МЕНГА АТАЛГАН БАШОРАТЛАР
Илгари сабоқдош йигит-қизлар мунажжим башоратини ўқиб, айримлари унга ишониб, ҳаётидаги турли воқеа-ҳодисаларни изоҳлашса, гоҳ кулгим, гоҳ ғашим келарди. Қаёқдаги чўпчакларга ишонишади-я, ёзаверади-да оғзига келганини, дердим. Лекин кейинги пайтларда ана шу башоратлар менга ҳам чиппачиндай туюла бошлади.
Стипендияни “ювиш” учун тўрт улфат жам бўлиб “қиттай-қиттай” қилган эдик. Сал ошиб кетибди, шекилли. Бошим қаттиқ оғриб, кўзим юмилиб кетяпти. Лекин қаттиққўл устознинг дарси. Ўтган сафар топшириқни бажармаганим учун қаттиқ огоҳлантирган. Бугун дарсдан ҳайдаб чиқариши аниқ. Бироқ дарс бошланишига қўнғироқ чалинса ҳам устоздан дарак бўлмади. Сардоримиз ўқитувчилар хонасига бориб билиб келди: устоз келолмас экан, велосипеддан йиқилиб, оёғи лат еган эмиш. Беихтиёр “хайрият” деб юбордим. Кечаги газетадаги башоратда “Омад сиз томонда” дегани тўғри бўлиб чиқди.
“Сизни ишқий саргузаштлар кутмоқда. Сатурн сайёраси сизга қулай имкониятларни ваъда қиляпти. Омадни қўлдан берманг”. Бундан уч-тўрт кун илгари газетанинг сўнгги саҳифасида эътибор бериб-бермай шунчаки ўқигандим бу гапларни. Бироқ улар бутун фикру ёдимни банд этди. Ҳатто дарсда ўтирганимда ҳам, тиқилинч автобусда ижара хонадонимга кетиб бораётганимда ҳам, бошимни ёстиққа қўйганимда ҳам шу ўй, шу саволлар мени тарк этмайди: “Ана шу саргузаштларнинг қаҳрамони ким бўлади?.. Қани ўша “қулай имкониятлар?” “Омадни қўлдан бермаслик” учун нима қилишим керак?!”
Вилоят кутубхонаси олдида ўн-ўн беш кун илгари дискотекада танишган қиз билан тасодифан учрашиб қолдик. У бир дугонасини кутиб турган экан. Қорамағизгина, чарос кўзлари, пиликдек қошлари ўзига ярашиб турган сарвқомат қиз билан жиндай суҳбатлашиб турдик.
– Ўша куни ҳар жума вилоят кутубхонасига бораман, деган эдингиз. Интизомли йигит экансиз. Сизга жудаям ҳавасим келяпти, – деб қошини учириб кулди қиз. Жилмайганда тилла тишлари хиёл кўриниб, чиройи яна ҳам очилиб кетди. Ой деса ойдек, кун деса кундек ана шу ҳурилиқонинг ним табассуми юрагимни “жиз” эткизди-ю ҳаловатим йўқолди.
Кутубхона ёпилиб қолмай, қўлимдаги китобларни топшириб қўйиш учун ичкарига кирдим. Шоша-пиша ишларимни битириб, янги китоб ҳам олмай ширин суҳбатни давом эттириш илинжида чиққанимда қиз жойида йўқ, атрофга сокин оқшом чўка бошлаган эди. Соддалигим қурсин, бир оғиз исмини ҳам сўрамабман-а?
Ташвишланишга ҳожат йўқ экан. Кейинги кунлару ойларда ҳам у қиз билан тез-тез “тасодифан” учрашиб қоладиган бўлдик. Башоратчилар ваъда қилган “бахт қуши” шумикин, деган ўйлар тинчлик бермай қўйди менга.
Шундай кунларнинг бирида “Сиз ўз идеалингиздаги қизни топдингиз. Уни қадрланг. Бахтингизни қўлдан чиқарманг”, деган башоратни ўқиб қолдим. Оёғимни қўлга олиб гул бозорига чопдим. Энг катта ва чиройли гулдастани сотиб олиб, унинг йўлини пойладим. Унинг ҳайратдан катта-катта очилган кўзлари, кейин гулдастани бағрига босиб мулойим жилмайишини кўз олдимга келтирганимда ўзимни осмону фалакда учиб юргандек ҳис қиламан. Айниқса, мунажжим башоратларида ўқиганларимни айтганим-да “Шунақа деб ёзишибдими-а?” деб ҳайратланиб сўрагани ва “қаҳ-қаҳ” уриб кулгани ҳамон қулоғим остида жаранглаб турибди.
