August 18, 2023

ТАХАЛЛУС

О. Генри

ТАХАЛЛУС

О. Генри – бу ёзувчининг тахаллуси. Унинг асл исм-фамилияси Уильям Сидни Портер. Кичкинтой Портер ўз отаси – врач ва ихтирочи Элжернон Сидни Портерни ёмон кўрарди. Бўлажак ёзувчи отаси онасини авайлай олмагани, омадсизлиги ва ичкиликка ружу қўйгани учун айбларди.

У қамоқдалигида О. Генри (баъзан нотўғри ёзилганига ҳам дуч келамиз: О’Генри — ирландча фамилияларга ўхшаб) тахаллусини олган. Тахминларга кўра, Генри – газета хабарларидаги мақола қаҳрамони. О. – Olivier (французча исм Оливье) демакдир. Ёзувчи бир неча ҳикояларини Olivier Henry исми остида эълон қилган. Бошқа маълумотларга кўра, бу исм машҳур француз доришуноси Этьен Осеан Анри(Etienne Ocean Henry)га тегишли, унинг тиббий маълумотномаси машҳур бўлган. Учинчи тахмин ёзувчи ва олим Гай Дэвенпортга тегишли: “О. Генри” бу, ёзувчи қамалган қамоқхона – Ohio Penitentiaryнинг қисқартирилган номидир.

МАҲБУС

Портер ишлаган банкда 5000$ доллар камомад аниқланади ва бунда бўлажак ёзувчини айблашади. У ўз ихтиёри билан судга бориб кўрсатма бериш ўрнига АҚШдан Гондурасга қочиб кетишга ва орадан икки йил ўтказиб қайтиб келишга қарор қилади. Шунда жазо муддати ўтиб (қонун бўйича бу жиноят учун уч йилга қамашарди), қамалмай қоларди. Аммо хотини оғир касалликка чалингани учун эртароқ қайтади ва унга хотинини даволатиш учун вақт беришади. Хотини вафот этгач, беш йилга қамалади. Қамоқда “интизомлилиги” учун уч йилда озод қилинади, маҳбус ҳаётни ўрганиши учун шу уч йил ҳам унга етарли бўлган эди.

ҚАМОҚДА

Қамоқда Портернинг ҳикоя ёзишни машқ қилиши учун вақти етарли бўлган. Аммо таҳририятлар маҳбуснинг ҳикоясини босишмасди, шунинг учун у ёзганларини таниш-билишларига юборар, улар эса таҳририятга топширарди. Ёзувчи биринчи “Дика-Свистуннинг янги йил совғаси” ҳикоясини қамоқхонада ёзган.

СЕРМАҲСУЛ ИЖОДКОР

Портер дам олиш кунлари ва таътилларсиз бир йилда 60тадан ҳикоя ёзарди, баъзида бир вақтнинг ўзида бир неча ҳикоя устида ишларди. Ёзувчи деярли барча пулини қизига сарфларди, чунки у энг қиммат коллежда таҳсил олар ва у ердагиларнинг ҳеч бири қизнинг отаси собиқ маҳбус эканини билмасликлари лозим эди.

О. Генрининг “Қирол ва карам” романи 1904 йили нашр қилинган. Кейинчалик “Тўрт миллион” (1906), “Ёниб турган чироқча” ва “Шарқ юраги” (1907), “Шаҳар садоси” ва “Олижаноб товламачи” (1908), “Тақдир йўли” ва “Танланган асарлар” (1909), “Аниқ ишлар” ва “Гирдоб” (1910) номли ҳикоялар тўп­ламлари чоп этилди. У жами 273та ҳикоя ёзган ва улар кўплаб тилларга таржима қилинган.

Адиб ёлғиз яшашга, киборлар даврасига қўшилмасликка интилар, интервью бермас эди.

САЛЛИ КОУЛМЕН

Умрининг охирларида ёзувчи иккинчи марта уйланади. Унинг танлагани Салли Коулмен бўлиб, қизига меҳрибон ҳамда Портерга қўлидан келганча ғамхўрлик қиларди. Салли эрини ичкиликбозликдан қайтаришга ҳаракат қилади, аммо энди кеч бўлганди. Собиқ маҳкумнинг соғлиғи ёмонлашиб, 47 ёшида вафот этади.

Салли ёзувчига ўзининг асл исм-фамилиясини қайтаради: қабрига ўрнатилган ёдгорликка “Уильям Сидней Портер”, деб ёздиради.