ҚОНДОШ ЮРАКЛАР САДОСИ
Ўтган ҳафта мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамият касб этган бир қанча воқеалар рўй берди, турли тадбирлар, иқтисодий форумлар, маданий-маърифий марафон ва фестиваллар бўлиб ўтди. Қашқадарё вилоятида ўтган Қорақалпоқ адабиёти кунлари эса, юртимиз маданий ҳаётида тарихий воқеа бўлди. Ушбу завқли адабий анжуман адабиёт байрамига, маънавият, дўстлик, қардошлик байрамига айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан миллий адабиётимизни изчил ривожлантиришга, шоир ва ёзувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга, китобхонликни, мутолаа маданиятини кенг тарғиб этишга қаратилган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Маълумки, Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида маданият ва санъат, маънавият ва мафкура соҳаларини янада ривожлантириш бўйича алоҳида топшириқ ва вазифалар белгилаб берилган, давлатимиз раҳбари қорақалпоқ адибларининг маҳорати, серқирра истеъдоди, бетакрор ва мафтункор асарлари ҳақида самимий фикрлар билдириб, мамлакатимиз бўйлаб қорақалпоқ адабиёти кунларини ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди. Мазкур топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамкорлигида “Қорақалпоқ адабиётини янада ривожлантириш, боқий қадриятларимизни улуғловчи юксак савиядаги бадиий асарлар яратилишини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури” ишлаб чиқилди. Мазкур Дастурга кўра, шу йил 9-11 ноябрда Қашқадарё вилоятида Қорақалпоқ адабиёти кунлари бўлиб ўтди. Ундан аввал Хоразм, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида шундай тадбирлар ўтказилган эди.
Қорақалпоқ адабиёти ҳақида фикр юритганда, яқин йилларда ўн олти жилддан иборат “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари” нашрга тайёрлангани, унга “Қирқ қиз”, “Маспошшо”, “Шаҳриёр” каби қорақалпоқ халқ эпослари, қорақалпоқ халқ эртаклари, Жиян Жиров каби халқ оқинлари, шунингдек, мумтоз шоирлар Бердақ, Ажиниёз, Кунхўжа, ХХ аср адабиётининг йирик вакиллари Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қаипбергенов, Жиянбой Избосканов ва бошқаларнинг асарлари киритилганини қайд этиш ўринли бўлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан нашр этилган, туркий халқлар адабиётининг энг сара намуналари жамланган “Туркий адабиёт дурдоналари” туркумидаги юз жилдликда қорақалпоқ адабиётига муносиб ўрин ажратилган. Буюк шоир, олим ва машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 540 йиллиги муносабати билан “Бобурнома” асари қорақалпоқ тилига илк бор тўла таржима қилинди. Ўзбекистонда яшаб ижод қилаётган бошқа миллатга мансуб адибларнинг шеър ва ҳикояларидан тузилган ва ўзбек тилида нашр этилган “Ўзбекистондадир бахтим, толеим” номли жамоа тўпламида қорақалпоқ ижодкорларининг асарлари салмоқли ўрин эгаллаган.
Ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг қон-қондошлик, жон-жондошлик алоқалари узоқ ўтмишга бориб боғланади. Адабий алоқаларимизнинг илдизи ҳам чуқур ва азалдан бир-бирига мустаҳкам боғлиқ. Асрлар мобайнида шаклланган хусусият ва фазилатлари билан қорақалпоқ адабиёти миллий адабиётимизга пайванд, жумладан, жаҳон адабиётига чамбарчас уланиб кетган.
