November 10, 2023

МАЪНАВИЙ МУЛК  

Фольклор жанрларининг тарихий тараққиёт қонуниятларини ўрганиш, даврлар ўтиши билан жанр табиатида юз берадиган бадиий, таркибий ҳамда функционал ўзгаришларни ҳар томонлама таҳлил этиш ва муайян назарий хулосаларга келиш, улардан фольклор амалиётида фойдаланиш ҳамиша ўзбек фольк­лоршунослигининг диққат марказида бўлиб келган. Шу маънода ўзбек халқ лапарларининг жанр хусусиятларини, уларнинг мавзу доираси ва ижро шаклларини, жанр табиатида юз берган ўзгаришларнинг ижтимоий, эстетик сабабларини аниқлаш бугунги кунда долзарб вазифалардан биридир.

Лапарлар тарихий тараққиёти мобайнида турли ижро шаклларини кашф этди. Бу жараёнда мазкур жанр билан профессионал санъат ижрочилиги ўртасида муайян алоқалар юзага келди. Демак, мавзунинг долзарблиги фольклор жанрларидан бири – лапар ва профессионал санъат ижрочилиги ўртасида юзага келган ўзаро икки томонлама таъсирнинг даражаси ҳамда моҳиятини белгилаб бериши билан изоҳланади.

Халқ лапарлари бадиий тузилиши, тасвир ва ифода воситалари, образлар тизими, энг муҳими, уларнинг барқарор табиати билан алоҳида ажралиб туради.

Маълумки, ўзбек халқ лапарларини илмий жиҳатдан ўрганиш ХХ асрнинг 20-йилларида бош­ланди ва ҳозирга қадар давом этмоқда. Мазкур жанр бў­йи­ча амалга оширилган ишларни қуйи­дагича тавсифлаш мумкин: биринчи гуруҳга Элбек, А.Фитрат, М.Алавия ва Б.Саримсоқовнинг жанрнинг ижро ўрни, ижрочилар таркиби ва ижро йўсини ҳақида маълумот берувчи мақола ва тадқиқотларини; иккинчи гуруҳга Ҳ.Зариф, Ҳ.Раззоқов, М.Алавия, Ж.Қобулниёзов, О.Собиров ва С.Рўзимбоевнинг лапарлар намуналарини тўплаш ва нашр этишга оид ишларини киритиш мумкин.

Учинчи гуруҳга эса, халқ лапарларининг мусиқий табиати ва уларнинг маҳаллий ўзига хослик­ларини аниқлашга доир ишлар киради. Ўзбек халқ лапарлари жанри бўйича амалга оширилган ишларда жанрнинг спецификаси ва бадиий хусусиятларини ёритиш тадқиқотчилар назаридан четда қолган. Қолаверса, фольк­лоршуносликнинг ўша пайтлардаги имкониятлари барча жанрларнинг ўзига хос хусусиятлари, тарихий тараққиёт қонуниятлари ва поэтикаси каби масалаларни атрофлича тадқиқ этишга қодир эмасди.

Фольк­лоримизнинг мустақил жанрларидан бири сифатида, ўзбек халқ лапарлари тарихий илдизлари қадимги даврларга бориб боғланади. Барча жанрларда бўлганидек, тарихий тараққиёт натижасида халқ лапарлари ижрочилари таркибида, ижро ўрни ва шаклларида катта ўзгаришлар юз берди. Жумладан, ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб тўй – маросимларда профессионал санъаткорларнинг иштирок этиши, қолаверса, профессионал қўшиқчиларнинг халқ ижрочилари репертуарига ҳам ўтиши аста-секин қизлар базмида халқ лапарларининг ижро этилмай қолишига сабаб бўлди. Вақт ўтиши билан лапар ижрочиларининг камайиб бориши ҳам жанрнинг оммавий ижро тарзига салбий таъсир кўрсатди.

