ХИЗР ТАЁҒИ
Уч отлиқнинг олдда – бўз бияда кетаётгани – оқ-сариқдан келган, суяги йирик чол ёнбошга ярим ўгирилганча шундай сўзлаб бораётир:
– Барибир яхши иш бўлмабди. Ойназарнинг ҳам бола-чақаси бор. Қўли эгри бўлса ҳам, бўйнига олмаган бўлса ҳам таёқдан ҳатлаб бекор қипти. Ўзи бу ишнинг бошида турган Ўрин чолни болталайдиган. Шундай ҳам қиладими? Бир йилқи бир жигитдан азиз бўлдими? Сен, Салимбой, ўзинг кўрдингми, кални?
– Ҳа, ўзим кўрдим, – деди ортда келаётган йигит, – уйининг олдидаги ариқдан сув бойлаётган экан. Менинг бораётганимни сезмади, манглай – оппоқ...
Кўкламда ёюв кўрмаган қўй қўй бўлмайди. Бўйида бори шилта қўрада бола ташлайди, қолганлари ўпкасини сув босиб-олдириб ёзда кўксов-кўкйўтал бўлади – мол бўлмайди.
Кўкламда ёювда юрган сурув саратонда бир кафт ем емай бўрдоқи бўлиб юради. Худди манови саратондаям тиним билмаган отардай.
Ёз кечаси бир тутам. Кечанинг ярмига етиб кунчиқар бетдан шом еган яримдан катта, тугалдан миқти бўлиб, қонлиқ ўйнагали келган куёв каби баркашдай ой кўринади. У аввал-оқшом ер остига ўтиб кетган, энди бўлса кунчиқардаги Эгизак қиридан аста бўйлаётир. Ойнинг бир гардиши кўринганда унинг изидан, унинг ёруғи – тўшида чўпон кўринади. Қўлида таёғи, белида пичоғи – ой чироғида аниқ кўринди. Сўнг бирин-кетин серкалар, қўйлар қирга тирмашиб чиқди. Чиқдида, авайлаб пастга – қоронғи ўрага эна бошлади.
Шундагина уларнинг "ма-ма"лаган саси қулоққа етди. Чўпон эса таёғини қип-қизил ойга тираб жим турибди. Бу – Шаҳар чўпон. Шаҳар гунг ҳам, дейди одамлар. Билгани кўп, совуққон, чинини яширмовчи, меҳрибон ҳам. Алдаганни кечирмайди. Овулидагилар ичида илк бор шаҳардаги туғруқхонада туғилганидан шундай от қўйишган унга. Ўзи болалигида булбулдай сайраган бола бўлган, лекин етти ёшида қуюннинг ичида бир ўзи қолиб кетиб, қаттиқ қўрқув ваҳшатидан дудуқ бўлиб қолган. Қулоғи мутлақо эшитмайди. Аммо табиат унга тил-у қулоғининг ўрнига зўр хотира ато қилган. Бир кўрганни унутмайди, бир бор уқтирилган гапни эсдан чиқармайди. Лекин Оллоҳ берган олти фарзандиям соппа-соғ.
Шу Шаҳар чўпоннинг кўнглида бир гапи бор. Кўксини тўлдирган бир беадоқ соғинч бор. Унинг тўнғич ўғли ҳарбийда. Аёлининг айтишига кўра, жуда олис ўрмонда, ўрмон нелигини билмаган чўпон беадоқ шовуллаган ўрмонларни фақат онда-сонда телевизорда кўрган. Шу боисдан телевизорда табиатни, ўрмонни кўрсатса бас – кўз узмай хаёлга толиб қолади.
Чўпон силлиқ бўлиб кетган таёғини қўлидан қўймайди. Болалигида эшитгани – қулоғида қолгани – ирим эсида: Чўпоннинг таёғида Хизр алайҳиссаломнинг қўл изи бор.
