ҲАР ТОЛЕНИНГ БИР ЙЎЛИ БОР
Инсон умри бежиз дарёга менгзалмайди. Соатнинг югурик миллари бетўхтов айланаркан, вақт гўё дарёдек ортга қайтмас бўлиб оқаверади. Қарабсизки, кеча болалик гаштини суриб, кўча чангитиб ўйнаб юрган болакай бугун худди ўзидек зумраша, шўх-шан бир неча ўғил-қизга бобо бўлганини сезмай қолади...
Таниқли шоир Рустам Мусурмоннинг таваллуд кунига 60 йил тўлгани ҳақида ўйлар эканман, туйқус ана шу фикрлар хаёлимга келди. Ахир, кечагина Рустамжон ҳам қувноқ ва адоқсиз ўйинлар қанотида улғайиб, Қашқадарёдан илм излаб Тошкентга келган ёш талаба эди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди: ўтган асрнинг 90-йилларида масъул лавозимда фаолият юритар эканман, ёш иқтидорларни излаб топиш ва улар камоли учун зарур шарт-шароитларни яратишни асосий вазифа сифатида белгилаб олгандик. Ушбу мақсадда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов ва бошқа атоқли ижодкорлар кўмагида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, таълим муассасалари, маданият ва маърифат масканларида учрашувлар, адабий кечалар, турли кўрик-танловлар, давра суҳбатлари, анжуманлар ташкил этардик.
Ана шундай тадбирларда йилт этган истеъдод учқунини пайқасак, қўлдан келганча қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилинар эди.
Адабий учрашувларда, мушоираларда шеър ўқиган ёшлар орасида Рустам Мусурмон ижоди бахшиёна оҳанги билан ажралиб турарди. Мана шу фазилат уни тинмай изланишга чорлади. Йиллар ўтган сари кўнгилга яқин шеърлар, сатрлар дунёга келди ва ўқувчилар эътиборига туша бошлади. Ҳатто айрим ашъорлари куйга солинди.
Атоқли шоиримиз Абдулла Орипов ёш ижодкорларга алоҳида эътибор билан қарар, уларни ўз қаноти остига олганди. Рустам устоз шоир хотирасига бағишлаб ёзган бир шеърида “Ҳимматингиз — денгиз, меҳрингиз — дарё”, дея эътироф этганида ғоят ҳақ эди. Устоз ўсиб келаётган қаламкашлардан бор меҳрини, эътиборини аямади. Ана шундай беқиёс меҳрдан Рустам ҳам бенасиб қолмади.
Рустам Мусурмон ижодида ранг-баранглик, илҳом уфқи кенглиги, поэтик образларнинг ҳаётийлиги ва халқчиллиги, ҳаққонийлиги шундоқ кўзга ташланиб туради.
Шоирнинг “Юрак” сарлавҳали шеъри бу борада сўзимизга яққол исбот. “Юрак — менинг дулдулим, Кўкрагимда қозиғи”, дейди у шеърнинг дастлабки байтида. Бирор ижод аҳли йўқки, ҳис-туйғулар уммони, эзгуликлар ёки ёвузликлар Ватани — юрак ҳақида ёзмаган бўлсин. Масалан, кўксимиздаги ушбу аъзони жадид маърифатпарвари Усмон Носир “Юрак, сенсан менинг созим”, деб кўнгил изҳорларига ажиб оҳанг бахш этувчи созга, Ўзбекистон Қаҳрамонлари — Эркин Воҳидов “У бахш этган оташда ёндим”, дея бебаҳо қудрат манбаига, Абдулла Орипов эса “Ёлғиз бу қалбингга ёлғиз ўзинг ёр, Фақат қалбинг билан сенинг ишинг бор” дея энг содиқ дўстга қиёс этади...
Рустам Мусурмон эса ушбу мавзуга бутунлай бошқа нуқтаи назардан қарайди. Яъни унинг учун юрак – озиғи меҳрдан бўлган дулдул. У гоҳ пишқириб депсинади, гоҳ инсоннинг измига кўнмайди, бўйсунмайди. Сулувларнинг қўлидан озиқланиб ўрганган тулпор ҳар лаҳза эгасини доғда қолдиришга шай, депсиниб туради. Хавотирдаги шоир тан олиб айтади, бу дулдул:
Кўринадики, ижодкор юракни бадиий образ даражасига кўтара олган. Шеърни мутолаа қилган ўқувчига бу топилма унинг қалбидан жой олиши табиий. Унинг озиқланишидан тортиб, депсиниб, тўлғониши, эркаликлари кайфиятимизга ҳам юқади, эгасини судраб, қозиғини суғуриб кетишига беихтиёр хайрихоҳ бўлиб қоламиз...
