August 11, 2023

СОҲИБҚИРОН САБОҚЛАРИ  

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фондининг навбатдаги ҳамкорликдаги илмий-амалий конференцияси Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида бўлиб ўтди.

“Амир Темур ва Темурийларнинг дунё цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги мазкур анжуман юқори савияда ўтишига ҳисса қўшиш мақсадида фонд раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али раҳбарлигида бир гуруҳ олим ва ижодкорлар қардошлар юртида бўлдик.

Тарихчи олимлар, ижодкорлар, журналистлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этган анжуманда “Амир Темур шахсининг дунё оммавий ахборот воситаларида ёритилиши”, “Дунё адабиётида Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида биринчи роман”, “Амир Темурнинг Ўрта Осиё ва Россия халқлари тақдирига таъсири”, “Темурийлар даврида Самарқанд”, “Темурий шаҳзода Бобур ва Ўш”, “Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти – адолат тимсоли” каби мавзуларда маърузалар тингланди ва муҳокама қилинди.

Буюк давлат арбоби Амир Темур ҳаёти, фаолияти ва маънавий меросини, давлат бошқаруви, адолат тамо­йил­лари, инсон қадрини улуғлаш борасидаги қарашларини ўрганиш ва тарғиб қилиш бугунги кунда халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мус­таҳ­кам­лаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида баркамол авлод қилиб тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга эканлиги эътироф этилди, илмий-­ижодий ҳамкорлик ишлари кўламини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш хусусида фикр алмашилди.

Иштирокчиларга фонд томонидан нашр этилган китоблар туҳфа қилинди. Анжуман ўзаро самимий мулоқот ва савол-жавоблар билан ўтди.

Амир Темур ҳаёти, фаолияти, маънавий меросини тарғиб қилишдаги хизматлари учун Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Қирғизис­тон бўлимининг бир гуруҳ фаоллари фонднинг кўкрак нишони, фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Фондга ва меҳмонларга Ўш вилояти админстрациясининг эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистонлик ва қозоғистонлик меҳмонлар мезбонлар ҳамроҳлигида Ўш, Ўзган шаҳарлари, Арслонбоб қиш­лоғи тарихий обидалари, диққатга сазовор жойлари, қардош­лар юртининг содда, самимий, меҳнаткаш кишилари, мафтункор табиати билан танишдик. Илдизлари бир икки қардош халқнинг маданий, илмий, адабий алоқалари ва уларни янада ривожлантириш хусусида фикрлашдик.

Ҳабиб СИДДИҚ,

Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди Андижон вилоят бўлими раҳбари