Ўзбек халқ лапарларининг илк тадқиқотчилари Элбек ва ­М.Алавия­нинг маълумотларига қара­ганда, жанрнинг ижро доираси торайиши ХХ аср 30-йиллари охирларидан сезила бошлаган. Бироқ бу торайиш ижтимоий-сиё­сий ҳаётдаги турли воқеалар оқибатида янада чуқурлашди ва жадаллашди. Иккинчи жаҳон уруши фожиаси оқибатлари нафақат маросимларимиз тарзига, балки уларда ижро этиладиган фольк­лор жанрлари миқёсига ҳам таъсири кўрсатди. Миллий-маънавий қадриятларимизга нисбатан бўлган салбий мафкуравий тайзиқ ҳам лапарларнинг жонли оммавий ижросига тўсиқ бўлди.

Халқ лапарлари жанрида мана шундай тарихий жараёнлар кечаётган бир пайтда, кўплаб лапар намуналари йирик санъаткорлар репертуарига ўтиб, қайта сайқал топди. Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Меҳри Абдуллаева, Раҳима Мазоҳидова, Турсуной Мамедова, Гулшод Отабоева каби йирик санъаткорлар репертуаридан мустаҳкам жой олган халқ лапарлари халқона асосларини, мазмунини йўқотмаган ҳолда ижро тарзи, оҳанги ва руҳида муайян даражада ўзгариш­ларга, аниқроғи, санъаткорлар сайқалига учради. Шу тариқа ўзбек халқ лапарлари икки қисмга бўлинди. Биринчиси, оммавий халқона ижродаги терма лапарлар. Булар никоҳ тўйларининг муайян узвида омма томонидан бир қадар ижро этилиб келинди. Аммо кейинчалик улар ҳам маросим амалиётидан сиқиб чиқарилди. Иккинчиси, профессионал санъаткорлар репертуарига ўтган лапарлар бўлиб, улар тўйлар (тўйга санъаткор таклиф этилганда), байрам ва сайилларда кенг ижро этила бошланди. Бироқ барча ижрочилар бир хил матнларни куйлаши оқибатида бадиҳагўйлик йўқолди. Шунга қарамай, айрим лапарларнинг турли вилоятлардаги вариантлари ҳам юзага келди. Тўй маросимларида жонли лапар айтиш анъанаси унутилгач, ҳозирги пайтга келиб кўплаб терма лапарларни ёшлар билмайди, улар турли тўплам ва китобларда, фольклор архивлари ва кексалар хотирасидагина сақланиб қолган, холос.

Халқ орасида лапар айтиш анъанаси унутилган бўлса-да, лапарларга хос бадиийлик ҳамон сақланиб қолган. Бадиийликнинг бундай сақланиши эса, жанрнинг қадимийлигидан далолат беради.

Лапарларнинг шеърий матнидаги ритмик-синтактик параллелизмлар, руҳий параллелизмга асосланган композиция, ижрода диалогик айтишувнинг мавжудлиги, образ ва образлиликнинг яратилишида турлича кўчимлар, тасвир ҳамда ифода воситаси ва усулларининг истифода этилгани жанрнинг бадиий таркиби ҳамда табиати барқарор эканини тасдиқлайди.

Республикамиз мустақилликни қўлга киритгач, миллий қад­риятларимизга муносабат туб­дан ўзгарди. Эндиликда халқ лапар­лари эскилик қолдиғи ёки феодал жамиятдан сақланиб қолган сарқит эмас, балки халқимиз санъати илдизлари қадим-қадимдан беқиёс бадиий қимматга эгалигини исботловчи нодир асарлар сифатида баҳолана бошланди. Маънавий мулкка оқилона, муносабат туфайли халқ лапарлари тўй маросимлари, байрам ва сайилларимиздан яна мустаҳкам ўрин олишига шубҳа йўқ. Бизнинг вазифамиз эса, жанрнинг табиати ва таркибида юз берувчи ҳар бир ўзгариш ҳамда ҳодисанинг сабаб­ларини, уларнинг ижтимоий-тарихий асосларини, эстетик моҳиятини ўрганишдан иборатдир.

Нозим ҚОСИМОВ