг бир воситаси. Такрорланаётган сўз кўп ҳолларда образнинг характерли қирраси, образни киши кўз олдида жонлантирувчи вазифани бажаради. Мана шундай ҳолат:
Мунаққид бу мисралардаги сўзларни бир-бир “ёриб”, уларда яшириниб ётган ширани сизга тутади. Бу шундай шираки, бутун вужудингизга ёйилиб, жимирлатади, жунжиктиради, титратади.
Мазкур салмоқли тадқиқотда муаллиф севимли шоирнинг юздан ортиқ шеърини таҳлил қилади, бадиий савияси, тил имкониятларидан моҳирона фойдаланиш, шеърий санъатларнинг ҳар бир шеърга жозиба, гўзаллик, нафосат бағишлаганини тадқиқ этади ва шу тариқа чинакам халқ шоири Рауф Парфи феномени моҳиятини очиб беришга муваффақ бўлади. Рауф Парфи шеърияти мухлиси бўлган ошуфта ҳар бир шеърхон бу китобни ўқиши лозим. Шунда у шоирни қайта кашф этади, унинг шеърларидан, аввалги мутолааларига нисбатан, ўн чандон ортиқ завқ-шавқ туяди.
Шўро замонида Рауф Парфи ижоди бошқача талқин қилинар, шоир тушкунликни куйлашда айбланарди. Унинг шеърларидаги яширин маъноларга тиши ўтмаган тирноқ остидан кир қидирувчилар шоир шеърларини тушунарсиз, мавҳум, давр руҳини акс эттирмаган, деб танқид нишонига олишарди. Ана шундай кескин танқидга учраган шеърлардан бири шоирнинг ёшлик ҳақида ёзган шеъридир. Бир қарашда ўша даврнинг танқидчилари ҳақдек, бир қарашда ёшлик ҳақида ёзилган бу шеър фақат оҳ-воҳ, тушкунликдан иборатдек, гўё шоир қандайдир мавҳум туйғулар атрофида ўралашиб қолгандек. Йўқ, кейинги пайтлар бундай чалкаш, ғайриилмий баҳоларга чек қўйилди. И.Ғаниев бу шеърни тўлиқ келтириб, ҳар бир мисрадаги маъно ва тагмаъноларни атрофлича таҳлил қилган чиққан.
Видо табассумли олам – ёшлигим,
Кўзларимда қотган жолам – ёшлигим.
Кўкларга етмаган нолам – ёшлигим,
Сувга чўкиб кетган болам – ёшлигим,
Видо табассумли олам – ёшлигим.
Бу мисралардаги ҳар бир сўз шу қадар ўз ўрнига тушганки, бирортасининг жойини ўзгартириб ҳам, бошқа бир сўз билан алмаштириб ҳам бўлмайди.
И.Ғаниевнинг мазкур тадқиқоти адабиётшунослигимизда алоҳида эътироф этиладиган адабий ҳодисадир. Китобга киритилган “Шарқ тақвими бўйича яратилган шеърлар”, “Рауф Парфи Ўзтурк шеърларида қўлланган бадиий санъатлар” иловалари мунаққиднинг шоир ижодини ўрганиш йўлида жиддий изланишлар олиб борганини, кўп заҳмат чекканини тасдиқлайди. Шоир асарларида 17та лафзий санъат, 28та маънавий санъат, 5та маънавий-лафзий санъат қўллангани, улар қайси асарларда учраши аниқ кўрсатиб берилган. “Ўз-ўзини таҳрир санъати” иловасида муаллиф шоирнинг шеърлар устида қандай ишлагани, бир шеърнинг бир неча тўпламларда қандай таҳририй ўзгаришларга учрагани ҳақида маълумот беради. Масалан, “Она тилим” шеъри “Хотирот”, “Сакина”, “Сайланма” китобларида қайта-қайта таҳрир этиб киритилгани шоир ўз ижодига нисбатан ниҳоятда қаттиққўл бўлганини кўрсатади. “Шоир қачон туғилган?” иловаси ҳам характерли. Шоир ҳаёти ва ижоди ҳақидаги маълумотларда унинг 1943 йилда туғилгани қайд этилади. Кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотлар, изланишлар натижасида шоир 1940 йилда туғилгани тўғрисидаги маълумот тўғри ва ишончлироқ экани таъкидланган. “Шахс номи кўрсаткичи”да алфавит тартибида жойлашган 280 шахс номлари китобнинг қайси бетларидаги шеърларда келиши кўрсатилган. “Географик номлар кўрсаткичи”да ҳам жой номлари китобнинг қайси бетларида учраши қайд этилган. Масалан, Туркистон жой номи 214 саҳифада учрайди. Турон жой номи 36 саҳифадаги шеърларда келган. Шоир бутун ижоди давомида яратган асарларида қўллаган 36 та жой номининг қайси саҳифалардаги шеърларда учрашини ҳисоблаб чиқиш, уларни тартиблаштириш озмунча меҳнат талаб этмайди.
Рауф Парфи Ўзтурк шеърияти – сирлар дунёси. Заҳматкаш олим Илҳом Ғаниев сизу бизни ана шу сирлар дунёсига саёҳатга бошлайди. Бу саёҳат шу қадар дилкаш, сурурли, завқли, ҳаяжонли кечадики, қалби уйғоқ, овози зарбли, залворли, мудроқ қалбларни уйғотувчи, сергак торттирувчи шеъриятга ошно бўлганингиздан, шоирни қайта кашф этганингиздан миннатдор бўласиз.