November 24, 2023

ИССИҚ НОН ҲИДИ  

ЮРАКДА АРМОН УЛҒАЯР

Юракда армон улғаяр ёшинг улғайган сари,

Улгурмаган амалларинг бўй чўзар куйган сари.

Ич-ичингдан келар соғинч, ўртаб исмсиз туйғу,

Ота-онанг хотиридан қарзингни туйган сари.

Онамга талпинаман чорасиз қолган чоғим,

Қумсайман юпатгувчи меҳр тўла қучоғин.

Ҳар иш бошлаган оним, бўларди суянч тоғим –

Отамга талпинаман, отам – пушти паноҳим.

ЭВРИЛИШ

Ёш эдим, бебош эдим,

Не хушбахт кунлар эди.

Қошимда отам-онам...

Унда, йил ўн икки ой

Мен учун баҳор эди –

Анбарафшон бу олам.

Ёмғиру дўл шиддати,

Қонимда жўшар эди...

Борлиғим эди кўклам.

Кун келди отам, онам,

Бир-бир ташлади кетди:

“Худонинг иши, болам...”.

Энди, йил – ўн икки ой

Баҳор-кузга айланди...

Тинмас кўнгилда нолам.

Дийдам сувими, ёмғир,

Ёғар маюс, муттасил...

Ичимга оқар алам.

Мен баҳорни севардим,

Натай куз бўлди ҳамдам.

Кўнди мана, кўнгил ҳам.

ИЗЛАРМАН

Иссиқ нон ҳидини туйганим чоғим,

Ҳамон тандир томон югурар кўзим,

Онамни соғиниб, меҳрин изларман.

Бахтим балққанида, шод бўлган оним,

Баҳам кўрмоқ бўлиб бахтим-қувончим,

Онамни соғиниб, тафтин изларман.

Ғамга ботиб, хафа бўлганимда ҳам,

Тўкиб солмоқ учун дилимдан дардим,

Онамни соғиниб, кафтин изларман.

Фарзандим онасин излаб чақирса,

Онаси “болам” дея югуриб кирса,

Онамни соғиниб, юзин изларман.

Ўхшатиб гоҳида синглим овозин,

“Она” – дейман, тавоф этганча изин,

Онамни соғиниб, ўзин изларман.

Шодлигу дардимга шеригим ўзи,

Ёдга тушар қадим айтган ҳар сўзи,

Онамни соғиниб, сўзин изларман.

Соғинчу хижрондан озурда жоним,

Таскин беролмагай кўнгилга ҳеч ким.

Онамни соғиниб, изин изларман.

СОҒИНЧ

Қароғимда аччиқ кўз ёш айланар,

Ҳижрон тоши тиқилгандир бўғзимга.

Кўкайим куйишар ҳам бош айланар,

Не замон келолмам ўзим-ўзимга.

Хаёлан бош олиб кетаман, тамом...

Ва етаман ҳолсиз қабринг пойига.

Меҳринг қўмсаб, қучиб тупроқни бир он,

Икки дунё аро кезаман сарсон.

Ногоҳ йиллар ортга югуриб бир дам,

Болалигим қайтар қадам бақадам.

Сўнгра Онажоним бўлар намоён,

Ва тутар илиниб, иссиқ кулча-нон...

Таҳайюл қуввати нақадар чексиз,

Хаёл ҳақиқатга тенг эмас, шаксиз.

Дийдор илинжида сарғайиб кўнглим,

Соғиниб, кун санаб ўтмоқда куним...

* * *

Онажон, келгандим талпиниб, учиб,

Ҳайҳотдек ҳовлидан изинг топмадим.

Ва яна турибман қабрингни қучиб,

Тупроқдан на тафтинг, исинг топмадим.

Руҳингга топиниб келдим, онажон,

Қайтурман Қайюмга қайта сиғиниб.

Ҳаёт бу, тақдир бу, билдим, онажон,

Бир умр ўтгумдир сени соғиниб.

* * *

Бежиз эмас, кузда барги хазоннинг,

Бандидан узилиб тушмоғи ерга.

Ҳаёт қонуни – бу, яъни эҳсоннинг,

Кун келиб қайтмоғи дўниб ажрга.

Умрим кузагида мен ҳам узилгум,

Бандини тарк этган ул япроқ мисол.

Онамнинг пойидан жой олгум ул кун,

Айрилиқ дийдорга айланар алҳол.

ТЎКИСЛИК

Набиралар қуршаб олиб ул кун мени,

Сўроқ-саволга кўмдилар чуғурлашиб:

-Бобо, сенинг Отанг қани, Онанг қани?... .

Бир зум шошиб, қолдим қалтис ҳолга тушиб.

Қувлик қилай келиб қолди, шу десангиз,

Саволларга савол билан топдим жавоб:

-Қай бирингиз менга Ота ё Онасиз?

Талош-талош бўлиб кетдим, ўзим шу тоб.

-Отанг ўзим, дер чўрт кесиб чапанимиз,

-“Ота ўғил” мен-ку ахир, дер бошқаси.

- Бобом, мени “Онам” деган дер эрка қиз,

Унинг гапин рад қилолмас биронтаси.

Бир пас мени тарк этиб сўнгсиз жудолик,

Тўкисга айландим – Ота ҳам Оналик.

Холмўмин ЁДГОРОВ