САНЪАТНИНГ ОЛТИН КЎПРИГИ
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида халқаро TURKSOY ташкилоти шафелигида биринчи марта “Турк дунёси талабалар театр фестивали” бўлиб ўтди.
Ягона тарих ва қадриятлар тимсолига айланган анъаналар, туркий халқлар фарзандларининг бир-бирларига бўлган меҳру эъзозини намоён этган фестивалнинг очилиш маросими фольклор ва этнографик либослар, кўҳна миллий чолғуларнинг ўзига хос кўргазмаси билан бошланди. Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ва Халқаро TURKSOY ташкилоти бош котиби Султон Раев санъат анжуманига ташриф буюрган талабаларни табриклар экан, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистондан келган талабалар саҳналаштирган спектакллар ҳақида илиқ фикрлар билдиришди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори вазифасини бажарувчи Элдор Шермонов тантанали қисмда барча санъат ихлосмандларини қутлаб, Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ва Халқаро Туркий маданият ташкилоти – TURKSOY бош котиби Султон Раевга Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти фахрий профессори унвони берилганини эълон қилди.
Тадбирда вазир истеъдодли ёш санъаткорларга ижодий муваффақиятлар тилаб шундай деди:
– Номоддий маданий меросни авайлаб-асраш, келгуси авлодга безавол етказиш борасидаги ҳамкорларимизга миннатдорлик билдирамиз. Қатор лойиҳаларимиз бир дарахт илдизи каби бир-бирига туташ, қон-қариндош халқлар ўртасида олтин кўприк вазифасини ўтайди.
Маданият ва санъат жамиятнинг бебаҳо хазинаси, инсон тафаккурининг бебаҳо кашфиётидир. Ижод ва маҳоратнинг, тинимсиз изланишнинг энг олий даражасида яратилган асарларгина инсоннинг юрагидан жой олади.
Халқаро TURKSOY ташкилоти бош котиби Султон Раев ўз сўзида: “Биз ташкилотимиз равнақини, маданияту санъатини Ўзбекистонсиз тасаввур қилолмаймиз. Биринчи марта ўтказилаётган талабалар фестивали туркий тилли олийгоҳлар ўртасида дўстлик ва қардошлик ришталарини боғлайди. Фестиваль доирасидаги илмий-амалий анжуман, таниқли санъат дарғаларининг маҳорат дарслари ҳам халқларимиз санъатини жаҳон саҳналарига олиб чиқишга хизмат қилади”, дея таъкидлаб ўтди.
Юзга яқин меҳмонлар сафида таниқли санъат усталари, драматурглар, талабалар ва олийгоҳларнинг ректорлари ҳам иштирок этдилар.
Туркия Республикаси Анқара мусиқа ва гўзал санъатлар университети ректори Эрхан Узден, Озарбайжон давлат маданият ва санъат университети ректори Жайрон Маҳмудова, Қозоғистон миллий санъат академияси ректори Азамат Сатибалди, Қирғизистон маданият ва санъат университети ректори Туманбай Қўлдашев, Туркманистон давлат маданият институти ректори Аманмурад Айдугдиев, кузатувчи мақомида иштирок этаётган Олтой давлат маданият институти ректори Олеся Куткина Биринчи халқаро “Турк дунёси талабалари театр фестивали”да намойиш этилаётган спектакль томошаларида ҳамда “Янги давр ўзбек театри санъатининг муҳим масалалари: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги докторант, мустақил изланувчилар, талабаларнинг илмий-амалий анжуманида ҳам иштирок этдилар.
Туркия Республикаси Анқара мусиқа ва гўзал санъатлар университети ректори Эрхан Узден фестивалнинг аҳамияти ҳақида шундай деди:
– Бир гўзал ташаббус изидан санъат дунёсида янги ижод намуналарини намойиш этиб қувонаётган, маслаги, нияти, орзулари бир хил талабаларни кўриб ҳавасим келди. Ҳар бир халқни санъати дунёга танитади. Бу эса, ижодкорга жаҳон саҳналарида ўз халқи номидан сўз айтиш имкониятини беради. Илму ижод ҳар қандай қуролдан, ҳар қандай табиий бойликдан, ҳар қандай кучдан афзал экани аён.
Қозоғистон миллий санъат академияси ректори Азамат Сатибалди:
– Ўзбек миллий академик театрида таниқли адибимиз Мухтор Авезов қаламига мансуб, атоқли режиссёр Марат Азимов саҳналаштирган “Абай” спектаклини кўриб илҳомлангандик. Талабаларимиз томонидан Сара Кейн қаламига мансуб, академиямиз магистри Нуржакип Ширин саҳналаштирган “Психоз-4.48” спектаклимиз қарсаклар билан қабул қилинди. Ижодкорларга бундан ортиқ қувонч борми?!, – дея ўз таассуротларини ўртоқлашди.
Қирғизистон маданият ва санъат университети ректори Туманбай Қўлдашев фестивалга Жорж Фрейдо асари асосида Қирғизистон халқ артисти Эгамберди Бекбелиев саҳналаштирган “Хонимлар чевари”, Мар Байжиев сценарийси асосида Қирғизистон халқ артисти Гулайим Қаниметова саҳналаштирган “Ўн иккинчи кун” номли спектакллар тақдим қилинганини, Гулайим Қаниметованинг маҳорат дарслари олқишлар билан кутиб олинганини айтиб, шундай деди: “Яхшилаб қаралса, ҳаммамизнинг дарду севинчимиз – дунёда меҳр ва яхшилик қадри ҳақидаги саҳна асарлари. Тошкентда санъат ниҳоятда қадрланар экан!”
Туркманистон давлат маданият институти ректори Аманмурад Айдугдиев институт талабалари саҳналаштирган Морал Дурдиева қаламига мансуб “Ўғуз ривояти” спектакли туркман миллатининг дарду севинчларини ўзида мужассам этганини таъкидлади.
Кузатувчи мақомида иштирок этаётган Олтой давлат маданият институти ректори Олеся Куткина атоқли рус адиби Антон Чеховнинг Атабей Бариш саҳналаштирган “Тутуннинг зарари” спектакли ҳақида гапириб, анқаралик талабалар маҳоратидан ҳайратга тушганини айтди: “Илоҳий кучнинг, беназир мўъжизанинг тимсоли санъат, театр эса мана шу мўъжизанинг олий даражадаги кўринишидир”.
Меҳмонлар Темурийлар тарихи музейи, Хореография академияси, Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Ботир Зокиров институтида бўлиб, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти фаолияти билан танишиб, Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатга қаратилаётган улкан эътиборни эътироф этдилар.