Пойтахтимизда барпо этилган Адиблар хиёбонида қорақалпоқ адабиётининг уч улуғ намояндаси – Бердақ, Ибройим Юсупов ва Тўлепберген Қаипбергеновга муҳташам ҳайкал ўрнатилган. Ўзбек ва қорақалпоқ дўстлигини авж пардаларда куйлаган устоз Абдулла Ориповнинг қуйидаги сатрлари юракларимизнинг уришига ҳамоҳанг янграб туради:
Мен ўзбек, сен эса қорақалпоқсан,
Турклар дунёсида сен ҳам урвоқсан,
Гар мен тупроқ бўлсам, сен ҳам тупроқсан,
Ўзбекка азалий қариндош, иним.
Мана – бу Ибройим, Тулепберган бу,
Қорақалпоқ бахтин тилаб юрган бу,
Яратгандан ҳаққин сўраб турган бу,
Илоё бошгинанг бўлсин тош, иним.
Қорақалпоқ адабиёти кунларининг очилиш тантанаси Қарши давлат университетида бўлиб ўтди. Дорилфунун ҳовлисида қорақалпоғистонлик меҳмонлар мусиқа садолари остида, гуллар билан кутиб олинди. Бино пештоқида: “Қорақалпоғистонлик ижодкор дўстлар, Қашқадарё вилоятига хуш келибсиз!”, “Қорақалпоқ адабиёти кунларига хуш келибсиз!” каби даъваткор сўзлар ёзилган баннерлар майин куз шабадасида ҳилпираб туради.
Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовнинг “Қорақалпоқ адабиёти кунлари қатнашчиларига табриги”ни вилоят ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси, шоира Зиёда Аминова ўқиб эшиттирди.
– Президентимиз қорақалпоқ адабиётини ҳамиша қўллаб-қувватлаб келадилар. Қорақалпоқ адабиёти кунларини ўтказиш тўғрисидаги ташаббус қорақалпоқ шоир ва ёзувчиларини ғоятда мамнун этди, – дейди Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримов. – Бундай адабий анжуманлар қорақалпоқ тилида ижод қиладиган адибларга катта куч, илҳом беради, шунингдек, қорақалпоқ адабиётини мамлакат бўйлаб тарғиб этишга хизмат қилади.
Очилиш маросимида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир Бахтиёр Генжамурод, “XXI аср” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Норқобил Жалил, “Амударё” журнали бош муҳаррири, Қорақалпоғистон халқ шоири Халилла Даўлетназаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Қашқадарё вилояти бўлими масъул котиби, шоир Ғулом Эгамшукур ва бошқалар сўзга чиқиб, ўзбек-қорақалпоқ адабий алоқаларининг самараси ҳақида гапирдилар, инсоният ва дунё учун ҳамиша зарур бўлган азалий ва абадий туйғу ва тушунчалар ифодаланган, Ватан, Тинчлик, Дўстлик мадҳ этилган шеърларидан намуналар ўқиб бердилар. Айниқса, Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуқаҳҳор Раҳимов топқирлик билан ижро этган термаларда нафақат ўзбек бахшиси, балки қорақалпоқ жировининг ҳам қалб тўлқинлари, халқларимизнинг бахт-саодатини куйлаётган палладаги илҳом тошган чеҳраси акс этди.
Анжуман қатнашчилари Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабини бориб кўрдилар. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳайкали атрофида жам бўлган шоир, ёзувчи ва адабиётшунос олимлар улуғ устоз билан боғлиқ воқеаларни ёдга олдилар, шеърларидан намуналар ўқидилар. Бу ерда самимий ижодий мулоқот бўлиб ўтди. Меҳмонлар мактабда ташкил этилган Абдулла Орипов музейида бўлиб, “Фахрий меҳмонлар китоби”да эсдалик учун дастхат қолдирдилар.
