July 9, 2023

«МАХЗАНУ-Л-АСРОР» маснавийсининг эски қўлёзмалари

Мир Ҳайдар XV аср биринчи ярми Темурийлар даври туркий адабиётининг кўзга кўринган намояндаларидан бири бўлиб, «Махзану-л-асрор» маснавийси билан шуҳрат қозонган.
Эски ёзма манбаларда шоирнинг оти бир неча кўринишда учрайди.
«Махзану-л-асрор»нинг Абдурраззоқ бахши кўчирган қўлёзма нусхасидаги асар сарлавҳасида муаллифнинг оти унвони билан «Maвлoнo Ҳaйдaр» дейилган.
Асарнинг Истанбулдаги Тўпқопи Саройи кутубхонасида сақланаётган қўлёзмасидаги сарлавҳада муаллифнинг оти лақаби билан «Maвлoнo Ҳaйдaр тeлбa» дея тилга олиниб, унинг ўзи «Султoн Искандар Шерозийнинг модиҳи экандур» деб қайд этилган. Бу ўринда «модиҳ» – «мақтовчи, маддоҳ, мадҳ этувчи» англамидадир.
«Махзану-л-асрор»да шоир ўзининг отини «Ҳайдар» ва «Ҳайдарий» деган. Мана ўшанинг мисоли:

Тутти жиҳон замзама-йи Ҳайдарий, Тўлди садо гумбад-и нилуфарий.

Шайх Аҳмад Тарозий ўзининг «Фунуну-л-балоғат» отли адабиётшунослик китобида шеър турлари тўғрисида сўз юритар экан, улуғ шарқ классиклари асарларидан ўрнаклар келтиради. Уларнинг бошланишига эгалари унвону фазилатлари билан ёзиб қўйилган. Шулар орасида Мир Ҳайдар ҳам бор. Уни «Maвлoнo Ҳaйдaр» деб атаб, шеърларидан ўрнаклар келтирган.
Алишер Навоий «Мажолис ун-нафоис» тазкирасининг иккинчи мажлисида шоирга махсус бўлим ажратиб, унинг отини «Mир Ҳaйдaр мажзуб» деган. Классик матнлар, хусусан, Навоий асарларида «мажзуб» сўзи «ақлдан озган, телба; ҳақиқий ишқ жозибасини кечирган киши» маъноларида келади. Мир Ҳайдар отига қўшилаётган лақаб, ҳарқалай, тасаввуфий маънода «ҳақиқий ишқ жозибасини кечирган киши» дегани бўлуви керак.
Навоий «Мажолису-н-нафоис»нинг еттинчи мажлисида ҳам Мир Ҳайдарни тилга олиб, уни «Maвлoнo Ҳaйдaр туркийгўй» деган. У Султон Искандар Шерозий тўғрисида сўз юритар экан, шундай ёзади: «… ети ё секиз йиллиқ салтанатида гўёки, уч ганж тапипдур. Maвлoнo Ҳaйдaр туркийгўй анинг модиҳи экандур. Бу анинг маснавийсидин дурур-ким:
Ҳиммат элидур ёд-и бaйдo деган, Эр нафасидур дам-и Ийсo дeгaн».
Алишер Навоий «Муҳокамат ул-луғатайн»да Темурийлар замонида етишиб чиққан йирик туркийгўй шоирлар тўғрисида сўзлар экан, Мир Ҳайдарни ҳам тилга олади. Уни «Ҳaйдaр Xoрaзмий» деган.
Навоий ёзади: «Teмур Кураган замонидин фарзанди xaлиқ Шоҳрух султоннинг замонининг охириғача турк тили била шуъаро пайдо бўлдилар ва ул Ҳазратнинг авлод-у аҳфодидин ҳам хуштаб салотини зуҳурға келди. Шуъаро Саккокий-ву Ҳайдар Хоразмий вa Aтойи-ву Муқимий вa Яқиний-ву Aмирий вa Гадойидег­лар».
