July 14, 2023

ХАЛҚИМИЗ БИЗДАН РОЗИ БЎЛСИН

Муҳаммад АЛИ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Кейинги пайтларда янгиланаётган Ўзбекистонимизда бизнинг тарихимиз, келажагимиз учун муҳим бўлган сиёсий воқеалар юз берганига эътиборни қаратмоқчиман. 30 апрелда Ўзбекистон Конституциясига янги таҳрирлар киритилиши муносабати билан бутунхалқ референдуми ўтказилди. 65 фоиз янги таҳрир халқ назаридан ўтди. Бу зарур эди, зеро жўшқин ва таҳликали ҳаёт, шиддатли замон, эртанги келажак умиди тақозоси Конституциямизга табиий равишда ўзгартиришлар киритиш масаласини ўртага қўйди. Референдум муваффақиятли ўтди.

9 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайловларда қатнашдик. Халқимиз ўзининг муносиб фарзандига овоз берди: замонамизнинг етук арбоби, жаҳон ҳамжамиятининг машҳур намояндаларидан бири Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига қайта сайланди! Биз муҳтарам Президентимизни қутлуғ ва шарафли, айни пайтда бағоят залворли вазифа билан чин дилдан муборакбод этамиз. Ҳа, халқимиз ўзининг бутун умидларини, келажагини ҳақли равишда ана шундай зукко раҳбар, олисни кўра оладиган, “Сиз қайси кучли давлат тарафида бўласиз?” деган саволга: “Мен ҳар қандай шароит­да ҳам фақат халқим тарафида бўламан! Керак бўлса, унинг учун жонимни ҳам фидо қилишга тайёрман!” деб донишмандона жавоб берган мард ўғлонига боғламоқда. Ҳаммаси Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида қўйилган улкан қадамлардир.

* * *

“Янги Ўзбекистон” дегани нима, у қандай мамлакат?”

Ҳозир ўзимизнинг одамларимизнинг аксарияти, юртимизга келган жаҳон афкор оммаси вакиллари бу саволга дабдурустдан жавоб топа олмай қийналадилар. Улар эшитганлари билан кўрганлари орасида фарқнинг катта эканлигига шоҳид бўладилар.

Бу табиий. Менингча, бой-бадавлат халқи бўлган, эли тўқ, ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ, шаҳар-қишлоғи обод, одамлари, миллатидан қатъи назар, бир-бирлари билан иноқ, дўст, йўллари равон, далалари ҳосилдор, пўрсиллаган, боғлари яшнаган юрт. Агар четдан бирор таҳдид саси эшитилса, унга дарҳол қақшатғич зарба бера оладиган, чилпарчин айлайдиган қуд­ратли қўшинга эга давлат. Дунё кишилари эъзозлаб зиёрат этадиган гўзалдан гўзал мамлакат...” Евронюс” телеканалида Янги Ўзбекистон ҳақида берилаётган гўзал рек­ламаларни кўриб, жаҳон аҳли қалбида, шубҳасиз, юртимизга жилла қурса бир бор келиш орзуси уйғонади.

Тарихи-чи, уч минг йиллик (камтарона айтсак), улуғ фарзандлари ўз фаолиятлари, тенгсиз илму ижоди билан жаҳон тамаддунини бойитган, нафақат бойитган, балки жаҳон халқларини ўқитган­(чунончи, алгебра фанига асос солган, биргина исмининг ўзи дунё илм-фанида “Алгоритм” шаклида тилсимга айланиб кетган Ал-Хоразмий асарлари, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” Европа олий ўқув даргоҳларида саккиз юз йил давомида асосий дастур бўлиб хизмат қилган) барчасига ибрат бўлган... Дарвоқе, Ренессанс ҳақида. Жаҳон тарихида, бирон бир миллатда ё давлатда икки марта Ренессанс мўъжизаси юз бермаган. Бу фақат Турон юртида содир бўлди. Бу тарихий жараёнга олимларимиз ҳали етарли баҳо берганларича йўқ. Бошқа жиҳатдан, Иккинчи Ренессансимиз Европа Ренессансига катта туртки берди: буюк саркарда Амир Темурнинг усмонлилар устидан ғалабаси мазкур маданий тараққиётнинг бош­ланиши ва ривожланишига катта имконлар яратди, чунки Европада юз бериш эҳтимоли бўлган нотинч­лик, даҳшатли урушлар оқибатида бу жараён номаълум муддатларга сурилиб кетиши мумкин эди. Бунга ҳам холис баҳо бермоқ вазифамиздир.

Эсимда, бирон ҳодиса, хурсандчилик бўлса ҳам, ёки ғам-ташвишли бўлса ҳам, отам: “Оллоҳга шукр қилмак керак, болам!” деб қўяр эдилар.

Энди ўйласам, бу жуда буюк ҳикмат экан. Шукр этмоқни ўрганмоқ керак. Қадрига етмоқни ўрганмоқ керак... Айниқса, бугунгидай таҳликали дунёда! Ватанимизнинг мусаффо осмонини кўриб, ҳамиша шукр қилмагимиз керак.