Шаҳар бу гапга ишонгани бир томон, аммо қўлидаги заранг таёқнинг яна бир муқаддас жиҳати ҳам мавжуд. Бу таёқни ҳарбийдаги ўғли тоғда қўй ҳайдаб юрганларида кесиб келиб отасига тутқазган ва отаси эшитмаса ҳам "Бу – сизга!" деганди ёруғ табассум билан. Шу-шу бу таёқ даштлардай собит, доим сезгир Шаҳар чўпонга азиз бўлиб қолган. Шаҳар чўпоннинг тағин тўрт қиз, бир кенжа ўғли ҳам бор. Лекин тўнғичининг ўрни бошқа экан-да. Армияга кетган ўғлининг келиши шу куз адоғида. Буни аёлидан эшитган чўпон аср вақтлари кўкка боқади, кошки мезон учса, деб кўнгил қилади. Кузакда учадида мезон. Сўнг ўғли келади. Шаҳар чўпон шу зайлда ҳеч кимга ҳасратини айтолмай кун санайди. Бош фарзандини у ўзгача меҳр билан қумсаб юрибди. Қолган фарзандлари – Худонинг бергани бўлиб кўринарди.
Ойназ кал деганнинг манглайига мисоли отнинг тақаси шаклида оқ доғ тушди. Буни бировлар кўп мол ўғирлаганидан, етимнинг ҳақидан қўрқмаганидан, деб айтишади. Эмишки, қумқўрғонлик бир эшоннинг уйидан бойловдаги отини ургандан сўнг шундай бўлганмиш. Тағин колхознинг уюридан от ўғирлаганда, Ўрин йилқичи уни қасамга таяб, чўпон таёғидан ҳатлатганмиш. Ишқилиб, бу гапларнинг аниқ кўрдим, устида шоҳид эдим, деган бир гувоҳи йўқ. Борлариям бундай гумроҳ суҳбатга бош қўшгиси келмайди.
Ҳарҳолда бу воқеа Шаҳар чўпоннинг ўғли ҳарбийда пайтида бўлиб ўтди. Ойназ кал деганимиз аввал-бошдан бетутуруқроқ, бошлаганини адоғига етказмаган, отангга балли, сенинг, деб бировдан мақтов эшитмаган, ичувчи, отаси раҳматлини кўп чатнатган, хуллас – бу дунёни тирикларга тор қилиб, ўликларга кенг қилиб юрган гўрсўхта эди.
Шу Ойназ кал деганимиз билан Шаҳар чўпон бир қишлоқнинг одамлари эдилар. Уларнинг иккиси ҳам бир ариқнинг сувини ичган, бироқ табиатан бир-бирига бегона кимсалар эди. Шундай бўлса-да, дашт бир, оқар суви бир, уларнинг йўллари кесишиб турар эди.
Шаҳар чўпон асли элнинг қўйини боқиб, эл берган ош-ҳалол пулга ва ногиронлиги сабаб оладиган ҳемири нафақага қаноат қилиб, манглайига таёғини тираб олти болани одам қилиб келаётган, тўртовнинг боши бириккан жойга боролмаган, борса-да ўрни пойгак бўлган бир мискин киши эди. Аёли
Саратон ўтиб, сумбуланинг оқшомлари ҳил-ҳил эсадиган гармсел аралаш еллари эса бошлаган, аммо кундузлари жингиртоб иссиқ кунларининг бирида Шаҳар чўпоннинг сурувига эл тилида ботинка мошин дейилгувчи "Москвич-фургон" яқинлашди. Чўпон машинани – бийдай дашт оралаб келаётган қизил уловни таниди. Бу хўжасоатлик молқўшари – Ҳусанбой магазинчи. У чўпонга, унинг оиласига кийим-кечак улашиб кетар, аммо Ҳусанбой бу гал нега уйга бормай бу даштга улоқди экан?!
Чўпон машинадан кўз узмай тикилиб қолди.
Бу дашт кишиларида кам учрайдиган унинг жип-жингалак боши тўхтаган уловдан ташқарилади, ён эшикдан – ўғли бўлса керак, бир озғин йигитча ҳам тушди. Тағин машинадан чўпоннинг кичик ўғли ҳам ерга сакраб тушди. У– йўлкўрсатар. Аксинча, бу ҳаворда сурувни топиб бўладими?