Шоирнинг оти ва унинг маснавийси «Абушқа» луғатида ҳам тилга олинган. Луғатчи, классик ўзбек тилида ишлатилган сўзларнинг маъносини очиқлар экан, улуғ ижодкорларнинг асарларидан ўрнаклар ҳам келтиради. Шуларнинг орасида Мир Ҳайдар ҳам бор. Масалан, «кўкла-» сўзининг таърифида ёзади: «кўкла-» – «коф»лар «коф-e арабий»дур, амр эдуп «соз чал» маъносинадурки, «Maхзaн Mир Ҳaйдaр»дa мақолаи aввaлдa кeлурки, байт:
Tурк сурудини тузук бирла туз, Яхши аялғу била кўкла қўбуз».
Кунимизгача «Махзану-л-асрор» маснавийсининг уйғур ва араб ёзувли қўлёзмалари етиб келган. Маснавийнинг араб ёзувли қўлёзмалари кўп; фанга маълум бўлганлари йигирмага яқин. Уйғур ёзувли қўлёзмалар учта, улар асарнинг эски ва ўта қадрли нусхаларидир.
(1) «Махзану-л-асрор»нинг Алийшоҳ бахши тарафидан уйғур хатида кўчирилган, ҳозирда Берлиндаги Миллий кутубхонада Ms. orient. Oct. 358 кўрсаткичи остида сақланаётган қўлёзмаси. Ушбу қўлёзма маснавийнинг бизгача етиб келган нусхалари орасида энг эскиси бўлиб, ҳам ёзув тарихи, ҳам матн тарихи учун муҳим аҳамиятга эгадир.
Муқоваси ўзиники, жигарранг чармдан. Устки муқованинг ўртасида йирик бодомсимон тамға, устига ва остига нақшли кичик тамғачалар ишланган, ёзуви йўқ.
Китобнинг бошланишида икки бети бўш. Кейинги варақларидан бошлаб, ҳар қайси варақнинг устки бурчагига ҳозирги ёзувда рақамлаб чиқилган. Лекин бу янги рақамлар варақлар кетма-кетлигини тиклашга имкон бермайди. Афтидан, китоб сўнгги кутубхонага келиб тушганда варақлари чиқиб, қоришиб кетган чоғи. Кутубхонада унутилган ёзувини ўқий олмай, турган ҳолида эски муқовага тикиб қўйилаверган кўринади.
1а- бетида бир неча муҳрлар босилиб, улар билан боғлиқ қайдлар битиб қўйилган. Сўнгги муҳрдан бошқалари араб хатида. Энг остидаги муҳри ва китоб билан боғлиқ бир неча қайдлар янги. Улар китобнинг кутубхонадан кутубхонага ўтиб келганини билдиради.
Асар матни китобнинг 1b- бетидан бошланади. Китоб нақшли унвон билан очилади; бошдан-охир зарҳал чизиқли жадвалга олинган. Орада сарлавҳалар учун жой қолдирилган; улар ҳам зарҳал чизиқлар билан ўроғлиқ. Чамаси бахши сарлавҳаларни бошқа бир сиёҳда, ўзига яраша хат услубида ёзиб чиқишни кўзлаган кўринади, лекин иш тугамай қолган.
Матн ёлғиз уйғур хатида. Илк унвонли бетида етти қатор, қолганларида ўн бир қатордан қилиб битилган. Қаторларнинг оралари очиқ. Кимдир кейинчалик бундан фойдаланиб, асар бошланишидаги тўрт қатор, 2а- бетидаги биринчи қатор остига уйғур ёзувли матннинг ўқилишини араб ёзувида ёзиб чиққан. Хат услуби ва оддийлиги ҳам уни бошқа бир кимса ёзиб қўйганини билдириб турибди. Лекин уйғур ёзувли матн оралиқлари кейинчалик унинг ўқилиши араб хатида ёзиб чиқишга мўлжалланган эмас. Уйғур ёзувли матнга сатр узра бир чизиқда ҳаракатлар қўйиб чиқишни мўлжаллаб оралиқ кенг олинган. Яна бир жиҳати, агар орага араб хати билан ўқилишини ёзиб чиқиш мўлжалланганида уйғур ёзувли матнга арабча диакретик белгилар бошдан охир қўйиб чиқилмаган бўларди.