Шоир шеърларининг халқоналиги хусусида сўз кетар экан, “Ҳой гала-гала, ҳой гала-ааа”, мисраси билан бошланадиган шеърини алоҳида айтиб ўтиш ўринли.
Бундай айтим ва оҳанглар кўпларимизнинг қулоғимизга чалинган чиқар, деб ўйлайман.
Ижодкорнинг “Руҳимнинг товуши”, “Хиргойи”, “Бозбарак”, “Бир жуфт сўз” каби китобларига кирган шеърлар ва достонлар ҳақида ҳам ана шундай фикрларни айтиш мумкин. Ушбу асарларнинг қадимий халқона оҳангларга уйғунлиги, ёрқин ташбеҳ ва ҳикматли сўзларга бойлиги уларнинг бадиий савиясини, ўқишлилигини таъминлаган.
Рустам Мусурмон ҳақида сўз кетганда унинг таржимонлик фаолияти, салоҳияти ҳақида гапирмаслик асло мумкин эмас. Шоир ижодий фаолияти давомида бадиий таржима билан жиддий шуғулланиб келмоқда.
Таржимонлик — ниҳоятда мураккаб иш. Киши бирор асар ўгирмасига киришар экан, унга бутунлай ижодий ёндашиши керак. Шу маънода, ҳар бир ўқувчи, ҳар бир юрак муайян шеърни ўзи учун ўзи таржима қилиши лозим. Ўзганинг тафаккур чиғириғидан ўтган битиклар ҳеч қачон аслидагидек бўла олмайди.
Ўзбек ва қорақалпоқ тиллари бир-бирига шунчалик яқин ва уйғун. Аммо бу ҳар ким бемалол ўгирса бўлади, деганимас. Бунинг учун таржимондан ўша тилни чуқур ҳис этиш, у мансуб бўлган халқ руҳини теран англаш талаб этилади. Рустам Мусурмонда шу фазилатлар борлиги учун ҳам ўгирмалари муваффақиятли чиққан.
Рустамжон бадиий публицистика билан ҳам жиддий шуғулланиб келмоқда. Адабий-танқидий мақолаларида унинг жамиятда бўлаётган ўзгаришларга тийрак нигоҳи яққол акс этиб туради.
Умуман олганда, шоирнинг ҳаётга иштиёқи, ижодга завқи, ғайрат-шижоати ниҳоятда баланд. У бежиз “Менинг оёғимда толмас қанот бор, Менинг оёғимга жойланган юрак”, дея ёзмайди. Ана шундай кўтаринки руҳ унинг ижод осмонида янада юксак парвоз қилишига куч, мадад бераверсин.
Рустам Мусурмоннинг ижодий фаолияти муносиб баҳоланган. Унинг “Шуҳрат” медали, “Қарақалпоғистон халқ шоири”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвонлари билан тақдирлангани ҳам шоирнинг ижодий қобилияти, фидокорона меҳнатлари эътирофидир.
Бугун адабиёт майдонига кириб келаётган ёш қаламкашдан тортиб, эл назарига тушган ижодкорларга эътибор ниҳоятда катта. Улар ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватланмоқда. Шоир ва ёзувчиларни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳаларнинг, тадбир ва танловларнинг адоғи йўқ.
Бу ҳақда ўйлар эканман, биз ижод оламига энди қадам қўйган даврларда ёзганларимизни халққа таништириш, ўзимизни кўрсатиш имконияти ғоят мураккаб ва қийин бўлгани ёдимга тушади. Сўз санъатига мафкуравий нуқтаи назардан баҳо берилиши эса аҳволимизни янада оғирлаштирарди. Биргина китоб чиқаришимиз учун минг сарсон-саргардон бўлганимиз, турли идоралар эшигининг тагида кунлаб сарғайганимиз бугунги авлод учун худди эртакдек туюлади.
Бугун қалам аҳлининг эркин ва самарали ижод қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Адабиёт боғининг йўллари ҳар доимгидан-да равон, ёруғ ва истиқболли. Энди фақат чинакам ижод қилиш, халқимизни янги марралар сари руҳлантирадиган, ёш авлоднинг кўзини очадиган, уларга оқ-қорани танитадиган мағзи тўқ асарлар битишимиз керак. Ана шундай саодатли, айни пайтда ижодкор зиммасида залворли вазифалар турган шу кунларда шоир укамизнинг қутлуғ 60 ёшни қаршилаётгани унинг омади чопгани, толейи баландлигига яна бир ишора. Зотан, бу ёшда инсон ҳаётнинг пасту баландини кўрган, аччиқ-чучугини тотган бўлади. Унинг ақли, тафаккури яна ҳам тўлишиб, тиниқлашиб, теранлашиб боради. Умид қиламизки, у ижодда ҳали янги довонлардан ошиб ўтиб, яна ҳам нурли манзилларга етиб боради. Бинобарин, шоир ўз таъбири билан айтганидек,