Ҳар пайшанба эрта тонгдан матбуот дўконига чопаман. Газетани олибоқ мунажжим башоратини ўқийман. Охирги пайтларда у мени оҳанрабодек ўзига тортадиган бўлиб қолди. Худди мен учун битилгандек. Хонадошим Асқар: “Сен мунажжим башоратига бошқоронғи бўлгансан”, деб кулади.
Яна бир гал “Яқин кишингизнинг туғилган кунига совға олишни унутманг. Хасислик қилманг. Сизни қўли очиқ деб ўйлаяпти”, деган ёзувни ўқиб қолдим. Туғилган кунини қандай сўрашни билмай турганимда яна омадим чопди. Музқаймоқ еб ўтирган жойимизда телефони жиринглаб қолди. Сумкасидан телефонини олганда қўшилиб чиққан паспортини стол устида қолдириб, менга “узр” ишорасини қилиб, нарига бориб анча гаплашди. Шу пайт билинтирмасдан паспортни олдимда туғилган кунига қарадим. Сал бўлмаса кеч қолар эканман. Совға-саломни қуюқ қилдим, кўнглим жойига тушди.
Ҳаммаси бир чиройли кетаётган эди. Бироқ нимадир сабаб бўлиб орага совуқчилик тушди. Қиз қорасини кўрсатмай қўйди. Ўзимниям кўнглим қолиб, таътилга чиқсак, қишлоққа бориб онам топиб қўйган қиз билан тақдиримни боғласамми, деб юрган кунларимда чиққан башорат яна тинчимни ўғирлади. “Аразлашиб юрманг. Бахтингизни бой берасиз. Боши берк кўчага кириб қолишингиз мумкин”, деб ёзилганди унда. “Худо асрасин” дедим-у “йўл” қидира бошладим.
Узоқ қидиришга ҳожат бўлмади. Яна ўша мен ҳар жума куни борадиган кутубхонанинг олдида “тасодифан” учрашиб қолдик. У ҳам башоратни ўқиган, шекилли, араз-гиналарни унутгандай илиқ қаршилади. Менинг ҳам соғинган ташна қалбим паст-баланд эски гапларни эслаб, эслатиб ўтиришга имкон бермади. Суҳбатимиз ўз-ўзидан қўр олди. Кўнглим осмонидаги қора булутлар тарқалиб, дилим равшанлашди.
Яна бир гал учрашганимизда қиз уйидан совчиларнинг кети узилмаётгани, ота-онаси уни узатиш тараддудига тушганлари ҳақида гапириб қолди. Бошим қотди. Ўзимча ҳар хил режалар туза бошладим. Одатланиб қолганимдек, тўғри йўлни яна башоратлардан изладим.
“Сизни деб жонини беришга тайёр инсонни учратдингиз. Унинг қадрига етинг. Севган кишингиздан меҳрингизни дариғ тутманг. Бошингизга қўнган бахт қушини учириб юборманг”, деган гаплар ёзилган газетани бағримга босиб, кечаси-ю кундузи ёнимдан қўймай олиб юрибман. Ўйлаб ўйимнинг охирига етолмайман. Бу ёқда ўқишларим поёнига етгани йўқ. У ёқда онам қишлоқда қиз топиб қўйганини айтиб, таътилда бориб учрашишга чорлаб турибди. Бир томонда осмон жисмлари боши берк кўчага кириб қолиш хавфидан огоҳлантирмоқда.
Баъзида улар худди мен учун ёзилгандек туюлиб, башоратчиларнинг ақлу заковати, сеҳру синоатига тан бериб юбораман. Мана бу гаплар ҳам айнан мен учун ёзилганига мутлақо шубҳа қилмадим: “Мақсадларингиз сари дадил ҳаракатда бўлинг. Акс ҳолда, бахтингизни қўлдан бериб қўясиз”.
Шундан кейин астойдил ҳаракатга тушдим. Уйдагилар аввалига бироз тихирлик қилишди. Акам, тоғам ўртага тушиб онамни кўндиришди. Ғойибона ҳомийларим бўлган юлдузлар “Сизни ёрқин ва омадли кунлар кутмоқда. Орзуларингиз рўёбга чиқиб қувонасиз”, дея башорат қилган ҳафтада, камтарона бўлса-да, тўйимиз ўтди. Бировдан баланд, бировдан паст деганларидай, ғимирлаб турмушнинг “мушти”га чидаб яшаб юрибмиз.
Энди саҳарлаб газета дўконига чопишга ҳожат қолмади. Мунажжим башоратини ҳаммадан аввал, газетада босилмай туриб ўзим ўқийман. Ҳа, дарвоқе бир пайтлар мен орзиқиб кутган башоратларни дугонаси муҳаррирлик қилаётган газета учун... ўзимнинг қорамағиз чароскўзлигим ёзиб бериб турганини тўйдан кейин билдим.