Қўлёзмани кўчирган бахшининг оти китоб сўнгида – асар тугагандан кейин «Aлийшоҳ бахши» деб ёзиб қўйилибди. Темурийлар замонида уйғур хатида битувчи хаттотларни «бахши» деганлар.
Алийшоҳ бахши Ҳирот бахшилар мактабининг кўзга кўринган намояндаларидан бири. У яна «Меърожнома», «Тазкирайи авлиё» асарларини ҳам уйғур хатида кўчирган; ўта маҳоратли бахши.
(2) Истанбул университети кутубхонасида сақланаётган FY 1423 кўрсаткичли қўлёзманинг 10b–11a- бетларида «Махзану-л-асрор»дан олинган 33 байтли узинди битилган. Уйғур ёзувли матн теварагида арабча ва форсча матнлар ҳам бор. «Махзану-л-асрор»нинг бошланишига куфий услубида басмала ёзилиб, остида уйғур хати билан «Mин мaқoлaт-и Maxзaну-л-aсрoр» деб сарлавҳа қўйилган. Иккала бетдаги уйғур ёзувли матн йирик ва кичик ҳарфларда: йирик ҳарфлар араб хатининг куфий услуби сингари; кичик ҳарфлар эса уйғур ёзувли «Қутадғу билиг», «Меърожнома», «Тазкирайи авлиё» қўлёзмаларининг хат услубидадир.
11a-бетининг остида китоба қайди ҳам ёзиб қўйилибди. Унга кўра, ушбу матнни Зайну-л-обидин Ал-Ҳусайний битган. Кунимизгача сақланган уйғур ёзувли қўлёзмаларга кўра, Зайну-л-обидин бахши Самарқанд бахшилар мактабининг таниқли кишиларидан бири бўлиб, унинг тарафидан битилган уйғур ёзувли қўлёзмалар Шарқда довруғ қозонган. Шулардан бири, «Ҳибату-л-ҳақойиқ»нинг 1441 йили Самарқандда кўчирилган уйғур ёзувли нусхасидир.
Уйғур хатининг куфий хати сингари услубини Зайну-л-обидин кўчирган қўлёзмалардагина кўрдим. Адиб Аҳмад Югнакий асарининг Самарқанд қўлёзмасида ҳам куфий сингари услубда «Aтабату-л-ҳақойиқ китоби» деб сарлавҳа қўйилган. Асардаги ҳамд бўлимининг «Набий, алайҳис-салом, нaътинда» сарлавҳаси ҳам ана шундай хат услубида.
(3) «Махзану-л-асрор» маснавийсининг Абдурраззоқ бахши тарафидан 1480 йили Истанбулда кўчирилган уйғур ёзувли мажмуа таркибидаги нусхаси. Қўлёзма ҳозирда Истанбулдаги Аёсофия масжиди кутубхонасида 4757 кўрсаткичи билан сақланмоқда. Бу маснавийнинг сақланган қўлёзмалари орасида тартибли битилганларидан бири.
Китобнинг муқоваси ўзиники, қорамтир чармдан; қопқоқли муқова. Муқованинг юзига ҳам, терс тарафига ҳам бодомсимон тамға ишланиб, уларнинг учи ва ост қисмига кичик нақшлар чизилган. Қопқоғида эса доирасимон нақши бор. Муқованинг, қопқоғининг ҳам тевараги нақшли жадваллар билан ўроғлиқ. Муқовадаги жадваллар ва тамғалар зарҳалда.
Мажмуанинг 1b–27a-бетларига Адиб Аҳмад Югнакий қаламига тегишли «Ҳибату-л-ҳақойиқ» асари битилган. Мир Ҳайдарнинг «Махзану-л-асрор» асари эса мажмуа китобнинг 28b–81a- бетларида.
