СОҒЛОМ РАҚОБАТ МУҲИТИ – ДЕМОКРАТИЯНИНГ АСЛ ИФОДАСИ
2023 йил Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайлов демократик сайлов қоидалари асосида ташкил этилгани сайловолди ташвиқотларда тасдиғини топди. Давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатида улкан ижобий ўзгариш ва юксалишлар рўй бераётганини нафақат халқимиз, балки олам аҳли ҳам кўриб, ҳайрат ва ҳавас билан кузатиб, хайрихоҳ бўлиб турибди. Мамлакатимиз, халқимиз, жамиятимиз, одамларнинг онгу тафаккури ўзгармоқда.
Миллий ва халқаро экспертлар ҳақли равишда қайд этганларидек, сайловларнинг янгича ўтаётгани, биринчидан, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётгани, иккинчидан, сиёсий партияларнинг сайловолди платформалари ранг-баранглик касб этиб, жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим муаммоларни ечишга қаратилаётгани, учинчидан, оммавий ахборот воситаларининг том маънодаги “тўртинчи ҳокимият” сифатида ўз ўрнини эгаллаётгани билан бевосита боғлиқдир.
Мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида, хусусан, электрон нашрларда, ижтимоий тармоқларда, учрашув ва анжуманларда юртдошларимизнинг ўз фикрларини очиқ-ошкора, дадил айтаётганининг ўзи халқимиз эришган улкан ютуқлардандир. Айни пайтда бу – сайловларимизнинг демократия тамойиллари асосида, ҳалол ва адолатли ўтишининг ўзига хос кафолати, жамоатчилик назоратининг ўзига хос шакли ҳамдир.
2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президент сайлови илк бор Сайлов кодекси, конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартлари асосида ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини муносиб ўтказиш мақсадида барча жараёнлар қонунчилигимизга мувофиқ тарзда босқичма-босқич олиб борилди. 2021 йил 14 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олди.
Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини 2023 йил 7 июндан бошлаб кузатдик.
Сайловолди ташвиқоти — сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир.
Ташвиқотлар номзоднинг дастури ва (ёки) сайловолди платформаси тўғрисидаги ахборотни номзодни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда, номзод тўғрисидаги ахборотни уни ёқлаб овоз беришга даъват этган ҳолда тарқатиш, ташвиқот омма олдида очиқ мунозаралар, баҳслар, матбуот конференциялари, фуқароларнинг йиғилишлари, интервьюлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, роликларни жойлаштириш шаклида олиб борилди.
Ташвиқот оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали, босма, кўргазмали, аудиовизуал, плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни чиқариш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилди.
Шунингдек, ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланди.
Сайлов кодексининг 43-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ўн беш нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлишга ҳақли. Номзод ёки унинг ишончли вакили бошқа номзод ёки унинг ишончли вакили билан биргаликда сайловчилар билан учрашувлар ўтказишга ёхуд бошқа номзод томонидан ташкил этилган сайловчилар билан учрашувларда иштирок этишга ҳақли.
Жумладан, Улуғбек Иноятовнинг 15 нафар, Шавкат Мирзиёевнинг 14 нафар, Робахон Маҳмудова ҳамда Абдушукур Ҳамзаевнинг 15 нафар ишончли вакиллари ташвиқот ишларини олиб бордилар.
Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланган.
МСКнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика ва маҳаллий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти, шунингдек, “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово”, “Овози тожик”, “Нурлы жол” ва маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони тасдиқланди.
Шунингдек, бу йилги президентлик сайловида ОАВ, шу жумладан, телевидение, радио, газета ва журналлар, умумий фойдаланишдаги ахборот-телекоммуникация тармоқлари, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғи, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини, яъни плакатлар, варақалар ва бошқа материалларни чоп этиш ҳамда тарқатиш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали амалга оширилаётганининг ўзи Янги Ўзбекистонда демократик сайловнинг амалий ифодаси, десак муболаға бўлмайди.
Эътибор берсангиз, фуқароларга Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти (saylov.uz) ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали сайловчилар рўйхатидан ўзларига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти яратилди, шу жумладан, улар ўзи овоз берадиган сайлов участкаси ва унинг жойлашган жойи ҳақида тўлиқ маълумот олишлари мумкин. Шунингдек, участка сайлов комиссияси биносида ҳам сайловчилар рўйхати билан танишишлари мумкин.
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органларининг ахборот базаларига мувофиқ сайловчи фуқаролар, уларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари манзиллари ҳақидаги ахборотни ўз ичига олган давлат ахборот ресурсидир.
Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади ва янгилаб турилади, сайлов кампанияси даврида эса тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.
Сайлов кодексининг 33-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси сайловларида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчилар тўғрисидаги қарорга мувофиқ, сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда хорижий (халқаро) кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эга.
Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ, Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан ЕХҲТ ДИИҲБ, Бутун жаҳон сайлов органлари ассоциацияси, МДҲ, Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси каби ташкилотлар ҳамда бир қатор хорижий давлатлардан жами 401 нафар кузатувчи аккредитациядан ўтказилган. Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлардан ва хорижий давлатлардан қатнашадиган кузатувчиларнинг умумий сони 785 нафарни, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 1 299 нафарни ташкил этмоқда.
Юқори даражада ўтказиладиган демократик сайловлар оммавий ахборот воситалари эркинлиги билан узвий боғлиқ. Сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳам ОАВнинг сайловлардаги иштирокини таъминлаш ҳисобланади.
Оммавий ахборот воситаларида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш ҳуқуқи мавжуд.
Сайлов кампанияси бошлангани расман эълон қилинган кундан бошлаб, сайловга камида ўн кун қолгунга қадар ОАВ вакиллари Марказий сайлов комиссиясига аккредитациядан ўтказиш тўғрисида мурожаат қилишлари мумкин. Муҳим сиёсий жараённи ёритиб бориш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш ишлари давом этмоқда.
Бундай муҳим ўзгартишлар умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари асосида сайлов қонунчилигини янада такомиллаштириш, сайлов жараёнларининг янада очиқ ва ошкора ўтиши, Ўзбекистоннинг жаҳон мамлакатлари демократия индексидаги кўрсаткичлари яхшиланишига хизмат қилади.
Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, Бош Қомусимиз бугунги кун талабига мос такомиллаштирилди ҳамда янгиланган Конституцияга тузатиш, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши билан Конституция қарийб 60 фоиз янгиланди, моддалар сони 128тадан 155тага етди. Шу боис ҳам, ҳуқуқий тизимда Конституция ва Сайлов Кодексини қайта кўриб чиқишни ўз ичига олган ислоҳотлар жараёни олиб борилди.
ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловни кузатиш миссияси янгиланган Конституция ва Сайлов Кодексида алоҳида тоифадаги шахсларга сайлов ҳуқуқини беришга оид олдинги тавсиялар инобатга олинганини амалда кузатишмоқда.
Хусусан, яқин вақтгача оғир жиноят содир этгани учун озодликдан маҳрум этиш жойларида жазони ўтаётган ва муомалага лаёқатсиз, деб топилган шахслар сайловда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум эди. Энди эса, янгиланган Конституция асосида бундай тоифадаги шахсларга нисбатан овоз бериш бўйича умумий чеклов бекор қилиниб, бошқа фуқаролар билан тенг равишда бир хил сайлов ҳуқуқи таъминланди. Уларнинг сайлов ҳуқуқи фақат суд органлари қарорига кўра чекланиши мумкин.