БАСИРАТ КЎЗИ
У кейинги пайтлардаги эридаги ўзгаришлардан ҳайрон, ҳатто бироз хавотирга ҳам тушиб қолди. Ёши қирқни қоралаган, катта бир хусусий корхона эгаси бўлган эри авваллари доим шошиб-пишиб юрар, уйда кам бўлар, вақтини кўпинча ишхонасида ва улфатлари даврасида ўтказарди. Энди эса, тез-тез уйда қолиб дам-бадам хаёл суриб ўтирадиган бўлиб қолди. Анчайин қўрс ва айтганидан қайтмайдиган қайсар бу одамнинг ўз-ўзидан мулойимлашиб қолгани унга аслида маъқул эса-да, “ишида бирон-бир муаммоси бормикан, ё касал-пасал бўлиб қолдимикан-а”, деган ўйда безовталана бошлади.
Энг қизиғи, бу кап-катта эркак кеча иккита оқ сичқон сотиб олиб келгани ва уларни қафасга солиб соатлаб тикилиб ўтиргани уни бутунлай лол қолдирди. Эрига “Буларнинг турқи бунча совуқ, ундан кўра балиқли аквариум олганингиз яхши эмасми эди”, деганида, эри нима деди денг? “Эй, хотин, сен нимани ҳам билардинг, балиқ гапирмайди, булар эса гапиради. Қара, улар менга ўхшайди, йўғ-э, мен уларга ўхшар эдим...”, деса борми?
У кўзларини катта-катта очганча эрига қараб-қараб қўйиб, чиқиб кетди. “Бу кишига аниқ нимадир бўлган – хаёли жойида эмас, гаплари ҳам алмойи-жалмойи. Энди нима қилдим, ўзига бирон нима деб бўлмаса?”. Аёл ўйлай-ўйлай эртадан қолдирмай бу ҳолни қайнотасига билдиришни кўнглига тугди.
Ўз тадбири ўзига маъқул келди-да, эрининг телевизор кўриб ўтирганидан фойдаланиб, “Бугунги ишни эртага қўйма” деган нақлга амал қилди ва “катта” уйларига сим қоқди. Телефон гўшагини кўтарган қайнонаси билан ҳол-аҳвол сўрашиш асносида аҳволни қандай баён қилсам, дея ўйлана бошлади.
Баҳона ҳам ўз-ўзидан топила қолди ва қайнонасига, “эртага, ўтганлар хотирасига бир ис чиқариб юбормоқчийдим, шунга отам билан келиб-кетсаларингиз девдим”, деди. “Ўзи набираларни соғиниб ўтирибмиз, бир ўтмоқчи бўлиб тургандик, болам”, дея қайнанаси розилик билдирди.
Тонг отгач, эрини ишга кузатаркан, “онам телефон қилган эдилар, бугун келишар экан. Ош дамлаб қўяман, эртароқ қайтсангиз”, деди.
Келин ошнинг гуручини солаверсамми-йўқми деб турганида, қайнота-қайнонаси бир қучоқ совға-саломлар билан кириб келишди. Кенг меҳмонхонага жойлашиб, набираларини суюб-эркалаш билан андармон бўлишди. У елиб-югуриб дастурхон тузатди, меҳмонларга чой қуйиб узатди ва яна ошхонага қайтди.
Ошни дамлаб, қайнота-қайнонасининг чойидан хабар олиш учун залга кирганида кўрдики, кичкинаси сичқонларни қафаси билан кўтариб кириб, бобосига мақтаниб турибди.
Қайнотасининг авзои бузилди, лекин буни билдирмади. Келинига, “Бу қай бирингнинг ишинг?” дегандай қараш қилди.
Қайнонаси эса, “Мен жуда қўрқиб кетдим, болам, буларнинг касал-пасали бўлса сенга юқиб-нетиб юрмасин, ташқарига чиқариб қўя қолгин”, деди ва чолига қаради.
– Келин, бу сичқон боқиш ҳунари кимдан чиқди? – деб сўраган қайнотасига ноилож қолиб, сичқонларни эри олиб келганини айтди. Сўнг, мингдан-минг хижолат чекиб, тутила-тутила “Ўғлингиз шу сичқонларга ўхшармиш, бу гапни уларнинг ўзлари айтдилар”, дея олди холос.