Ҳусанбой Шаҳар чўпон билан қуюқ кўришди. Сўнг чўпонга ўғли тилмочлик қилиб, "Ҳусанбой тоғага ўз қўйларидан битта сўядигани кераклигини" тушунтирди.
Аксига олиб Шаҳар чўпон қаршилик қилди. Яъни қўйлар аллақачон қўчқорга кетиб бўлган. Сўйса – ҳаром, ҳомиласи увол...
Ҳусанбой тихирлик қилавергач, бир семиз такани тутиб бердилар. Ҳусанбой чўпоннинг чўнтагига бир дона Лениннинг расми бор қизил ўн сўмлик пулни тиқди. Аслида Ҳусанбойнинг бу отарда олти ё еттита жонлиғи бор эдиким, бу жониворлар сира кўпаймасди. Нима кўп – Ҳусанбойнинг келди-кетдиси кўп, хоҳлаган тўрт оёқли жониворни тута солиб сўяверса бўлади, деб ўйлайди у.
Шаҳар чўпон даштни чангитиб кетиб бораётган қизил фургон ортидан мамнун қараб қолди. Ва бир муддатдан кейин кўкрак киссасига қўл юборди. Ундан яп-янги ўн сўмликни олиб кўзига суриб қўйди.
Пешиндан оғиб куннинг шашти сал-пал ташлаётган пайт эди бу.
Ойназ кал ҳам даштда қўй-эчки боқарди. Аммо суруви бир ҳовучгина эди. Кимнинг ухлаб қолиб кетган қўзиси бўлса, "адашган" қўйи бўлса – Ойназарнинг молидан чиқарди. Албатта вақтида излаб-идарлаб боролса топарди.
Шаҳар чўпоннинг молига қизил фургон келган куни асрдан аввал Ойназ кал чўпонга дуч бўлди ва унинг ҳамёнидаги 10 сўмни ҳам кўрди. Шаҳар чўпон пулни унга болаларча мақтаниб кўргазди. Ойназнинг ичига бурга ўрмалади. Пул – бир яхши эчкининг пули эди.
Пулни Шаҳардан тортиб, қўрқитиб олиб бўлмасди. Унинг феълини эл қатори чўпон ҳам тушунар, аниқроғи, онг-шуури билан англар эди. Тортиб олай деса кучи етмайди. Табиат одил – кимнидир қай томондан қисиб қўйса, бошқа томондан етилтириб юборади. Шаҳар чўпон олтмишни қоралаб бораётган бўлса-да "мана-ман" деган ўттиз-қирқ ёшли йигитларнинг ҳам ўпкасини босиб қўёлар, боз устига ёмон кўрган кишисини аямай калтаклаб қолардики, икки дунё эсидан чиқмасдай бўларди.
Орадан бир кун ўтди. Отар ўша Бургутжар сари йўрғалаб, ортидан келаётган Шаҳар чўпонга бош бериб-бермай кун иссиғида елиб борарди. Бу қўй жониворнинг қизиқ одати бор: ҳар куни қаерга бориб тўхтаган бўлса, ўша ергача олдидан бўри чиқсаям қайтмай кетаверади. Буни чўпонлар ўз тилларида "ўриши қонди" деб баҳолайдилар. Ўриши – юриши қонмаган отарни тажрибасиз чўпон олдини қайтараман деб, бўлари бўлади – сурув қайтмайди. Шаҳар чўпон эса буни билади.
Сурув Бўрижарнинг остига етгунча пинак бузмай, кўк ҳангисида сурувдан кўз узмай, биров-ярим қолиб кетаётган ўғри эчкиларни "ҳайт-ҳайт"лаб бораверади.
Хуллас, сурув Бўрижарга етди. Отар тўхтади. Чўпон бир баланд қиррага чиқди – кўксига шамол тегди. Ҳангининг қозиғини эса этиклари билан санг ерга ярмигача ботириб қоққан бўлди.
