ҚАНДАЙ МУЛЬТФИЛЬМЛАР КЕРАК?
Назаримда, бизнинг авлод дунёдаги энг бахтли инсонлар сирасига кирса керак. Нега дейсизми? Чунки биз чин болалик сурурини туйган охирги авлодмиз десак, адашмаймиз. Кўчаларни чангитиб минг турли миллий ўйинларимизни ўйнаш-ку ўз йўлига, ҳар ҳолда, биз телефон, вай-фай, гаджетлар, плайстатион, лаптоп деган нарсалардан анча йироқда ўсдик. Бизнинг болалигимиз 5G интернет тўлқинларининг кўринмас нурларидан зарарланмаган эди. Ота-онамиз бешикдаги чақалоғининг қўлига тилпон(телефон)ни тутқазиб қўйишмасди, мабодо ёқиб-ўчиришни, YouTubeга кириб видео кўришни ўрганиб олса, кўкрак кериб “менинг боламда, янги давр боласида, ҳали юришни билмаса ҳам телефонни мендан яхши ишлатяпти”, деб оғиз кўпиртириб мақташмасди. Ўзимиз ҳам кечасию кундузи телефонга михланиб, Клаш, Пубг, Коунтер, Гта, Фифа деган ўйинларнинг онлайн оламига ғарқ бўлмагандик. Узоғи топганимиз, Тетрис, Сега, “шиқ-шиқ” қилиб ўйналадиган 15 ўйини, домино бўларди. Буларнинг ҳар бирининг завқи бўлакча эди. Бундан ташқари, яна бир гултожимиз бор эдики, у бизнинг болалигимиз безаги бўлиб хизмат қилган. Кўп ўйланманг, ахир, булар мультфильмлар-ку!
Ёшлар телеканалини севардим, бизга “Болажон” шарт эмасди. “Ассалом, Ўзбекистон” дастури орасида мультнамойишлар узатиларди, “Зумрад”нинг одоб сувидан тотардик, “Кулол”нинг меҳнатини қадрлардик, “Азамат”дек ботир бўлишга интилиб, “Танбаллар”дан қочардик, биз “Широқ”ни билгандик, “Тўмарис”дан фахрланардик, “Спитамен”дан ҳайратга тушсак, “Зўраки фолбин”нинг чигиртканинг уч сакраш фолидан хандон отиб кулардик, “Янчар қуён”нинг шумтакалиги бизни ажаблантира олган, “Сусамбил” деган сўзни биз беғуборлик деб билардик, ёмон бўлсак “Ур Тўқмоқ”нинг уришидан ҳайиқардик. “Дангаса”нинг меҳнатга ўрганганидан суюнар, “Икки қўшни бой”нинг Афандига чув тушганидан ибрат олар, “Ҳунарманд Шаҳзода“дек бўлмоқни кўп орзу қилар эдик.
Бизнинг ўз қаҳрамонларимиз, кулдиргичларимиз, ҳунармандларимиз, маънавиятчиларимиз бор эди. Бола дунёмиз, қалбимиз билан кунда ярим ҳикмат ва бир ҳимматни ўрганардик. Ўзимизнинг халқ эртакларига йўғрилган мультфильмлардан фақат яхшиликни топганмиз.
Ҳозир-чи, болалар мультфильм кўряптими?
“Карантин” даври бир баҳона бўлиб тик-ток, инстаграм, YouTube, телеграм сингари ижтимоий платформаларнинг “пандемияси” авж олиб кетди. Биздаги мультфильм индустрияси бу имкониятдан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолмагани яна бир муаммога айланди. Сабаби, бу давр бизга йиллар мобайнида сўниб бораётган соҳанинг тикланишига имкон берган бўларди... Негаки, барча уйда эди, одамлар телевизорни зерикмасликнинг ягона йўли, болаларининг овунчоғига айлантиришган эди. Бу фикрларни қоғозга тушираётганимда “Хато ўйлаётгандирман, балки мен улғайгандирман, мультоламдан балки, ўзим йироқлашгандирман”, деган кайфият тинчлик бермади. Шу ўйда, бир тажриба ўтказишга қарор қилдим. Икки ёшдан олти ёшгача бўлган олти нафар жиянларимга олтита шоколадни тутқазиб, “Бугун амаки-жиян бир мультфильм кўрамиз”, дедим. “Болажонга” қўйдим, кейин эса “Ақлвой”га. Чет тилларни ўргатувчи дастурлар ва ўзбек мультпанорамаси бўлаётган экан. Улар мультфильмни, мен эса уларни кузата бошладим. Бироздан сўнг болалар турли баҳоналарни рўкач қилиб, чиқиб қочишди. Қучоғимда ўтирган икки ёшлик жиянчам эса, телефонимни мароқ билан кавлаяпти. Унга мультфильм бир жаҳону менинг қорақутим бир жаҳон. Кейин ўйлана бошладим: агар эски мультфильмларни қўйиб берганимда, кўришармиди?!
Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш керак. Ёш мурғакларнинг онгини Wорлд Wиде Wеб, яъни бутун жаҳон ўргимчак тўри чирмовуқдек чирмаб олишни аллақачон бошлаган. Биламиз, интернет чегарасиз сарҳад, унда керакли маълумотлардан кўра, зарарли контентларнинг намойишию ёт ғояларга асосланган маҳсулотнинг анимацион роликлари одамни жалб қиладиган, унинг кўзига ёқадиган даражада ишланмоқда. Бундай вазиятда бизнинг мультипликаторлар жадаллик билан тармоқни фойдали ва қизиқарли мультфильмлар билан тўлдиришлари керак эмасми? Бир куни кўча оралаб, шаҳар йўлларининг гавжум қисмларида одамларни гапга тутдим. “Ҳозир қандай мултьфильм кўрасиз? Болаларингизга қайси мультфильмларни кўрсатяпсиз?” деб савол бердим, талабаларнинг фикрлари билан ўртоқлашдим. Иштирок этганларнинг катта қисми телевизор намойишларидан бироз чарчаганликларини айтишди. Ҳар сафар боласи учун каналлардан мультфильм излаган вақтида, бола диққатини тортувчи, уларга одоб берувчи, билим етказувчи ёрқин тасвирлардан фойдаланилган мультфильмлар деярли йўқ эканини айтишди. Бунга ечим қилиб, You Тubeни кўрсатишди. Яъни юзлаб инсонлар болаларига “Бабй шарк”ни, япон-корейс анимациялари, айниқса, биз билган ўша машҳур “Кунгфу Панда” мультсериалини қўйиб беришларини яширишмади. “Ўзбек мультфильмларидан-чи”, деган саволим очиқ қолди. На 3-4 ёшлик болачалар, на уларнинг ота-оналари жўяли жавоб бера олишмади. Фақат биргина ёш оила “Рустам ва Саид” номли мультфильмни боласига кўрсатганини айтди-да, “Бизда аввалгидек мультфильмлар ишланмай қўйилди, агар яхши намойишлар бўлса билардик, боламизга кўрсатардик. Кўпроқ тарбия ва билим берувчи мультфильмлар ишлашсин, биз, албатта, кўрамиз, ўзимиз ҳам мультфильмларни соғинганмиз”, деб илова қилди.
Чиндан ҳам охирги йилларда билим ва тарбия беришга асосланган, ўзбек менталитетига мос келадиган мультфильмлар сони кўп эмас, борлари ҳам болажонлар қалбидан ҳалигача жой олиб улгурмаган. Аслида давлатнинг буюк келажаги шу ширингина болажонларнинг қўлида. Уларнинг эзгу мақсадлар ила камол топишига беэътибор бўлмаслигимиз лозим. Бу борада мультфильмларнинг ўрни бўлакча. Зеро, бола дунёси шу анимациялар орқали шаклланади. Шунинг учун ҳам юртимиз мультфильм яратувчилари кўп ва хўп, кўришга арзигулик асарлар ишлаб чиқаришларига, катта шов-шувлар билан намойиш қилиб, эътиборни тортишларига умид боғлаймиз. Бу намойишларни Интернет дунёсига ҳам юклаб, уни ўзбек анимацияси билан тўлдира олсак, айнан замоннинг талабини қондирган ва бу билан митти кўзларнинг пок қалбини асраб қолишга эришган бўламиз.