Гул кўп, чаман кўп...
Уильям Шекспир пьесалари жаҳонда бошқа драматургларнинг асарларига қараганда кўпроқ намойиш этилади. У умри давомида 150дан ортиқ сонет, 38 пьеса, тўрт достон ва учта эпитафия ёзган. Шекспир беқиёс истеъдоди боис инглиз тилида ижод қилган энг буюк адиб ва умуман, дунёнинг энг моҳир драматурги саналади. У турли жанрларда – комедия, трагедия, хроника, ҳатто трагикомедиялар яратган.
“Қирол Лир” пьесаси Уильям Шекспирнинг машҳур асарларидан бири бўлиб, хотимаси жуда қайғули. Шунчалар қайғулики, асарнинг илк намойишидан кейин 150 йил давомида аслиятдагидек саҳнага олиб чиқилмаган, балки бироз “юмшатиб” намойиш этилган. Ҳозирги театрларда “Қирол Лир” драматург қандай ёзган бўлса, шундай намойиш этилади.
Шекспир ҳаётидаги барча муваффақиятларга ўз куч, маҳорати билан эришган. У аслзодалар сулоласидан бўлмаган – отаси оддий ҳунарманд, еттита опа ва укаси бўлган. Уларнинг барчасини ўқимишли қилиш учун ота-онасида маблағ етишмагани табиий ҳол. Бўлажак драматург қаерда таълим олгани ҳозиргача номаълум, балки оддий “грамматика мактабида” (ҳозирги ўрта мактабда) ўқиган бўлиши мумкин.
Инглиз тилида сўзлашувчи замондошларимиз ўрта ҳисобда луғатдаги тўрт минг сўздан фойдаланади. Шекспиршунослар буюк драматург ижодини ўргангач, унинг сўз бойлиги бундан 5-6 баробар кўплигини аниқлашган. Бу ўша давр учун ҳам энг юқори натижадир, ҳозир ҳам шундайлигича қолмоқда. Шекспир инглиз тилига бир неча минг сўз олиб кирган. Бундай сўз бойлигига эга адибни А.С.Пушкин ёки Н.М.Карамзинга қиёслаш мумкин.
Уильям Шекспир 18 ёшида 26 ёшли Энн Хатауэйга уйланади. Улар учта фарзанд кўришади, аммо унинг шажараси XVII асрда, набираси вафотидан сўнг ниҳояланган дейишади. Ўша даврдан буён унга тўғридан-тўғри боғланган авлодлари йўқ. Тўртта набираси ҳам фарзанд кўрмайди. Шундай бўлса-да, бир неча бор Шекспирни ўзига бобокалон деб даъво қилган бир неча қаллоблар чиққан. Бироқ улар сўзларини тасдиқловчи ҳеч қандай далил кўрсатолмаган.
Шекспир асарларидан олинган иқтибослар жаҳон халқлари тилларида жаранглайди, иқтибос олиниши бўйича фақат Инжилдан кейин туради. Унинг асарлари дунёнинг барча асосий тилларига таржима қилинган. Уран сайёрасининг кўплаб йўлдошлари Шекспир асарлари қаҳрамонлари номи билан аталади.
Ўз вақтида Шекспир шунчалик бойиб кетганки, Стратфордда катталиги жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган Нью-Плэйс боғини сотиб олади. Шунингдек, бошқа актёрлар билан бирга Лондондаги машҳур “Глобус” театрини бунёд этади ҳамда “Блэкфрайерс” театрини харид қилади.
Файласуф Зигмунд Фрейд инсон моҳиятига бағишланган тадқиқотларида кўпроқ Шекспир қаҳрамонларига, масалан, Ҳамлет руҳиятига асосланган.
Буюк ёзувчи Лев Толстой буюк драматург Уильям Шекспир ижодини ўта салбий баҳолаган ва бу ҳақида унинг танқидий руҳдаги очерклар қоралагани маълум.