Кўҳна Қашқадарё заминида тарихий ёдгорликлар, зиёратгоҳлар бисёр. Президентимиз ташаббуси билан обод этилган ХI-ХII асрларда яшаб ўтган улуғ аллома Абу Муин ан-Насафий мажмуаси ана шундай муқаддас қадамжолардан бири. Меҳмонлар ушбу тарихий ёдгорлик мажмуасида бўлиб, нодир қўлёзмалар ва ноёб китоблар сақланаётган кутубхона фаолияти билан танишдилар. Қадимий масжид, асрий тут оғочи асрларнинг сир-асроридан сўзлаб турибди. Тарихий меъморлик анъаналарини, ўтмишда ўтган қўли гул уста ва ҳунармандларнинг маҳорати, хаёл парвози, нозик ва нафис туйғуларини ўзида акс эттирган гўзал мажмуадаги музайян обидалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Адабиёт кунлари Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида давом этди. Эътиборлиси, мазкур олий ўқув юртида кўплаб қорақалпоғистонлик талабалар таҳсил олади. Институт ректори Орифжон Бозоров тадбирни очиб, ўзбек ва қорақалпоқ адабий алоқалари ҳақида атрофлича тўхталди. Анжуман давомида атоқли адиб, истеъдодли кинодраматург Ғафур Шермуҳаммаднинг “Марди майдон”, Кенгесбой Каримовнинг “Оғабий”, “Масофалар”, Муратбай Низановнинг “Ақчагул”, Бахтиёр Генжамуроднинг “Юракнинг ўртли осмони”, Соғинбой Иброҳимовнинг “Йўл ўртаси”, публицист, адиб Бўритош Носированинг “Армуғон” китоблари тақдимотлари бўлиб ўтди. Шунингдек, Мўйноқ ҳаёти акс этган “Тенгиз” номли бадиий фильм ҳақида давра суҳбати уюштирилди.
Адабиёт байрами Китоб туманига кўчди. Туманнинг Яккатут қишлоғида туғилиб камолга етган. Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон таваллудининг 60 йиллиги айнан қорақалпоқ адабиёти кунлари тадбирлари доирасида нишонланганида ҳам рамзий маъно бор. Шоир қорақалпоқ адабиётининг фаол тарғиботчиси, қардош адиблар асарларининг фидойи таржимони саналади. Уни қорақалпоғистоннинг ҳар бир овул, кенти, қишлоғини беш қўлдай яхши билади, Амударё Ўзбекистондан Қорақалпоғистонга оқса, Рустам Мусурмон таржимон сифатида қорақалпоқ адабиёти дарёсини Нукусдан Тошкентга қарата оқиза олди, шунинг учун у Қорақалпоғистон халқ шоири унвонига ҳар жиҳатдан муносиб, деб алқашади.
Анжуманда сўз олган ижодкорлар ўзбек ва қорақалпоқ адабий алоқалари ҳақида гапириб, бу алоқаларнинг янада мустаҳкамланишида шоир, адиб ва таржимон Рустам Мусурмоннинг фидокорона хизматлари, саъй-ҳаракатларини якдиллик билан эътироф этдилар.
Кечагина давраларда ёш шоир бўлиб ҳайқириб шеър ўқиб юрган Рустам Мусурмон бугун умрнинг олтмишинчи довонини ортда қолдираётир. Адабиётда ўз сўзи ва ўрнига эга шоир ушбу белгили ҳаёт ва ижод маррасига катта ижодий хирмон билан етиб келди. Шу муносабат билан Китоб тумани ҳокими йўллаган табрикни ҳоким ўринбосари Ойбек Шаропов ўқиб эшиттирди, Уюшма аъзоси Хуршид Нуруллаев, яккабоғлик ижодкор Жонимқул Тўра шоир Рустам Мусурмонга аталган табригини, Қорақалпоғистон адибларига бўлган эҳтиромини ўз шеърларида изҳор этишди.
Мезбонлар: “Олтин бошингиз ҳамиша омон бўлсин, қорақалпоғистонлик жигарларимиз!”, деб меҳмонларга китоблик чеварлар кўз нури, қалб қўрини бериб тиккан миллий дўппиларни кийгизишди.