Шунда кунчиқар тарафдаги ошувдан Ойназ калнинг қораси кўринди. У одатига хилоф равишда негадир бугун пиёда эди. Ўзига ўхшаган эчки-печкиси ҳам йўқ. У Шаҳар чўпонни кўра солиб сурувни оралаб у томон – Шаҳар чўпон турган қирга қараб чопа бошлади. Унга боқиб турган чўпоннинг авзойи ўзгарди. Сийрак соқоллари титраб, лаби қимтилди. Ичида “Нима жин урди бу кални” деган бўлса неажаб. Кал чўпон сари югураркан қиррасидан йиртила бошлаган дўпписини унга силкитар, юзида алланечук қувноқлик ҳам бордай эди. "Ё, пирим-эй! Эшаги эгиз туғдимикин?"
У пайтда ҳали унинг манглайида оқ доғи йўқ эди.
Ойназ кал Шаҳар чўпон қошига етгунча чўпон хуржунидаги идишдан илиб қолган сувни олиб оғзини чайди.
Ойназ ниҳоят чўпонга беш-олти одим қолганда ҳарсиллаб тўхтади ва худди бирданига эси оғиб қолган одам каби қийшанглаб рақс туша бошлади. У терлаб кетганди. Беўхшов рақс тушаркан пайтава ўралган латта этигини тик турган кўйи силтаб-силтаб ечиб ташлади. Оёқлари терлаб оқем бўлиб кетганди.
– Тим, кал?! – деди ниҳоят ҳам ғазаби, ҳам ҳайрати ошган чўпон ўз тилида. Бу нима гап, нима демоқчисан, дегани эди.
Шунда Ойназ кал муддаога кўчди: қўлларини қарсиллатиб Шаҳар чўпондан пул сўрай бошлади. Айни дамда беўхшов тиржайишини ҳам қўймасди.
Чўпон дарғазаб бўлиб болаларча эҳтиёткорлик билан кўкрак киссасини босди.
Ойназ калга шу керак эди. Овоз чиқариб, бир вақтнинг ўзида имо-ишоралар билан тушунтира бошлади:
– Улинг келди армиядан, – Ойназ кўрсаткич бармоғини пастга чўзиб – ўғил бола белгисини қилиб тағин рақс муқом қилди. Қўлини чаккасига тираб, "чест" берган бўлди – ҳарбийни англатди. – Суюнчини чўз.
Шаҳар чўпон шаҳрини бой берди. Бир умр ёмон кўриб юргани – Ойназ кални қандай қилиб бағрига босганини билмай қолди. Уни ердан узиб бир айлантирди-да, ўз тилида саволга тута кетди:
– Улим-ма, келганма, кўрдингма... а-а-а...
Чўпон Ойназарга нафақат кечаги ўн сўмини, ёнида терлаб-қотиб юрган уч сўмини ҳам тутқазди ва унга сурувни топширди:
– Сен боқ, кал, сен боқ, мен бораман-ма, диба сўяман-ма... Жешакни оборасан-ма...
Ойназар чўпонни тўлиқ тушунди: сурувни сен боқ, мен уйга бориб қўй сўяман, ўғлим келган, дея энтикарди бу дашт бандаси.
...Қўйнинг ўришдан уйгача бўлган йўл тўғри ҳисоб қилганда ҳам ўн чақиримдан кам эмасди. Эгнида тўн, бошда телпак, оёқда кирза этик билан Шаҳар чўпон уй томон учиб кетди.
Чўпон уй ёнига ҳорган, терга ботган кўйи ҳансираб етиб келди ва кўргани эшакда ўтирган ўғилчаси ва супа устида анқайиб турган аёли бўлди. Шаҳар чўпон уй соясига ўтираркан бошидаги телпакни аччиқ алам билан олиб ерга урди. Тағин аламдан атрофга бемаъно тикилди. Ўзидан сал нарида ётган жўхори сўтасини қотиб турган аёлига қарата отди. Зилдай ҳўл сўта қўрқувдан энкайган аёлнинг елкасига тегди. Аёл оғриқдан майишиб, чит кўйлаги ҳилвираб ерга таппа ўтириб қолди. Сўнг ўзига келиб тилга кирди:
– Сенга нима бўлди ерюткур, мол қани?
