October 13, 2023

ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ ҲИКМАТИ  

Алишер Навоий ижодиётида “ўзликни англаш” – бош масалалардан биридир. Инсон маънавиятидаги ушбу муаммони мутафаккир турли асарларида турлича йўсинда шарҳлашга, тушунтиришга ҳаракат қилган. Бир қарашда содда туюлган ушбу масала, аслида, мураккабдир. Шунинг учун Навоийнинг бу жумбоққа оид бадиий-фалсафий талқинларини тушуниш ва тушунтириш ҳам осон эмас.

Улуғ шоир “ўзликни англаёлмаслик” тушунчасини “топмамоқ” – бугунги тил билан айтганда – “англаёлмаслик” сўзи билан ифодалайдики, бу ҳол ишни янада мураккаблаштиради. Ғазалларидан бирида “Эл нетиб топ­қай мениким, мен ўзимни топмамон” деб ёзади. “Топмамон” сўзи ҳозирда тушунарли бўлмагани сабабли, одамлар мазкур мисрани “Эл нетиб топқай мениким, мен ўзимни топмасам” шаклида “ғалати машҳур”га айлантириб юбордилар. Нутқларда, мақолаларда, сарлавҳаларда шу хато шакл машҳур бўлиб кетди. Оддий одамлар эмас, шоирлар, ёзувчилар, журналистлар, ҳатто айрим олимлар ҳам шундай қўлладилар. Мисра шу ҳолида ҳам жуда гўзал жаранглагани учун, уни қўллаётганлар аслиятини қидириб ҳам кўрмайдилар. Демак, ўзликни англаш шу даражада мураккаб ва чуқур жараён эканки, ҳатто Навоийдай буюк мутафаккир ҳам: “Мен ўз-ўзимни англаб ета олмайман-ку, эл – бошқалар, халойиқ мени қандай англаб етсин?”, дея нидо чекмоқда. “Ўзни топмоқ” – ўз-ўзини, ўзлигини англамоқ, “ўзни топмамоқ” эса ўзликни таниёлмаслик, англаб ета олмасликдир. Навоий шеъриятида “ўзликни англаш” ёки “англаёлмаслик”нинг бундай шакли кўп маротаба такрорланади.

“Садди Искандарий” достонининг 63-фаслида мазкур фалсафий-ахлоқий тушунча алоҳида бадиий шарҳланади. Фаслга “Ҳикмат” деб ном қўйилган ва у қуйидаги сарлавҳа билан бошланган: “Искандарнинг Арастудин саволи ул бобдаким, чун инсон дарки мақсуди аслий ҳақиқати идрокидин муарродур, нега сойир ҳайвонотдин мустаснодур” (Алишер Навоий. Тўла асарлар тўплами, 8-жилд. Хамса. Садди Искандарий. Т., 2011, 397-бет). Сарлавҳа “Ҳикмат” моҳиятини умумий тарзда мужассам этган. Шу боис, сарлавҳа моҳиятини тўла ва тўғри идрок этиш учун, унинг шарҳига ҳам мурожаат этамиз: “Искандарнинг Арастудан, модомики инсон фаҳми мақсаднинг асл ва тўлиқ ҳақиқатини идрок қилишдан ожиз экан, ўзга ҳайвонлардан не фарқи қолди?” – деб сўрагани” (Алишер Навойи. Хамса. Иноят Махсум ва Мавжуда Ҳамидова насрий баёни. Т., “Наврўз” нашриёти, 2019, 655-бет).

