May 11, 2023

Музаффар АҲАДЖОНОВ

Музаффар АҲАДЖОНОВ

ВАРРАК

Акам ясаган варрак

Учади оққуш мисол.

Осмонларни қучади,

Гўё кўкдаги хаёл.

Шамол билан ўйнашиб

Пастга шўнғийди гоҳи.

Пориллайди думлари,

Қилиб юрак ўйноқи.

Олти бола бир варрак

Завқидан сув ичамиз.

Гўёки осмонларда

Ўзимиз ҳам учамиз.

ШУМТАКАЛАР

Устоз, дер: “Бордир йўл

Қоидаси!” – Биламиз,

Қўрқманг, ахир, биз ҳам ўз

Фойдамизни қиламиз.

Йўл четида туради

Светафор акамиз.

Қараб қош-қовоғига

Йўлни кесиб ўтамиз.

Кўзи қизарса, огоҳ

Этар ҳавфдан, кутамиз.

Сариқ рангда шайланиб,

Кўк ёнганда ўтамиз.

Музаффар АҲАДЖОНОВ