МЎЪЖАЗ МАКОН МЎЪЖИЗАЛАРИ
Жаҳон бўйлаб универсаллашув, билимга интилиш жараёни жадал кечаётган бир даврда миллатларнинг ўзлигини сақлаб қолиши ва дунё халқларига ўз маданиятини намоён этиши мураккаблашиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳар бир мамлакат ўз миллий қадриятлари ва халқи тарихини намоён этувчи ташкилотларга зарурат сезади. Юртимиздаги ана шундай масканлардан бири пойтахтимиз Тошкент шаҳрида жойлашган “Human house” галереясидир.
Кичик майдонни эгаллаган бу мўъжаз маконда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг кўп асрлик тарихи, маданияти ва санъатини асраб қолиш ҳамда янги кўринишларда ривожланишига ҳисса қўшиш йўлида изланишлар олиб борилмоқда. Галерея ташқи кўринишининг ўзиёқ ташриф буюрувчиларда илиқ ҳиссиётларни уйғотади. Минтақамизга хос қадимий дарвоза, пахса девор, сўзаналар билан қопланган пастқам уй, иккинчи қаватда жойлашган айвон томошабинни ўтмиш муҳитига олиб киради. Бир замонлар тошкентлик юртдошимизга тегишли бўлган тарихий ҳовли бугунги кунда юксак маданий масканга айлангани қувонарли ҳол. Галереянинг арт директори Лола Сайфи: “Бу ҳовли ўзининг тарихи ва руҳига эга”, дея таъриф берганида мутлақо ҳақ эди. Ватанимизга ташриф буюрган меҳмонда тарихимиз ва маданиятимиз катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз. Шу маънода бугун “Human house” сайёҳлар учун севимли ва эсда қоларли масканга айлангани табиий ҳол. Аслида галерея нафақат сайёҳларнинг, балки аҳолининг ҳам севимли масканлари қаторидан жой олиши лозим. Миллий тарихи ва маданиятини ҳурмат қиладиган ҳар бир инсон учун ушбу қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантиришга қаратилган ҳар қандай лойиҳа қадрлидир.
Галерея фаолияти давомида Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг 200дан ортиқ ҳунармандлари билан ҳамкорлик асосида ишлаш билан бирга, бошқа лойиҳалар устида ҳам иш олиб бормоқда. Хусусан, “Театр экспериментлари оқшоми” лойиҳаси доирасида спектакллар саҳналаштириш анъанаси бошлаб юборилган. Шу йил апрел ойида норвег ёзувчиси Эрленда Лу романи, Дмитри Даниловнинг “Подольсклик киши” ва Лейла Шахназарованинг “Тошкентлик таксичилар” пьесалари асосида “Бошқа ҳайвонлар” спектакли саҳналаштирилган эди. Куни-кеча галереяда “The King” креатив агентлиги томонидан “Кел, турмуш қурайлик” (“Давай поженимся?”) спектакли томошабинлар ҳукмига ҳавола этилди. Маълумки, “Human house”да намойиш этиладиган томошалар ўзбек миллий анъаналарини тарғиб этишда ўзига хос ёндашуви билан ажралиб туради. Бу сафар ҳам ижодий жамоа анъаналаридан чекинмаган ҳолда ўзбек менталитетининг ажралмас қисмига айланган тўй маросимлари ҳақида спектакл яратишга бел боғлади. Мазкур асар томошабинлар ва актёрлар ўртасида ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги, мухлисларни спектаклга жалб қилиши, мухлислар ва актёрлар ўртасида техник ёки таркибий тузилмаларнинг йўқлиги, томошабинни ўзбек маданияти ва санъати билан яқиндан таништиришга қаратилгани билан эътиборни тортади. Премьерада томошабинларнинг катта қисмини хорижлик меҳмонлар ташкил этди ва бу улар учун қизиқарли томоша бўлди.
Спектакль давомида томошабинларнинг бевосита иштирокчига айлангани асарнинг томошабоплигини янада оширган. Зотан, мухлислар фақат ўзбекча ҳаёт тарзи ва ўзбек тўйлари ҳақида аудиовизуал маълумотга эга бўлибгина қолмай, ўзлари либосларни кийиши, чолғу асбобларини чалиши ва ўзбек миллий таомларидан тотиб кўришлари мумкин бўлади. Бу эса, миллий маданиятимизни яқиндан таништириш ва кенг тарғиб этишда муҳим омил бўлади. Хорижлик сайёҳлар учун қизиқарли ушбу лойиҳа юртимизда туризмни ривожлантиришга кўмак бериши, шубҳасиз.
Спектакль учун суратга олинган қисқа метражли этнографик ҳужжатли фильмни томоша қилар экан, ҳар бир мухлис ўзи учун хулоса чиқариб олади. Хусусан, ўзбек томошабини хорижлик меҳмонларнинг тўй маросимларимиздаги урф-одатларга нисбатан ҳайрат билан муносабат билдиришларини кўриб, улардаги баъзи жиҳатларга ўзгартириш киритиш лозимлигини ҳам ҳис этади, деб ўйлаймиз. Зеро, тўйлардаги сарф-харажатдан тортиб, уларнинг ижобий ва салбий жиҳатларини ҳаққоний ёндашув асосида ёритишга уринишнинг ўзи дадил қадамдир. Бу борада лойиҳа ташкилотчиларининг меҳнаткашлиги ва синчковлигига тан бермай илож йўқ. Ўзбек ёшлари орасида ўзга маданиятларга ён босиш ва ўзлигидан бехабарлик ҳисси пайдо бўлаётган бир пайтда, азалий миллий анъаналарнинг чиройли жиҳатларини очиб бериш муҳим ташаббусдир.
Эътиборни тортадиган яна бир жиҳати шуки, томоша бошланишидан аввал томошабинларга сўровнома тарқатилиб, унда спектаклнинг айнан қайси жиҳатлари маъқул келгани ёки маъқул бўлмагани, яна қандай йўл билан уни яхшилаш мумкинлиги ҳақидаги холис фикрлари сўралган. Бу эса, ижодий жамоа учун томошабин фикри муҳимлигини, жамоанинг кейинги фаолиятини янада ривожлантиришга бўлган интилишини кўрсатади.
“Human hous”га ташриф буюрган ҳар бир инсон замонавий санъат унсурларига алоҳида эътибор қаратадиган давр келганини яна бир бор ҳис этади. Жаҳонда ўз ўрнига эга бўлишни истаган ҳар қандай миллат, аввало, ўзини билиши, тарғиб этишга бел боғлаши лозим. Шу маънода, “Human house” галереяси ва “The King” креатив агентлиги каби ташкилотларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш лозим. Зеро, миллатнинг миллат сифатида сақланиб қолишида унинг маданияти муҳим омил ҳисобланади.