Қорақалпоғистонлик ижодкорлар Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган Шаҳрисабз шаҳрининг диққатга сазовор жойларини, Оқсарой, Дорут-тиловат, Дорус-саодат мажмуаларини зиёрат қилишди. Аждодларимизнинг буюклиги ва улуғлиги, куч-қудрати, ақл-заковати ва салоҳияти намойиши бўлган ушбу ёдгорлик мажмуаси қорақалпоқ шоир-ёзувчиларида чуқур таассурот қолдирди.
Шаҳрисабз давлат педагогика институтида Қорақалпоқ адабиёти кунларининг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир аввалида институт ректори Жамшид Шоназаров сўз олиб, бундай учрашувлар икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш йўлида салмоқли қадам бўлишини айтиб ўтди.
Худо ўзбек билан қорақалпоқни эт билан тирноқ, кўз билан қош этиб яратган. Бир дарё, бир замин, бир осмон билан сийлаган. Ўзбек – ўзбек тилида гапирадиган қорақалпоқ, қорақалпоқ – қорақалпоқ тилида сўйлайдиган ўзбекдир, қорақалпоқ адабиёти ниҳоятда ранг-баранг ва бой туркий халқлар адабиётининг ажралмас бўғини, десак асло янглишмаймиз. Ўзбек тилида яратилган илмий ва ижодий асарларнинг қорақалпоқ тилига, қорақалпоқ тилида яратилган асарларнинг ўзбек тилига таржима қилиниши халқларимиз адабиёти, илм-фани ривожига янги куч, янги қувват бағишламоқда.
Қашқадарё вилоятида бир неча кун давом этган адабиёт байрами ўзбек ва қорақалпоқ шоирларининг катта мушоираси билан якунланди. Шоирларнинг овози, сўзи авж пардаларда янграган, шоир юраклар жўшган қизғин мушоирада ҳамма бир-бирини тилмочсиз, таржимонсиз ҳам аниқ-тиниқ тушунди.
Бу каби тадбирларда шоир ва ёзувчилар бир-бирини танийди, бир-бирининг ижодидан хабардор бўлади, тажриба алмашади. Шу тариқа янги бадиий асарлар таржимаси, тарғиботи йўлга қўйилади. Адабий дўстлик – абадий дўстлик бўлиб қолади. Адабиёт анжуманлари ана шундай муҳим ва долзарб хусусият ва жиҳатлари билан юртимизда миллатлараро дўстлик, аҳиллик ва тотувлик янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Анжуман сўнгида ташриф буюрган меҳмонларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.
Қорақалпоғистон халқ шоири Музаффар Аҳмад “Жуфт қушлар” номли шеърида жуфт-жуфт, икковлон, тўртовлон, олтов бўлиб учаётган қушларни қадимий она диёримизда ёнма-ён иноқ, тотув яшаётган қондош ўзбек ва қорақалпоқ халқларига ўхшатади. Улар эт билан тирноқдек ажралмас бўлиб, бирлашиб кетган ўзбек билан қорақалпоқдир, деган улуғвор бадиий ғояни илгари суради:
Буларни бўлаклаб бўлмайди зинҳор,
(Суягин ажратмоқ осонми этнинг?!) –
Ҳар қорақалпоқнинг бир ўзбеги бор,
Қорақалпоғи бор ҳар бир ўзбекнинг.
Намланиб кетгудай кўзим, қароғим.
Ўзбегим – ўзлигим, доим бўл омон!
Омон бўл, туғишган қорақалпоғим!
Қашқадарёда ўтган Қорақалпоқ адабиёти кунларида иштирок этган икки халқнинг шоирлари – бир бўстоннинг булбуллари жуфт-жуфт бўлиб парвоз қилиб, ҳамоҳанг “чаҳ-чаҳ”лаган илҳомбахш сайроғининг наволари Қарши – Нукус кенгликлари узра янграганининг донғи дунёга кетди.
Жуфт қушларнинг дилрабо қўшиқлари авж пардаларда давом этмоқда.