August 3, 2023

ОҚ АЖДАРҲО  

Шарифа САЛИМОВА

(эртак)

Бир бор экан, бир йўқ экан, ўрмон четидаги мўъжаз кулбада бир бола ёлғиз яшаркан. Бир куни кўчада ўйнаб юрганида, кучли бўрон қўзғалиб, уни шу кулбага учириб олиб келганини у элас-элас эсларкан. У бу кулбага аста-секин кўникиб, қушлар учиб келса, уларга нон ушоқлари, дон сепиб ўзига ўргатиб олибди.

Айиқ бобо бобом менинг,

Йўлбарс тоға тоғам менинг.

Кийикчалар синглим менинг,

Она шер бу – онам менинг.

Уйимиздир гўзал ўрмон,

Яшаяпмиз шоду хандон.

Унинг зерикканида тўқиган мана шу қўшиғини эшитиш учун ўрмон ҳайвонлари ҳам кулбага яқинлашиб, берилиб тинглашар экан. Кийикча эркаланиб оёқлари остига ётиб олар, йўлбарсчалар меҳр билан юзини ялаб қўяр, айиқчалар сопол косада асал олиб келиб, унга беришар экан.

Бир куни энди қўшиғини куйлаб бўлганида, қулоғига инграган товуш чалинибди.

– Ёрдам бер, болажон, ёрдам бер, бўлмаса, ўлиб қоламан!

Ҳамма овоз келган тарафга қараб, донг қотиб қолибди.

Қуёнчалар қўрққанидан йиғлаб юборибди. Тўтилар бошини сарак-сарак қилиб учиб кетишибди. Бошқа ҳайвонлар ҳам “биз борақолайлик энди”, деб қўрқа-писа жўнаб қолишибди.

Кулбанинг остонасига бош қўйиб, улкан бадбашара маҳлуқ – оқ аждарҳо ётган эмиш. Унинг танаси ўрмон ичигача кириб кетган экан. Бола аввал қаттиқ қўрқибди ва кейин тезда ўзига келиб, инграб ётган аждарҳонинг бошини силабди. Боланинг ипакдек муло­йим қўллари аждарҳога тетиклик бахш этиб, бироз кўзини очибди-да, сўнгра йиғлаб юборибди.

– Раҳмат, болажоним, – дебди у. – Мендан қўрқмай, бошимни силаганинг учун. У менга ўғлимнинг қўлларини эслатди.

Аждарҳонинг салобати босиб, ўрмон жимжит бўлиб қолибди.

Аждарҳо танасининг тиғлар кесган жойидан қон оқаётган экан. Бола жажжи пақирчада сув иситиб, пахта билан унинг танасини ювиб чиқибди. У бу ишни эрталаб бошлаган бўлса, қуёш ботаётганида зўрға тугатибди. Бола шундай чарчабдики, пешонасидан оққан терлар аждарҳонинг танасига томганда, ўша жойдан янги тери ўсиб чиқаверибди. Боланинг меҳридан аждарҳо жуда хурсанд бўлиб, тобора қувватга кириб бораверади.

Кунлар кетидан тунлар ўтибди. Анча ўзига келиб қолган аждарҳо бошидан ўтган воқеаларни болага ҳикоя қилиб берибди.

– Мен аждарлар шоҳининг ўғли эдим, – дебди у. – Бир куни қўшни подшоҳликка қора аждарҳолар ҳужум қилишди. Уларга ҳеч қандай куч бас келолмагани учун бизни ёрдамга чақиришди. Мен борганимда, ёвуз аждарҳолар болаларни ҳам емоқчи бўлиб турган экан. Улар йиғлаб, ёрдам сўрашарди. Қора аждарҳоларни сеҳрли оловим билан куйдираётганимда, орқамда яшириниб турган душманлар қилич билан мени қаттиқ яралашди. Шунга қарамай, мен сўнг­ги кучимни тўплаб, уларни йўқ қилдим ва мамлакатни озод қилдим. Гўдакларни ота-оналарининг олдига олиб бориб қўйдим, ўзим эса зўрға судралиб шу ергача етиб келдим.

Бу орада қўрқиб қочиб кетган ўрмон ҳайвонлари ҳам аста-секин боланинг олдига қайтиб келишибди. Аждарҳонинг жасорати ва оқкўнгиллиги уларни ҳайратга солибди. Бироз вақт ўтгач, улар ўрмон атрофидаги ялангликка янги уйлар қура бошлашибди. Боланинг ғамгин бўлиб юришидан ташвишга тушган оқ аждарҳо унинг бу ерга қандай келиб қолганини сўрабди.

– Ота-онамни қаттиқ соғинаман, аждарҳожон, – дебди бола маъюс ҳолда. – Қанийди уларни яна бир марта кўрсам.

Шундай деб у ёстиғига бош қўйиб, қаттиқ ухлаб қолибди.

Эрталаб тонгда кўзини очса, аждарҳо бир думалаб, учар отга айланиб қолган экан.

– Устимга мин, болажон, – дебди у. – Ота-­онангни топамиз.

Бола унинг айтганини қилибди. Оқ аждарҳо осмону фалакка кўтарилибди. Тоғу тошлар, водийлар, дарёлар, чўлу саҳролар устидан учиб ўтишибди.

Бир маҳал бола пастга қараса, оқ рўмол ўраб олган аёл кўкка кўз тикиб турган экан.

– Онам, онажоним, мени кутиб ўтирибдилар, – бола қувончини ичига сиғдира олмай бор овози билан бақирибди. – Онажон, мен келдим!

Учар от аёл олдига оҳиста қўнибди. Ўғлини кўрган она уни бағрига босиб, хурсандлигидан ҳўнг-ҳўнг йиғлабди.

– Отам қанилар? – сўрабди бола.

– Ўша бўрон отангни ҳам олиб кетган эди, – дебди онаси “оҳ” тортиб.– Ҳанузгача кутаман, дараги йўқ.

Бу сўзларни эшитиб, от безовта кишнабди. Осмонда яна қора булутлар пайдо бўлиб, қора тусли бўрон яқинлашиб, отни ўраб олибди. Бироқ от бир думалаб, оқ аждарҳога айланиб, булутга оғзидан аланга уфуриб, уни куйдириб юборибди. Қора тутун ичидан жодугарнинг кўмир бўлган жасади ерга тушибди.

Бола қараса, оқ аждарҳо ўрнида отаси кулиб турганмиш.

– Жодугар бизни сеҳрлаб ташлаган эди, ўғлим, – дебди у. – Бу балолардан бизни яхшилик қутқарди. Агар сен ўрмондаги ҳайвонларни биродарларим демаганингда, мен ёвузлик чангалидан дўстларни қутқармаганимда, бир умр сеҳр-жодудан халос бўла олмасдик.

Бола ота-онасини қучоқлаб, қадрдон уйига кираётганида осмондан ғозлар галаси учиб ўтибди. Бола ғозларга қўлини силкитибди. Бунга жавобан ғозлар ёқимли “ғоқ-ғоқ”лашиб, олисларга учиб кетишибди.

Шарифа САЛИМОВА