Матн ўқишли ва қизиқарли бўлиши учун насрий баён муаллифлари услубда илмийликдан бироз чекинганлар. Жумладан, “ўзга ҳайвонлардан не фарқи қолди?” ибораси фикримиз далилидир. Навоий бошқачароқ фикр айтмоқчи бўлган: “Искандарнинг Арастудан саволи шу ҳақдаким, инсоннинг фаҳми аслият ҳақиқати мақсадини аниқлашдан ожиз экан, у нимаси билан ўзга ҳайвонлардан ажралиб туради?” Юқоридаги матнда “дарк” сўзи – “фаҳм ва идрок билан аниқлаш, сезиш, билиш”, “муарро” сўзи – “бўш, холи”, “бирор-бир нарсани фаҳмлаш, идрок этиш қобилиятига эга бўлмаслик”, “мустасно” – “истисно”, “ажралиб туриш”, “имтиёзлилик” маъноларида қўлланган. Энди “мақсуди аслий ҳақиқати” иборасини яна ҳам тушунарлироқ шарҳламоқчи бўлсак, “илоҳиётнинг сир-синоатлари, инсон ва коинотнинг қандай пайдо бўлгани, асл моянинг нима эканлиги, азал ва абад қонуниятлари, яшашдан мақсад нима эканлиги” каби фалсафанинг бош масалалари англашилади. Буларни аниқ, тиниқ, тўлиқ тушуниб етишга, ҳақиқатан ҳам, инсоннинг ақли, фаҳми, идроки ожиз. Лекин у шу ожизлигини билади ва ўшаларни анг­лаб етишга тинимсиз ҳаракат қилади. Сарлавҳада оддий эмас, балки илоҳий ҳақиқат назарда тутилган.

Филология фанлари доктори Сувон Мели фаслдаги “Топмамоқ шиддати” иборасини махсус мақоласида алоҳида талқин этади (Қаранг: “ЎзАС”, 2023 йил, 25 август сони). Аввало, бир иборани айириб олиб талқин этишга уриниш тўғри эмас ва бу кутилган натижани бермайди. Чунки бор-йўғи 12 байтдан тузилган мазкур фасл фалсафий фикр-тушунчалар занжиридан иборат. Ана шу занжирнинг бир ҳалқаси узиб олинса, композицион бутунлик, фалсафий-мантиқий узвийлик барҳам топади. Қолаверса, “Садди Искандарий” достони тўғрисида номзодлик ва докторлик диссертацияларини ёқлаган олим Илёс Исмоилов асар композициясини махсус ўрганиб, ушбу фаслни “боб” дея ажратиш нотўғрилигини, у жойлашган бобда бундай бир неча қисқа фалсафий фасллар мавжудлигини, уларни ўзаро ажратмасдан, композицион бутунликда тадқиқ этиш тўғри бўлишини илмий асос­лаган.

Асл моҳиятни очиш учун, лоақал, фаслни тўлиқ шарҳлаш талаб этилади. Фасл диалог усулида ижод қилинган бўлиб, 2 савол ва 2 жавобдан ташкил топган. Искандарнинг дастлабки саволи қуйидагича ифодаланган:

Яна сўрди фармондеҳи ганжпош:

“Ки эй нуктада айлаган ганж фош,

Буким ашрафи халқ инсон эрур

Ки, Ҳақ сирри зотида наққош эрур,

Чу ул шамъдин равшан эрмас кўзи,

Ўзи ганжидин воқиф эрмас ўзи.

Недин бўлди бас илму ийқон аро,

Анинг бирла фарқ ўзга ҳайвон аро?”

Ушбу дастлабки саволда Искандар Арастудан сўраяптики, эй нозик маъноларни шарҳлашда билим хазиналарини сочувчи мукаррам зот, модомики жами яратилмишларнинг энг шарафлиси инсон экан (бу ўринда “халқ” сўзи “яратилмиш” маъносида), Ҳақ, яъни Оллоҳнинг илоҳий сирлари фақат унинггина зотида (сийратида) яширин экан, токи Оллоҳ ва унинг сирлари тимсоли – шамдан кўзи равшан бўлмаса, яъни илоҳиётни англаб етмаса, ўзининг руҳиятидаги хазинадан ғафлатда қолаверади. Инсоният шундай ғофил ҳолатда экан, ҳодисотни аниқ билиш, аниқ сезиш, аниқ англаб етиш илмида (илми ийқон) унинг ҳайвонот дунёсидан фарқи нимада?

