УСТА СУЮН
Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларим иқтисодий география фанидан ўқитувчимиз мамлакат халқ хўжалигини ривожлантиришда темирйўлларнинг ўрни ҳақида гапириб, “бир изли темирйўл”, “икки изли темирйўл” деган жумлани ишлатди. Гапнинг очиғи, мен буни тушунмадим. Дарснинг охирида устозимиз “Саволлар бўлса марҳамат” деганларида ҳам, гапнинг рости, шуни ҳам билмадингми, деб синфдошларим уялтиришидан истиҳола қилиб савол бермадим.
Кечқурун ака-укалар дарс тайёрлаш учун тайёргарлик кўраётганимизда ушбу савол билан онамга юзландим. Онам эса: “Ҳозир даданг ишдан келсинлар, ҳаммасини тушунтирадилар”, деди.
Дадам ишдан келганларидан сўнг, у кишидан сўраб “бир изли”, “икки изли”, “кўп изли” темирйўллар ҳақида кенг тушунчага эга бўлдим. Нега темирйўлда ишламагансиз, деган саволимга дадам кулимсираб, кейинроқ билиб оласан, деб қўйди. Мен вояга етганимдан кейин дадам билан онамнинг бу маъноли кулимсирашларининг тагига етдим. Ўша пайтларда темирйўлда ишлаган маҳаллий йигитлар ўрис қизларга уйланиб кетади, деган тушунчанинг кучлилиги боис бувам билан момом дадамни ўқиган касби бўйича темирйўлда ишлатмаган эканлар.
Шу-шу форма кийган бу “сирли” касб эгаларига ихлосим ва қизиқишим ортиб борди. Тақдирни қарангки, ҳокимлик тизимида ишлаб юрган кезларим туманнинг бош архитектори лавозимида узоқ йиллар фаолият кўрсатган Қўлдош Суюнов билан ака-укадек бўлиб кетдик. Ўзаро гурунгларнинг бирида у кишининг отаси туманимизнинг илк маҳаллий темирйўлчиларидан бўлганини билиб қолдим ва ғузорлик бу биринчи темирйўлчи хаёлимни тарк этмади...
...Қўлимда Қўлдош ака Суюновнинг ёрдамида у кишининг отаси Суюн Эшбоевнинг ҳаёти ва меҳнат фаолиятининг айрим қирраларини ёритишга ёрдам берадиган, сарғайиб кетган, қийинчилик билан ўқиладиган қоғоз бўлаклари, расмий ҳужжатлар ва турли гувоҳномалар...
Бу манбаларнинг гувоҳлик беришича, биз ҳикоя қилмоқчи бўлган туманимизнинг биринчи маҳаллий темирйўлчиларидан Суюн Эшбоев (ҳужжатларда Ишбоев) 1906 йили Қашқадарё вилояти, Ғузор туманининг Тошгузар қишлоғида таваллуд топган. Оиладаги беш нафар фарзанднинг энг каттаси бўлгани учун ота-онаси барвақт вафот этиши натижасида 4 нафар ука-сингилларини боқиш ёш Суюннинг гарданига тушади. Худога айтгани бор эканми, қишлоғи ёнидан ўтган темирйўл бу етим болаларнинг жонига ора киради. Аввалига қўл учида рўзғор тебратиб юрган Суюн Эшбоев, ҳужжатлардан бирида қайд этилишича, 1928 йили (аслида ундан олдинроқ) Қарши темирйўл станциясига оддий ишчи бўлиб ишга киради. Ҳаял ўтмай рўзғорга қут-барака кира бошлади. Чунки темирйўлда ишлайдиганларга кунда, кунора махсус вагонларда нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, ойма-ой эса маош бериларди. Тиришқоқлигини, одамларни ўзининг орқасидан эргаштира олиш қобилиятини кўрган раҳбарият Суюн Эшбоевни 1936 йили Ашхобод шаҳридаги темирйўлчилар мактабига ўқишга жўнатди. Ўқишни аъло баҳоларга тамомлаган Суюн Эшбоев иш фаолиятини бригада бошлиғи вазифасида давом эттирди. 1938 йилда энди Ашхободдаги темирйўл усталари (мастерлари) тайёрлаш курсини ҳам тамомлайди ва шу йилнинг ўзида темирйўл мастери лавозимида фаолият юритди.
Суюн Эшбоевдаги ғайрат, шижоат, масъулиятни кўрган раҳбарият қайси участкада иш орқада қолаётган бўлса ўша жойга уни ишга юборарди. Топширилган вазифа нақадар мушкул бўлмасин ўзига билдирилган ишончни оқлаш масъулияти унга мадад бўлди. У раҳбариятнинг ва қўл остидаги ишчиларнинг ишончини ҳар доим оқлади.
Инсон ҳар бир ютуқ ва муваффақиятга ўзининг иродаси туфайли эришади. Ҳаётнинг синовлари кўп. Ундан ўтиб олиш учун иродали бўлиш лозим. Унга темирйўлда ишлаш осон бўлмади. Кўп қийинчиликларни бошидан кечирди. Кенг феъллиги, ажойиб хулқ-атвори, дарёдиллиги билан ҳаётнинг турли зарбаларига бардош берди. Бир сўз билан айтганда, эл назарига тушди. У йигирма беш йиллик меҳнат фаолияти давомида темирйўлчиликда катта тажриба тўплади, етук касб эгаси даражасига эришди. Аллоҳ унга қутлуғ ва шарафли кунларни насиб этди, меҳнатлари ўз вақтида юксак қадрини топди, “Темирйўл аълочиси” кўкрак нишони, кейин орден билан тақдирланди.