“Сичқонга ўхшармикан, шунга фаҳми етган бўлса, яхши”, деди ўйланиб қолган қайнота жилмайиб. Қайнона-келин бир-бирига илкис қараб анграйганча туриб қолишди.
Хонадон соҳиби ҳам уйга қайтди. Ота Қуръон тиловат қилди, чўзма синдирилиб, келин сузиб келган ош ҳам ейилди. Дастурхон йиғиштирилиб, аччиқ чойга навбат етгач бобо. “Ўғлим, ишларинг яхши кетяптими, нима гаплар?” деб сўради.
– “Ҳаммаси яхши, ота, ишлаб юрибман”, – деган жавобини эшитган онаси: – Сичқон муборак, болам, фақат биз қариялар бу ҳаром нарсани уйингизга олиб келганингиз ҳамда булар менга ўхшайди, деганингизнинг маънисига дим етмай турибмиз-да? – деди.
Хотинига бир қур қараб олиб, сукутда турган ўғлига ота:
– Ҳа, ўғлим, мен-ку ниманидир англагандайман, лекин онангиз ҳамда келинга ўзингиз тушунтирмасангиз уларнинг кўнгли тинчимайди-ёв, – деб қўйди.
Ўғил ерга тикилганча сўзга кирди:
– Ота, шу ишхонамдаги омборда сичқон пайдо бўлиб, ҳамма жойни илма-тешик қилиб ташлади. Сичқон дегани жимитдай бўлса-да, анча ўзига пишиқ ва айёр жонивор экан. Қопқон ҳам қўйдик, биттаси тушгач, бошқаси тушмай қўйса денг – қопқонга чап беришни ўрганиб олибди. Дориланган емак қўйдик, бир-иккиси заҳарланиб ўлгач, бошқалари заҳарли емакка қарамай қўйди. Ишчиларимиздан бири битта мушук топиб келтирди. Мушук ин оғзида пойлайди, бошини чиқарган ўғри сичқонни таппа босади, денг. Сичқонлар икки-уч кунда даф бўлди – ё бари мушукка ем бўлди ёки мушукдан қўрқиб, ўзларини бошқа ёққа уриб кетди. Шундай қилиб сичқонлардан қутилдик...
Шундай дея туриб, ўғил бироз тин олди. Кампирининг чимирилганча ўғлига оғиз жуфтлаётганини кўрган ота, сабр қил, дегандай бошини чайқаб қўйди.
– Шу сичқоннинг омбордан ўғирлик қилиб кун кечиргани, бизнинг кўрган чораларимиздан баҳоли қудрат қочгани ва охири мушукка ем бўлганини кўриб, ўйланиб қолдим... – паст товушда деди ўғил. – Мен ҳам нафсга берилиб, ўзимни уддабурон билиб, фойданинг кетидан кўр-кўрона қувмадимми?.. Дунёда кўп нарсага енгил-елпи қараб яшаётганимни, даромадни солиқдан яшириш, қонунларга чап бериш кундалик одатимга айланганини хаёлимдан ўтказдим. Бу чора-тадбирларим шу махлуқ сичқоннинг айёрлиги каби вақтинча эканлигини, сичқон мушукка ем бўлганидек, мен ҳам ўзимни йиғиштирмасам бир кун ҳолим хароб бўлишини, қонун олдида жавобим қаттиқ бўлишини тушуниб етдим. Шундай қилиб, митти сичқон менинг тўғри хулосага келишимга сабабчи бўлди... Бир ҳафта ўтириб, ҳамма ҳисоб-китобларимни жой-жойига қўйдим, солиқларни тўладим. Қонунга тўғри келмайдиган бор олди-берди ишларимга нуқта қўйдим. Бор, гап шу.
– Ҳа ўғлим, шундай бўлсин! – деди ота. – Оллоҳ ўзи меҳрибон. Тўғри йўлга соламан деса ҳеч гап эмас! Басират кўзингни бир сичқон мисолида очгани учун Ўзига ҳазор шукр.
Сўнг анграйганча ўғлига қараб қолган хотини ҳамда келинига:
– Энди тушунгандай бўлдиларингми, унда сичқонга ҳам бир раҳмат деб қўйинглар-а, – дея ҳазиллашиб қўйди.