October 20, 2023

ВАТАН ЧЕГАРАСИ ЎТГАН ЮРАКДАН  

Шоди ОТАМУРОД

* * *

Юрак шу – Ватан деб гупуради қон,

Юрак шу – томирда айланади шон,

Огоҳ бўл, душманга бўлмасин нишон,

Ватан ўчмагайдир ҳеч бир тилакдан,

Ватан чегараси ўтган юракдан.

Асло кўтарилмас таслимга қўлим,

Душманнинг пойида топмасман ўлим,

Мадҳини айтарман, кўксимда қўлим,

Ватан ўчмагайдир ҳеч бир тилакдан,

Ватан чегараси ўтган юракдан.

Юрак томирлари шиддатга хумор,

Бамисли кўксимда осилган тумор,

Унда муҳаббатнинг харитаси бор,

Ватан ўчмагайдир ҳеч бир тилакдан,

Ватан чегараси ўтган юракдан.

Жигарим, кўзингда доим чўғ бўлсин,

Сенинг сафдошинг кўп, кўнглинг тўқ бўлсин,

Ўз тилинг – қуролинг, сўзинг – ўқ бўлсин,

Ватан ўчмагайдир ҳеч бир тилакдан,

Ватан чегараси ўтган юракдан.

* * *

Шеъримда қиличдек жаранг сочди сўз,

Жисмим ҳаловатда, руҳим жангдадир.

Мен қалбимга чизсам висол расмини,

Во ажаб, ул сурат ҳижрон рангдадир.

Ўз ўқи гирдида айланган ерман,

Туганмас ишқ юки нозик жондадир.

Қуёшдай ишқ тафтин елкамда сездим,

Қадамим шомдаю, руҳим тонгдадир.

Мен дайдиб юрибман хаёлим ичра:

“Ўзим ҳар жойдаман, кўнглим сандадир”.

ГАРЧИ...

Ширин туюлади сўнгсиз оғриқлар,

Машаққатдан зиёд осоним йўқдир.

Юрагимда томир отгансан, гулим,

Хаёлингдан бошқа осмоним йўқдир.

Биларсан, кутганим – дийдоринг керак,

Ҳижронингдан бўлак меҳмоним йўқдир.

Гарчи сенга аён борим рўйи рост,

“Севмадим” сўзидек ёлғоним йўқдир.

Гарчи сўрамадинг, кўнглимни бердим,

Муҳаббатдан зиёд эҳсоним йўқдир...

ҚЎШИҚ

Осмонимда пайдо бўлган юлдузим – сен,

Зулматларни ёриб чиққан кундузим – сен.

Соғиндим-ку, кўкдан ерга тушмайсанми,

Кўҳна дардим – тугунларни ечмайсанми?!

Олисларда муҳаббатим қолиб кетган,

Кетишида мағлуб эмас, ғолиб кетган.

Қадамингда хабар бериб ҳижронингдан,

Ғамга ботма кейин мендек хазонингдан.

Ширин тилинг мени тилдан қолдиради,

Кулгичларинг қайғуларим ўлдиради.

Қувончингда, ҳар оҳингда бўлсам дейман,

Ҳар қарашинг, нигоҳингда бўлсам дейман.

Келармисан, ой жамолинг кўрарманми,

Изтиробим кўп бўлдими – кўзим намми...

Хуш овозинг таралади руҳим бўйлаб,

Юрадирман кўча-кўйда сени ўйлаб.

Соғиндим-ку, кўкдан ерга тушмайсанми,

Кўҳна дардим – тугунларни ечмайсанми?!.

ЁЛҒИЗ АЁЛГА

Аёл қадамида айланади ер,

Ҳаёт, севасанми гоҳо заволни.

Кифтига юк ортма, қўлига гул бер,

Оёғи толмасин ёлғиз аёлнинг.

Эҳтимол, эшитмас ҳеч ким оҳини,

Кўзига ёш олар, қара, бирпасда.

Гўё безагандай севги боғини

Йўлда кетиб борар – ўзи гулдаста.

Қачон хайрлашди висоли билан –

Бахтнинг осмонидан ерларга тушди.

Шу ҳолда паришон хаёли билан

Эҳтимол, учмоққа шайланган қушдир.

Жони бахшидадир болажонларга,

Ёлғиз суянчиғи Худо – ёри бор.

Унинг парвозида полапонларга

Меҳр ташиётган қушнинг ҳоли бор.

Йўлида собитдир бу аёл, гарчи –

Қалбига чанг солган нобакор сайёд.

Унинг-ку бошини силамадинг кўп,

Энди манзилини яқин эт, ҳаёт!

* * *

Кафтингни оч, тила тилагинг,

Кўзларингда ўзимни кўрсам.

Майлими, ишқ майларидан маст –

Уриб турган юрагим берсам.

Кафтингни оч, тилагингни айт,

Тирилайин нигоҳинг билан.

Яшаб кетай, кун кўрай мен ҳам,

Озиқланай ҳар оҳинг билан.

Соғинчингга чидаб бўлмайди,

Нелар ўтди кўнглимдан, сездинг.

Тушунмайман бунинг сирини,

Чап қовурғам ўзингми эдинг.

Яшилланиб бораяпсан сен,

Бармоқларинг барг ёзган гулдир.

Меники-чи, дард ёзар нуқул,

Эҳ, дунёси шуми – бир пулдир.

Жоним бергим келар-у сенга,

Озор бергим келмайди рости.

Оғрисинми юрагим бунда,

Оғрисинми қовурғам ости...

* * *

Мунча мағрурсан кўксим, тоғ яшар юрагимда,

Мунча кўпдир армоним, доғ яшар юрагимда.

Қувончим бемор, дардим соғ яшар юрагимда,

Мунча сенга ошиқман, оҳ яшар юрагимда.

ЯНА КУЗ ҲАҚИДА

Сочларин сариққа бўяган фаслим,

Ўзини қуёшдан аяган фаслим.

Менга оғир ботар бундайин якун,

Кўкка қўл кўтариб бўлганинг таслим.

Қўлларинг бунчалар хазон талашган,

Наҳот ҳижрон ранги сенга ярашган?

Кимнинг келинисан, эй сариқ фасл,

Сени бу либосга кимлар ўрашган?

Булут соя солди кўнгил майлига,

Энди йўллар беркми ёмғир сайрига?

Интиқ қўлларингни узатма ортиқ,

Дили доғлиқ мендек йўли айрига.

Кўзингни кўзимга қадамагин, куз,

Шу сафар шоир деб атамагин, куз.

Юзингни юзимга босаверма кўп,

Йиғласам, холи қўй, индамагин, куз.

Шоди ОТАМУРОД