Халқимизда “Меҳнат ҳам эгиз, роҳат ҳам эгиз”, деган нақл бор. Суюн Эшбоев 1953 йил ноябрь ойида эҳтиётсизлик оқибатида 47 ёшида вафот этди. Етти нафар фарзанди бўтадек бўзлаб қолди. Рўзғор ташвиши турмуш ўртоғи Иззат Тоғаеванинг зиммасига тушди.
– Отам бутун ҳаёти давомида шахсий уй қурмаган, казармадаги темирйўлчилар учун қурилган уйда яшаб келганмиз. Қишлоқда фақат бизларнинг уйимизда телефон бўларди, – деб хотирлайди Суюн Эшбоевнинг ўғли, меҳнат фахрийси Қўлдош Суюнов. – Отам вафот этгач, уйимизга янги тайинланган темирйўл устаси оиласи билан кўчиб келди. Бизлар ҳам кўчада қолмадик. Темирйўл раҳбариятининг ёрдами билан казарма атрофидан шахсий уй қуриб олдик.
Оталари Суюн Эшбоев вафот этганда катта ўғли Йўлдош Суюнов 10 яшар, иккинчи ўғли Қўлдош Суюнов 4 яшар бола бўлган бўлса, укалари Хайрулла Эшбоев бешикда эди. Йўлдош Суюнов ҳарбий хизматга чақирилгунга қадар, укалари эса олий ўқув юртига киргунга қадар бир муддат оталарининг касбини давом эттириб темирйўлда ишладилар ва унинг қийинчиликларини бошидан кечирдилар. Қўлдош ака Суюнов шундай хотирлайди:
– “Темирйўлда 6-7 кишидан иборат қурилиш-таъмирлаш бригадаси бўларди. Бригадир ишчиларга иш бериб қабул қилиб олар, ҳар бир ишчининг бажарган иши бўйича наряд тузарди. Бундан ташқари, йўл назоратчилари (путевойлар) бўлиб, уларга 2та казарма оралиғидаги 7 километр йўлни смена бўлиб қишин-ёзин назорат қилиб, жетон алмаштириб келишган. Жетон алмаштириш назоратчининг мўлжалга бориб келганлиги белгиси бўлган. Йўл назоратчиси асбоб-
ускуналар солинган оғир сумка осиб юрган. Бу асбоб-ускуналарнинг энг оғири шпалга қоқилган қачовни суғурадиган ва шпалга қачов қоқадиган болға бўлган. Кечаси улар йўлни ёритиб борадиган керосинли фонус (фонар) кўтариб юрарди. Унда уч хил – қизил, сариқ ва рангсиз ойна бўлган. 1950-1955 йилларда темирйўлчиларга 4 киши жойлашадиган арава (пионерка) берилган. Кейинчалик каттароғи чиқди. Унга “Москвич” мотоциклининг мотори ўрнатилган бўлиб, бензин билан ҳаракатланарди. Казармада яшаганлар учун водянкаларда сув олиб келинган. Савдо қиладиган вагонлар ҳам бўлган. Ишчилар кийим-кечак, озиқ-овқат билан таъминлаган.
Қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди, деган нақл бор. Суюн Эшбоевнинг вафотидан кейин унинг ишини шогирдлари давом эттирди. Қурбон Абилов, Аваз Қурбонов, Худойберди Чориев каби темирйўл усталари устозларининг ишини ҳалол ва пок давом эттириб элга танилдилар.
От ўрнини той босар, деб бежиз айтишмаган. Темирйўлда ишлаган ишчиларнинг кўплаб фарзандлари оталари касбини давом эттирдилар. Суюн Эшбоевнинг фарзандлари айнан темирйўлчи бўлмасалар-да, уй-жой, ижтимоий маданий иншоотларнинг тархини чизиш ва қуришнинг ҳадисини олган, ўз ишининг моҳир усталари бўлиб етишдилар ва эл оғзига тушдилар. Иккинчи ўғли Қўлдош Суюнов архитектор, кичик ўғли Хайрулла Эшбоев бир умр қурувчи муҳандис бўлиб ишладилар, неваралари – ака-ука Тўлқин ва Каромат Рўзиев узоқ йиллар темирйўл соҳасида хизмат қилиб нафақага чиқди.
“Камтарлик – кишига зебу зийнатдир. Кимки соддаликда, ўзини тута билишда, кишиларга ҳурмат ва иззат кўрсатишда, покизалик ва қаноат бобида юксак ахлоқийлик кўрсатса, у одам камтариндир. Кимгаки Аллоҳ яхши номни, шуҳратни, шон-шарафни берибди, шукр қилган ҳолда, бу неъматни бир имтиҳон сифатида қабул қилса адашмайди”, деб ёзади Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Тоҳир Малик.
Ҳа, адиб айтганидек, Суюн Эшбоев соддаликда ҳам, одамларга меҳр кўрсатишда ҳам, қаноат бобида ҳам улкан ахлоқий фазилатларини намоён эта олган содда ва камтарин инсон эди. Камтаринлик бир умр унинг зийнати бўлиб қолди. Ҳақиқий фидойилик эса, ҳеч қачон унутилмайди. Темирйўлчилар формасини устидан ечмай бир умр ардоқлаган, “Уста Суюн” деб эли алқаган бу инсондаги жамики ижобий хислатлар қарийб бир асрдан буён унинг авлодларида – фарзандлари, невара ва чеваралари тимсолида ҳам намоён бўлмоқда. Улар қишлоқдошлари орасида “Уста Суюн”нинг авлодлари сифатида ардоқланса, авлодлар эса ана шундай кишининг зурриёдлари эканлиги билан фахрланишади, боболарининг мақтовга лойиқ ҳаёт йўли ва инсоний фазилатларидан ўрнак олишади.