Мажмуадаги барча асарлар икки хил ёзувли: матн уйғур хатида битилиб, унинг ўқилиши тагида араб хатида ёзиб чиқилган.
Қўлёзманинг кўчирилиш тарихи (колофон) бир ўринда – «Махзану-л-асрор» тугаганидан сўнг битилган, холос. У шундай ўқилади: «Taрих секиз юз сeксaн дўртда, тўнғуз йили, зулқада айининг ўн етисида, шамба куни тамом бўлди. Қутлуғ бўлсун, давлат келсун, меҳнат кетсун теп Шайхзода Абдулраззоқ бахши Қустантанияда битиди». Уйғур ёзувли матнда яна «битиди» сўзининг охирига бахши ўз қўлини ҳам қўйиб қўйган.
Муҳими шундаки, Абдурраззоқ бахши асли самарқандлик. Кейинчалик турк султонининг даъвати билан Истанбулга бориб, ўша ерда уйғур ёзувли қўлёзма китобларни кўчириш билан шуғулланган. Унинг учун уйғур ёзувли китоблар Ҳирот, Самарқанд, Язд маданий марказларидан етказиб турилган. Ҳатто «Қутадғу билиг»нинг машҳур уйғур ёзувли нусхаси Ҳиротдан унинг учун юборилган. Ушбу қўлёзманинг охирги бетига Абдурраззоқ бахши ўз шеърларидан ҳам битиб қўйган, лекин «Қутадғу билиг»дан нусха кўчирганми-йўқми, аниқ эмас. Яна бир жиҳати, Абдурраззоқ бахши ўз шеърларидан кейин уйғур хатида қўл қўйиб, тагига «бахши белгуси» деб ёзиб ҳам қўйибди. «Махзану-л-асрор» охиридаги тарих охирига қўйилган қўл ҳам айнан шунинг ўзи.
Ушбу қўлёзма нусханинг ютуқларидан бири, асар ва ички бўлим ҳамда ҳикоятларнинг сарлавҳалари тўлиқ қўйиб чиқилган.
Асарнинг бошланишига: «Maxзaну-л-aсрoр-и Maвлoнo Ҳaйдaр aлaйҳи-р-рaҳмa» деб сарлавҳа қўйилган.
Ички сарлавҳалари икки хил: бошланишидаги ва матн давомидаги айрим сарлавҳалар арабча ва форсча, улар зарҳалда битилган.
Туркий сарлавҳалар қуюқ қорада уйғур хати билан, ўқилиши эса тагма-таг араб хатида битилган. Туркийлари шундай: «Mирзо Искандарнинг ҳусн-и тахаллуси»; «Яқуби пайғамбар ҳикояти, алайҳис-салом»; «Султон Темурбегнинг бу бир ҳикояти, тақриб-и тасриф учун айтур»; «Сулаймон пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳикояти, тақриб учун келтуруп турур» сингари.
Асар бошдан охир қорада уйғур ҳарфлари билан, уларнинг ўқилиши араб ҳарфлари билан қирмизи рангда битилган; ҳар бетида ўн бир қатордан. Хати ниҳоятда чиройли. Тартиб билан кўчирилган қўлёзма.
Уйғур ёзувли матннинг хат услуби «Қутадғу билиг», «Тазкирайи авлиё», «Ҳибату-л-ҳақойиқ»нинг Зайну-л-Обидин бахши кўчирган Самарқанд қўлёзмаси услубидан фарқ қилади.
Ҳар қайси варақнинг остида уйғур ёзувли матнга пойгир белгилари қўйиб кетилган.
Қўлёзма китобнинг 81b–88b-бетларига Мавлоно Лутфий ва Саккокийнинг ғазалларидан битилган.
Мавлоно Лутфий ғазалларига «Лутфий айтур»; «Бу дағи Лутфийнинг ғазали»; «Бу дағи Лутфийнинг»; «Maвлоно Лутфийнинг ғазали»; «Лутфий ғазали» деб, Саккокий ғазалларига эса «Саккокий айтур»; «Саккокийнинг ғазалларидин яна бир ғазал айтур» деб сарлавҳалар қўйиб чиқилган. Улар ҳам қуюқ қорада уйғур хатида битилиб, ўқилиши тагма-таг араб хатида берилган.
