ҚОРА КИЙИК
Ўқитувчилар хонасига мактабнинг хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари Бўрибосаров икки қўлида иккита беҳи кўтарганча жилмайиб кириб келди. Чизмачилик ўқитувчиси Тўғрибойнинг ширин хаёллари остин-устун бўлди.
Бўрибосаров беҳиларни Тўғрибойнинг олдига – столга қўйди.
– Ўзимизнинг боғда битган. Яхши кўрган одамимга шундан совға қиламан.
Тўғрибой ўзини босди. “Бир балоси бўлмаса...” деган ҳикматни эслади.
– Ука, хафа бўлманг, бўлди-битди шундайман... Ичимда ўтим кўп.
Тўғрибой индамади. Бўрибосаров эса, айтилмайдиган гапни ҳам айтиб юборди.
Тўғрибой тушунди. Аста-аста бошланган кулгуси, салкам қаҳ-қаҳага айланди.
– Шуни олдинроқ айтмайсизми...
– Ҳа... энди ҳамма-ҳаммага ҳам айтиб бўладими?
– Менга айтаверинг, элашма этмайман.
Шундай қилиб, Бўрибосаров ўзининг ишдан ҳайдалиш хавфини бироз бостиргандай бўлди. Ахир, уришиб чиқмаган одами йўқ.
– Тавба, – дея ўйлади Тўғрибой, – кеча нима бўлдию, бугун нима?
Кеча эса қуйидаги дилхиралик бўлиб ўтганди.
Бўрибосаров аллақандай суратга маҳлиё бўлиб ўтирган чизмачилик ўқитувчисини бир “сузиб” олди:
– Шу сурат чизилган пайтида сиз онангизни эмиб юрган бўлсангиз керак-а, Тўғрибой?
– Бу нима деганингиз? Санъатни тушунасизми ўзи? Ахир, буни Сальвадор Дали чизган.
– Ана... ўлманг... дали-да, дали... ўзимизнинг далилардай дали-да.
Тўғрибек беихтиёр: “Каллангиз ишлайдими ўзи?” деб юборди. Бўрибосаров шу “калла” сўзига ёпишиб олди.
– Ҳали бизнинг калла ишламайдиган бўлдими? Бизнинг калла-я. Элликка кирган одамнинг калласи-я.
Тўғрибек нима дейишини билмай қолди. Бўрибосаров эса овозини янада кўтарди.
– Сиз ўзи нимага гердаясиз? Кўп биласизми ё “Ҳурмат тахтаси”даги сурат эсанкиратдими, “Мақтов қоғози” олганингизга бурнингиз кўтарилдими?
– Мен ҳали сизга нима дедим? – деди Тўғрибек бироз довдираб.
Бу гап Бўрибосаровга чекинишдай кўринди. У ўнг қўлини гоҳ кўтариб, гоҳ тушириб қичқира бошлади.
– Деб ҳам кўринг, деб ҳам кўринг, мен шу мактабнинг ўти билан кириб, кули билан чиқиб юрган одамман.
Бўрибосаров томоғига тўр тушиб, бўғила бошласа ҳам тўхтамади.
– Ё сиз мени анови мактаб боғидаги меваларни сотади, деб ўйлайсизми? Гумдон бўлган тахта билан краскаларни ҳам балки мен уйга ташигандирман. Худога шукр, актлар жойида.
Тўғрибой бунисини кутмаган эди. Кўнгилсиз суҳбатни тезроқ тугатиш учун гапни қисқа қилди.
– Сизга ким шундай деб айтди? Ўғрини эса топишади.
Бўрибосаров тинчланиш ўрнига чаён чаққандай чинқириб юборди.
– Сиз! Сиз! Ишёқмассиз, муттаҳамсиз. Болаларга ўргатадиганингиз фақат ажи-бужи чизиқлар.
Бўрибосаров эртаси куни, совға қилган беҳилари таъмини билиш баҳонасида, яна келди.
– Зўр экан... беҳингизни солиб палов ҳам пиширдик, – деди Тўғрибой жанжалнинг олдини олиб.
Тўғрибойнинг таклифи билан буфетга киришди. Чизмачилик ўқитувчиси директор ўринбосарини қаймоқ билан меҳмон қилди. Бўрибосаров лабидаги қаймоқ юқини салфетка учида артиб, аста пичирлади:
– Қаймоқлашганга нима етсин...