Арасту Искандарнинг бу саволига жуда осон ва тушунарли жавоб беради:

Деди нуктапардози олий сифот

Ки: “Инсон эрур мудрики куллиёт.

Эрур ўзга ҳайвон бу ишдин бари

Ки, инсон эрур борчанинг сарвари”.

Нукта, яъни нозик маъноларни заковат билан пардозлаб гапирувчи “олийсифат” ҳаким Арасту айтдики: инсон бутун борлиқни идрок этиш салоҳиятига эга зот. Ўзга ҳайвонот дунёси бундай салоҳиятдан йироқ. Шу боисдан ҳам, инсон жамики мавжудотнинг сарвари ҳисобланади. Аслида, мана шу гапнинг ўзи Искандарнинг саволига етарли жавоб эди. Яъни Арасту аниқ қилиб айтдики, инсон бутун борлиқни идрок эта олади. Ҳайвонлар эса бундай салоҳиятга эга эмас. Шунинг учун инсон коинот гултожи, жамики яратиқлар сарвари сифатида ажралиб туради. Лекин Искандарнинг саволи бундан-да чуқурроқ моҳиятга эга ва у яна қўшимча жавобни тақозо этади:

Деди: “Билмаса улча мақсуд эрур

Ки, махфийдур ўзида, не суд эрур?”

Ушбу байтнинг мазмуни насрий баёнда қандай берилган бўлса, Сувон Мели ҳам уни зикр этилган мақоласида айнан келтиради: “Мақсад учун керакли билимини киши махфий сақласа, бундан не фойда?” Аслида, байтда бундай маъно ифодаланмаган. Саволнинг моҳияти, бизнингча, бундай: “Инсон “улча”, яъни ўшанча имтиёзи билан ўзида Оллоҳ махфий мужассамлаштирган мақсад-муддаони билмаса, унинг коинот сарвари бўлганидан нима фойда?” “Ўшанча” имтиёзнинг маъноси юқоридаги байтларда ифодаланган эдики, буни насрий баёнчилар ҳам, Сувон Мели ҳам эътибордан қочирган. Инсоннинг “ўзида махфий” имконияти “Ҳақ сирри зотида пинҳон эрур” жумласида акс этган.

Саволга Арасту бундай жавоб беради:

Деди: “Улча бордур ўзида ниҳон,

Билурдин фузунроқдур аҳли жаҳон.

Вале мунча билмишки, билмайдурур,

Бу мақсуд даркини қилмайдурур.

Ўзи билмаси англағон сўзу дард

Ани борча махлуқдин қилди фард”.

Ушбу байтлар мазмунини шарҳ­лаш­да ҳам Сувон Мели деярли айнан нас­рий баёндан фойдаланган. Газетадаги матн билан таққосланг: “Доно айтдики: – Жаҳон аҳли ўзига қанчалик фазилатлар беркитилганини билмагани ҳолда, билгандан ҳам афзалроқ ва улуғроқдир. Лекин инсон ўзига беркитилганини билмагани, ўз мақсад ва муддаоларини етарлича идрок этмагани ҳолда шунчалик кўп нарса биладики, ўзини ўзи яхши тушунмагани ҳолда англаган сўзлари – сўзлардаги маънолари, муддаою умидлари уни бошқа барча махлуқлардан ажратиб улуғлаб туради”. (Алишер Навоий. Хамса. Иноят Махсум ва Мавжуда Ҳамидова насрий баёни. Т., “Наврўз” нашриёти, 2019, 656-бет).