Темурийлар даври ёзув маданиятида ўтмиш анъаналарига, ота-боболардан қолган ёзувларга эътибор катта эди. Темурийлар давлатида тарихнавислик, бадиий адабиёт, таълим ва фан соҳаси, давлат девонхоналари ва хўжалик ишларида, расмий-дипломатик муносабатларда икки хил ёзув – эски уйғур ва араб алифболари ишлатилган. Уйғур ёзуви Темурийлар давлатининг расмий ёзуви эди. Туркий-ислом дунёсида оталардан қолган ушбу ёзувни сўнг бор ишлатган ҳам темурийлар бўлади. Шунинг учун ҳам ўша чоғлардан қолган эски ўзбек ёзма адабий тили («чиғатой тили») ёдгорликлари икки хил – уйғур ва араб ёзувларидадир.
Туркий халқларнинг ёзув маданияти тарихида XIV–XV юз йиллар эски туркий ёзувдан араб хатига ўтиш босқичи саналади. Шунга қарамай, бадиий адабиёт, тарихнависликда, шу қаторда давлат ҳужжатчилик ишлари, халқаро дипломатик муносабатларда уйғур хатининг (Навоий сўзи билан айтганда «турк­ча хат»нинг) мавқеи юқори эди. Эски турк ёзув анъанасини сақлаб, турк-ислом дунёсида уйғур хатини сўнг бор қўллаган ҳам темурийлардир. Темурбег ўз салтанатининг расмий ишларида, ички ҳамда ташқи дипломатик муносабатларда, бадиий адабиёт соҳасида, билим кишилари орасида ота-боболардан мерос қолган уйғур хатининг кенг амал қилишига хайрихоҳлик қилди ва бунинг ижросига катта эътибор қаратди. Темурийлар даврида уйғур хати, араб хати билан тенгма-тенг, туркий ёзма адабий тилининг етакчи, бутун бир салтанатнинг иш юритувчи расмий ёзуви эди. Темурийлар даври маданий ва адабий алоқалари таъсирида турк султонлари ҳам ўз саройларида уйғур хатини ишлатганлар.
Мир Ҳайдарнинг «Махзану-л-­асрор» маснавийси XV юз йил биринчи ярми ўзбек адабиётининг кўзга кўринган асарларидан биридир. Шоир Мир Ҳайдарнинг, қолаверса, ўша даврда яшаб ижод қилган, Атойи, Гадойи, Лутфий, Саккокий сингари ижодкорларнинг саводи уйғур хатида чиққан. Мир Ҳайдар ўзининг «Махзану-л-асрор» маснавийсини ҳам уйғур хатида ёзиб, Султон Искандарга тортиқ қилган бўлуви керак. Асарнинг араб ёзувли нусхалари кейинчалик ана шу матнга таяниб кўчирилган дейиш мумкин.
Асарнинг кунимизгача етиб келган қўлёзмалари уйғур ва араб ёзувларида бўлиб, уйғур ёзувидагилари анча эскидир. Яна бир жиҳати, маснавийнинг Ҳиротда Алийшоҳ бахши ва Истанбулда Абдураззоқ бахши кўчирган қўлёзмалари ўрта асрлар китобат санъатининг нодир ёдгорликлари саналади.
Айтиш ўринлики, маснавийнинг ҳозирги илмий нашрлари, араб ёзувли нусхалар асосида яратилаётир. Уйғур ёзувли нусхалар эса четда қолмоқда. Ваҳоланки, муаллиф матнини тиклашда уйғур ёзувли қўлёзмаларнинг аҳамияти муҳимроқ. Шу жиҳатдан, маснавийнинг уйғур ёзувли нусхаларини ўрганишга ҳам катта эътибор қаратилмоғи керак.

Қосимжон СОДИҚОВ, филология фанлари доктори, профессор