June 1, 2023

ХАЛҚАРО ФЕСТИВАЛЬ ЯКУНЛАНДИ

Театрнинг тили битта: қайси юртда бўлмасин, санъат аҳлининг дили фақат эзгуликдан сўзлайди. Шу боис бу санъат тури асрлар давомида миллатлараро муштараклигини йўқотмайди. Дунё саҳнасида спектакллар қайси тилда қўйилмасин, санъат риштаси барини чамбарчас боғлайди. ­Театр санъати жамият ва халқ тилидан сўзлайди, муҳаббат ва нафратга, яхшилик ва ёмонликка қоришиб ётган ҳаёт манзаралари тасвири орқали томошабиннинг қалб кўзини очади. У мудроқ қалбларни уйғотишга қодир катта маънавий куч.

Сўнгги йилларда ўзбек театр санъатида кечаётган катта ижобий ислоҳотлар саҳналаримизда амалий ифодасини топмоқда. Бу жараёнлар ўзбек театрлари режиссёрлари, актёр­лари дунё театри билан тенглашишга қодир эканини намоён этмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда соҳа ривожида катта янгиланишлар юз бераётгани аниқ. Аввал хабар берганимиздек, Маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистонда илк маротаба ўзида юксак ҳаётий аъмолларни мужассам этган “Евроосиё” халқаро театр санъати фестивали бўлиб ўтди. Мухлислар, мутахассислар ва соҳа ижодкорлари пойтахтимиз театрларида Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Грузия, Россия, Қорақалпоғистон ҳамда республикамиз театрларида саҳналаштирилган турли мавзудаги ранг-баранг асарларини томоша қилдилар.

28 май куни Алишер Навоий номидаги давлат академик театрида фестиваль якунига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирни очган Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги бошқарма бошлиғи Баҳром Усмонов биринчи “Евроосиё” халқаро фестивали юртимиз театр ижодкорлари учун яхши мактаб бўлганини алоҳида таъкид­лади. Давра суҳбатини Респуб­лика театрлари кенгаши раиси Абдусаид Ғаниев олиб борди. Даврада қатнашган театрлар раҳбарлари ва режиссёрлари, санъатшунос олимлар анжуман кўнгилдагидек ўтгани учун республикамиз раҳбариятига, ташкилотчиларга миннатдорлик билдирдилар. Мазкур фестиваль ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этганини алоҳида таъкидладилар.

“Евроосиё” халқаро санъати фестивали яна бир тарихий анъанага йўл очди. Яъни давра суҳбати сўнгида театр санъати бўйича давлатлараро ҳамкорлик меморандумларини имзолаш маросими бўлди. Бу эса, шубҳасиз, театр соҳасининг истиқболи учун хизмат қилади.

Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида фестивалнинг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда “Евроосиё” халқаро театр санъати фестивали қатнашчилари, пойтахт ва вилоятларимиз театрлари намояндалари ҳамда театр мухлислари қатнашдилар. Фестивалда қатнаш­ган давлатлар вакилларига дип­ломлар, эсдалик совғалари топширилди.

Ёпилиш маросимида Ўзбекистон Рес­публикаси Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков сўзга чиқиб, ушбу залда ўтирган одамлар театр санъатини яхши биладиган, унинг қадрига етадиган инсонлар эканини таъкидлаб ўтди.

– Санъат, айниқса, театр санъати жуда катта куч, – деди у ўз сўзида. – Муҳими, бу санъат таржимонсиз ҳам қалбларга йўл топа олади. Айнан шу нарса етти кун мобайнида Тошкентда бўлиб ўтган “Евроосиё” халқаро фестивалида ўз исботини топди. Гарчи ҳар бир театр жамоаси ўз тилида спектакль намойиш этган бўлса-да, залдаги томошабинлар уларни тушуниб, тугагандан сўнг ўринларидан туриб узоқ вақт олқишлаганларининг гувоҳи бўлдик. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев санъатни, жумладан, театр санъати соҳасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиб, бу борада алоҳида қарорлар қабул қилмоқда. Зеро, мамлакатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсатнинг бош мақсади дунё­даги барча давлатлар билан тинч-тотув яшаш, ўзаро иқтисодий ҳамкорлик қилиш, халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш, айниқса, ён қўшни-жон қўшни бўлган давлатлар билан яқиндан алоқада бўлишни таъминлашдир. Биз Ўзбекистоннинг дўс­тона ва инсонпарварлик ғояларига асосланган сиёсатини айнан театр санъати ижодкорлари ёрдамида элларга, элатларга етказишни мақсад қилиб қўйганмиз. Ўзбек театр санъати ижодкорлари, дунёнинг қайси давлати саҳнасида бўлмасин, миллий менталитетимизга мос ва хос бўлган асарларни намойиш этиш орқали элларни элларга, дилларни дилларга боғлаш йўлида ҳормай-толмай ижод қилишда давом этадилар.

Тадбир давомида Ўзбекистоннинг таниқли санъаткорлари, ёш умидли опера хонандалари, раққоса ва рақс ансамблларининг гўзал чиқишлари йиғилганларга хуш кайфият бахш этди. Бир сўз билан айтганда, “Евроосиё” халқаро театр санъат фестивали унинг қатнашчилари ва меҳмонларида унутилмас таассурот қолдирди. Мазкур фестиваль мамлакатимиз театр санъати ривожида янги саҳифа очишига шубҳа йўқ.

Гулчеҳра УМАРОВА,

Санобар ҚУЛМИРЗАЕВА