June 15, 2023

ГЎЗАЛЛИК НАМОЙИШИ  

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, таниқли рассом Эркабой Машариповнинг “Гўзалликдан лавҳалар” деб номланган кўргазмаси очилди. Ундан рассомнинг етмишдан ортиқ портрет, натюрморт, манзара ва тарихий жанр­га доир асарлари ўрин олган.

Рассом асарларини кузатар экансиз, мавзу танлаш, ранглар уйғунлигида ўзига хос услубни кўриш мумкин. Ижодкор асарларида рангтасвирнинг реализм, экспрессионизм, символизм, натурализм сингари ғарбга хос йўна­лиш­лари билан бир қаторда, шарққа хос нафис­лик, назмийлик, фалсафий мушоҳада жилваси акс этади. Асарлардаги ранг ва композицион ечим бир-бирини тўлдиради. Айниқса, яшил, сариқ ва мовий рангларнинг тусланишида картина моҳияти маҳобат касб этади. “Умидвор йўл”,“Эркинлик”, “Наврўз сайли”, “Хива куйи” каби асарларда мусаввирнинг кенг дунёси, ҳаётга меҳр-муҳаббати мужассам. “Баҳор ифори”, “Тошли дарё”, “Жўшқин дарё”, “Шовқинли дарё”, “Хумсонда қуёшли кун” каби манзаралар томошабин диққатини жалб этади. Рассом ҳар бир манзарани табиат билан уйғунликда яратган. Яъни ранглар, нур ва соя ўйини, қатъий ёки эгилувчан чизиқлар барчаси мавзуни очишга қаратилган. Рассом ижодида портрет ва тарихий мавзуларга бағишланган асарлар ҳам катта ўрин тутади. Масалан, “Композитор Рустам Абдуллаев” портрети мовий ранглар оғушидаги тарихий обидалар тасвирининг бадиийлиги билан ажралиб туради. Тарихий шахс­лар Соҳибқирон Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди ҳаётига бағишланган асарлар ҳам мухлисларга манзур бўлиши, шубҳасиз. Айни пайтда, Э.Машарипов ижод қилиш билан бирга Миллий рассомлик ва дизайн институтида устоз сифатида тасвирий санъатда кўзга кўринган ижодкорларни тарбиялаб келаётгани эътиборга молик. Рассом хорижий мамлакатлар ва юртимизда бўлиб ўтадиган кўргазмаларнинг мунтазам иштирокчиси. Унинг асарлари Темурийлар тарихи давлат музейида, Туркия, Япония, Жанубий Корея, Англия, Дания ва бошқа кўплаб мамлакатларнинг музей ҳамда шахсий тўпламларда сақланмоқда.

Ўз мухбиримиз