УМРИ АЗИЗ
Келган кетади, дейишади. Инсон тақдирининг муқаррар қонуни шундай. Ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигининг яна бир улуғ намояндаси, йирик олим ва адиб, катта ва нозик қалб инсон академик Наим Каримов фоний дунёни тарк этиб, чин дунёга риҳлат қилди. У кишининг ёши мелодий ҳисоб бўйича 91 йил, ҳижрий ҳисобда 94 йилни ташкил қиладики, бу салкам бир аср деганидир. Умр сони билан эмас, салмоғи билан гўзал, дейдилар.
Наим ака гўзал ва самарали умр йўлини босиб ўтдилар. Халқимиз бошига қўнган бахт қуши, истиқлол рўй берганида Наим ака анчагина улуғ ёш, бир кам олтмишда, адабиётшунослик бўйича бир неча китоб ва тадқиқот муаллифи эсалар-да, бор-йўғи фан номзоди эдилар. Лекин ҳозир биз биладиган улуғ олим ва адиб том маънода Истиқлол фарзанди, ушбу даврда камол топган алломадир. Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров топиб айтганидек, “Кўп адиблар, олимлар каби Наим Каримов қайта туғилди. Истиқлол уни катта алломага айлантирди, академик рутбасини берди. Кенг улуғ уфқлар очдик”.
Ўтган йили домла таваллудининг 90 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Шу санага бағишланган халқаро анжуман ташкил қилинди, анжуман материаллари салмоқли китоб ҳолида нашр этилди. Бутун мамлакат ўзининг маърифатли сиймолари тили билан Наим Каримовни шарафлади, шарафладигина эмас, бу шарафни туб илдизларини, тагзаминини очиб берди.
Тириклигидаёқ бундай шарафга эга бўлиш Тангри севган одамгагина муяссар бўлиши мумкин.
Наим Каримов илмий-бадиий ижодининг пафоси мустабид совет тузуми, хусусан, Сталин қатағонлари пайтида топталган ҳақиқатни тиклаш, уни чанг-ғубордан тозалаш бўлди, дея баралла айта оламиз. Бу борада яна устоз Иброҳим Ғафуровга мурожаат қиламиз:
“Наим Каримов асарларида адолатни тиклаш эҳтироси (таъкид бизники – С.М.) баралла акс этади. Шунчалар фактлар юзага чиқдики, уларда асл ҳақиқатнинг юзи, моҳияти очилди. Фактларнинг бари нидо ва фарёд билан тўладир”.
Архив материаллари билан танишув жараёнида бирга бўлганларнинг эслашича, Наим ака уларни йиғлаб ўқиган, улар ҳақида ёзганда йиғлаб ёзган экан. Бунга чилғин юрак қандай чидаш берган экан. Алломанинг азиз умрига нуқта қўйган инфаркт ҳам ўша азоблар аламидан орттирилган бўлса, ажабмас.
Жадид боболаримиз академик Наим Каримовнинг чинакам севгиси эди. Жадид зиёлиларимиз, уларнинг илм ва амаллари ҳақида гап кетганда устознинг юзлари ёришиб кетар, аччиқ тақдирлари эсланса, кўзларида беихтиёр ёш қалқар, бу олий ҳаяжон белгиси эди. Жабрдийда боболаримизга нисбатан оташин севги фақат катта қалб соҳибигагина муяссар бўлиши тайиндир.
Наим Каримов ХХ аср ўзбек адабиёти ва умуман маданиятимизнинг тирик қомуси эди. Ҳамза ҳақида долзарб мақолалар, Абдулла Қодирий қомуси, Чўлпон ва Усмон Носир ҳақида маърифий романлар, Миртемир ҳақида ёниқ эсселар ёзганда ҳам адиб, ҳам зукко адабиётшунос эди. Ул зот буюк ёзувчимиз Ойбекни алоҳида меҳр билан севар ва ардоқлар эдилар. Ойбекнинг буюк романини Петров ғуборидан тозалаб, унингсиз “Қутлуғ қон”ни чоп этишга журъат қилган олим ҳам Наим Каримов бўлди. Буюк адибнинг бошланғич концепциясидаги роман нисбатан бошқача, миллий-озодлик руҳидаги асарга айланадики, роман сезимидаги бундай эзгу эврилиш айнан Наим Каримов хизмати ва жасорати мевасидир.
Олим муборак, азамат тўқсон ёшида ҳам бир нафас бўлса-да, фикрлашдан, ёзишдан тўхтамади. Бундай самарали умр барчага насиб этсин, деймиз. Мана бугун муҳтарам устозимиз орамизда йўқ. Лекин ул зот яратган асарлар ҳамон эл-юрт назарида ва маънавиятимизга камарбаста бўлиб хизмат қилмоқда. Атоқли олим ва адибимизнинг иккинчи абадий умри бошланди. Бу энди чинакам, ҳазрат Навоий сўзлари билан айтганда, умри азиздир.