Аёл имо-ишоралар билан эрига сўзларини тушунтирди. Гарчи бу сўзларнинг маъниси чўпонга кундай равшан эди. Чўпон баттар тутақди ва ўзини бироз босгандек, айб аёлида эмаслигини англаган каби бидирлай бошлади.
– Кал, кўкимшин кал, улинг келган, панқ қилгичдан келган деган, пул, қизил пулимди олған...
Она ҳам, бир дамлик шовқиндан сергак тортиб томорқадан чиқиб келган қизлар ҳам, эшак устидаги болакай ҳам йиғлаб юбордилар. Улар Ойназар калнинг қилмишини тушуниб, алам ва соғинчдан, тилсиз чўпоннинг алдангани, масхара қилинганидан йиғлаб юбордилар.
Ҳали ҳарбийдаги ўғилнинг қайтишига камида икки ой бор эди.
– Ойназ кал отаси қилмаган қилиқни қилиб манглайига соч қўйибдими? – дейди отлиқларнинг бири тағин ўсмоқчилаб.
– Эшоннинг отини ўғирлаган экан, манглайидан пес бўлиб қолган эмиш... – дейди ҳамроҳи. – Ўғирламадим деб оёқ тираб туриб олибди. Шунда даштда юрган Шаҳар гунгнинг таёғидан ҳатлатишибди. Икки қўлини ёқасига жуфт қилиб таёқдан ҳатлабди Ойназ. Бекор иш қилибди-да...
– Чўпоннинг қўриқчиси бўлади. Таёғини пайғамбарлар ушлаган. Шаҳар чўпон ҳам Худонинг суйган қули – билсаларингиз. Унинг таёғи эллик йиллик таёқ. – Олдинда кетаётган чол ўзига ўзи гапиргандек бамайлихотир гапириб бораркан, тагидаги ювош йилқисининг қулоғига учиб келиб илашган мезонга боққанча йўлида давом этарди – Ўтган жумада имом бир гурунгни айтиб берди. Эшитасизларми?
– Ҳа, айтаверинг, бобо, – деди ҳамроҳларидан бири.
– Мусо пайғамбар бир биёбондан ўтиб кетаётса, кичик тепалик ортидан бировнинг овози келаётган эмиш. Бориб қулоқ солса, бир чўпон осмонга қараб шундай деётган экан: Эй, Художон! Мен бир нотовон бандангман. Намоз ўқишниям, ибодат қилишниям билмайман. Ўзинг кечир. Қўлимдан келадигани қўй боқиш. Қўйингни бер, энчи* олмай боқиб бераман. Чориғингни ташлаб юбор, бепул ямаб бераман. Лекин гуноҳимни кечир..!
Мусо алайҳиссалом чўпонга дакки берибди: Эй, нодон чўпон! Парвардигорга бундай дейишга нима ҳаққинг бор?! У тенгсиз, эҳтиёжсиз зот, сенга муҳтож эмас! Унинг сенга боқтирадиган қўйиям, сенга тиктирадиган чориғиям йўқ.
Авом чўпон мулзам бўпти, афсус чекибди. Шунда осмон-у фалакдан пайғамбарнинг ўзи эшитадиган овоз келибди: "Эй, Мусо! Сен менга чин юракдан ибодат қилаётган бандамни ранжитдинг! Хатонгни тўғирла!" Пайғамбар чўпоннинг кўнглини олиб, ундан узр сўраб ўз йўлига кетган экан.
Шаҳар чўпон ҳам шундай безиён одам...
Бу отлиқлар шу кетишда Шаҳар чўпоннинг ҳарбийдан қайтган ўғли билан кўришгали – аскар тўйга кетаётган эдилар.