Лекин мустақил ёндашиб, янгича талқин этиладиган бўлса, бошқача мазмун чиқиши ҳам мумкин: “Ўзида қанча сир-синоат яширингани жаҳон аҳлининг ўзи билганидан ортиқроқдир”. Ҳозирги тил ўлчамлари билан ёндашиб, Навоий тилини тўғри тушуниб бўлмайди. Кўп талқинчилар шу масалада адашадилар. Навоий тузган бадиий жумлалар бугунги тилимиз андозаларига тушмайди. “Лекин, дейди яна Арасту, инсоннинг қанчалик кўп нарсани билишини билмаслиги, айни пайтда, энг олий мақсад – ўзликни анг­лашини фаҳм этолмаслигига сабаб бўлади. Айнан ўзини ўзи билмаслиги, тўлиқ англаб етмаслигини тушуниш, ҳис этиш дарди, ўзлигини англаб етиш йўлидаги куйиб-ёнишлари уни барча махлуқлар, яъни Оллоҳ яратган бошқа жонзотлардан айириб (фард этиб) қўйди”. “Билмаганимни билганим – бўлди менинг донолигим”, дейди Навоий шу маънога уйғун бошқа бир асарида.

Сувон Мели кашф этмоқчи бўлган ғоя қуйидаги байтда мужассам:

Талаб ранжи-ю, топмамоқ шиддати

Бўлубтур анинг мужиби шавкати.

Байтдан сўнг Сувон Мели: “Байтнинг маъноси насрий баёнда ўта ноаниқ ва сийқа ифодаланган”, деб муаллифлар шаънига қаттиқ гапириб юборган. Тўғри, уларнинг баёнлари нуқсонли, лекин “ўта ноаниқ ва сийқа” эмас-да. Шу нарсани тушуниш керакки, улар яшаган замонда на ўзликни анг­лаш ва на илоҳиёт сирлари ҳақида гапириш мумкин эди. Қолаверса, С.Мели олдинги байтлар шарҳида уларнинг баёнларидан фойдаланди. Бу – уларнинг қарашлари бугунги нуқтаи назарга батамом терс ёки жуда орқада эмаслигини билдиради. Ҳолбуки, С.Мелининг ўз талқинида ҳам ноаниқлик, мавҳумлик, умумийлик бор: “Ваҳоланки, мисрада талаб, яъни қатъият билан қилинган истакка етишмоқ машаққати ва топмамоқ шиддати ҳақида гап кетмоқда”. Байтда умумий “талаб” ва “шиддат” ҳақида гап кетаётгани йўқ. Унда олдинги байтларда изчил ёритиб келинган ўзликни англаш ҳақидаги фикрларнинг хулосаси, ечими акс этган. “Талаб ранжи” деганда инсоннинг ўзига нисбатан ўзлигини англаб етиш талаби ва бунга эришишнинг машаққатларини тушуниш мумкин. “Шиддат” сўзи ҳам бугунги маънода эмас. “Топ­мамоқ шиддати” деганда мутафаккир инсоннинг ўзлигини топиш, англаб етиш сари узлуксиз интилиши, умрбод матонат (шиддат) билан курашишини назарда тутган. Маълумки, инсон жами мавжудот орасида энг матонатли, иродали зот ҳам. У ўзлигини топмаса, шу билан қаноатланиб қолмайди, балки сабр-тоқат, матонат билан ўзлигини топиш сари давом этаверади. Унинг мана шундай матонатлилиги коинот сарвари янглиғ шавкатига сабабдир, дейди шоир.

Фаслда яна бир якунловчи байт бор:

Недин ўзгалар кўнглида тобдур

Ки, бу дарди ноёб-ноёбдур.

Ушбу байтда “ўзгалар” деганда, инсондан бошқа мавжудот назарда тутилган. “Тоб” сўзи куч-қудратни англатиб (“бетоб”, “тоби йўқ” иборалари маъносини эсланг), ҳайвонот дунёси қанчалик қувватли бўлмасин, унда ўзликни англаш туйғуси йўқлигини билдиради. Шоир бу ифодалар орқали ўзликни тополмаслик, англаб етолмаслик дарди ҳайвонот дунёси учун “ноёб-ноёб” – топилмас хислат эканлигини таъкидлаб, яна инсоннинг фазилатда ягона хилқатлигини сарафроз этади.

Нусратулло ЖУМАХЎЖА,

филология фанлари доктори, профессор