* * *

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан бўлган учрашувда кўп ҳаётий ташаббуслар қатори, она тилимиз – ўзбек тили ва адабиёти, уни ўрганиш ва ривожлантириш тўғрисида ҳам куюниб сўзладилар. Она тили ва адабиётимизнинг ривожи “Янги Ўзбекистон”нинг камолотга етишиш йўлидаги катта шартлардан бири. Ёдингиздами, Алишер Навоий бутун умрини она тилимиз ва адабиётимизнинг мавқеини баланд кўтаришга бағишлади, бутун умрини она тилимиз камоли учун кураш билан ўтказди, машҳур “Муҳокамат ул-луғатайн” асарини ёзди, унда бобокалон шоир фахру ифтихор билан она тилимизнинг нақадар бой эканини исботлаб, кўрсатиб берди! “Адабиёт яшаса, миллат яшар!” – деб ҳайқирганди улуғ ўзбек шоири Абдулҳамид Чўлпон. Замон қанчалар таҳликали эди у пайтлар!..

Давлатимиз раҳбарининг она тилимиз ва адабиётимиз ҳақида мўътабар сўзлари жаранглаганда залдаги одамлар ўринларидан туриб қувонганларидан қарсак чалиб юбордилар. Гулдурос қарсаклар янгради! Қарсак чалганлардан бири камина эдим… Президентимизнинг чет тилларни ўрганиш зарурлиги, замон талаби эканлиги, лекин бу қутлуғ иш ўзбек тили – она тили! – ҳисобига бўлмаслиги ҳақидаги кескин сўзлари руҳимизга мадад бўлди.

Чет тили ўқитувчиларига маълум устама ҳақ тўланади. “Энди ўзбек тили(она тили) ва адабиёти ўқитувчилари ҳам маошига қўшимча 50 фоиз устама ҳақ оладилар!”, – деб эълон қилди давлатимиз раҳбари.

Мамлакатда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар фаҳмига бормайдиган айрим, балки бефарқ, қизиқмайдиган, лекин доим нолишдан тўхтамайдиган, фикри тор кимсаларни кўриб ҳайратга тушасан киши. Улар худди ухлаб қолган одамлардек туюладилар, халқимиз қалбидаги зўр интилишларни, ёшларимиз юрагидаги жўш урган шижоатни кўрмайдилар.

Эсимда бор, Орол денгизи қуриб қолишига қарши қаттиқ ҳаракат бошланган пайт­лар, ўтган асрнинг 90-йиллари. Бир гуруҳ қалам аҳли, шу ҳақда мақолалар ёзган, учрашувлар уюштирган, куйиб-пишган, ойнаи жаҳонда мулоқотларда қатнашган, Оролга бориб келган...

Кунлардан бир кун кечқурун ишдан қайтардим, кўчада қўшнимиз билан учрашиб қолдик. “Ҳа-а... – деди саломлашганимиздан сўнг қўшним бироз писандасизлик билан. – Орол тўлиб қолдими энди?.. Роса тинмаяпсизлар-е... Барини кўриб турибман. Жуда гап кўпайиб кетди...” “Ҳаммамиз ҳаракат қилсак, тўлади албатта!” – деб босиқ жавоб қилдим. “Э-э!.. Бизнинг қўлимиздан нимаям келарди. Бир четдаги одаммиз... кичкина... ҳи-ҳи... мана сизлар бу – бошқа...” Уйга кириб кетаётган жойимда тўхтадим: “Ҳатто сиз ҳам ёрдам беришингиз мумкин Оролга!” – дедим. “Мен? Йўғе-е! Қандай қилиб, Оролга бормасам...” “Йўқ, бунинг ҳожати йўқ. Эрталаб туриб, ҳовлингизда бефойда оқиб ётган жўмракни, исроф этилишига йўл қўймай беркитиб қўйсангиз, Оролга ёрдам берган бўласиз. Чунки ўша сув ҳам, суриштирсангиз, Оролнинг насибаси!” Қўшним ҳайратда қотиб қолди! Бу ўтган асрнинг 90-йиллари эди.

Рост, Президентимиз айтмоқчи, бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистонмас, бугунги ўзбек ҳам – кечаги ўзбекдан катта фарқ қилади. Бугунги одамлар мутлақо бошқа...

Бугун замон бошқа, ухлагани қўймайди, фурсат ҳам йўқ, бизлардан фаол бўлишни, яна фаол бўлишни, ўзгаришни талаб этмоқда. Бирон бир ҳаётий муаммони ҳал қилиш ҳақида гапираркан, шундайларга қарата: “Тушунган тушунади, тушунмаган бахтлидир...”– дейди зукколик билан Президентимиз. Жуда ўринли айтилган! Бу гап ҳикматга айланиб кетиб бўлди. Тушунган – тушунади, тушунмаганлар бахтли...

Она тилимиз ва адабиётимизга қайтайлик. Она тилимиз ва адабиётимиз ҳақидаги бундай ғамхўрликдан биз барча зиёлилар бошимиз осмонга етди! Ахир, у шундай шарафга муносиб-да! Бизнинг тилимиз жаҳоннинг кўҳна тилларидан бири, замоннинг не-не тазйиқларидан омон-эсон ўтиб кела олди ва ҳурриятга етиб келди. Тилимиз, қадимий туркий тил тарихини милоддан олдинги даврларга боғлашмоқда олимларимиз. Бинобарин, қадимги туркий адабиёт, унинг бош меросхўри бўлган “ўзбек ёзма адабиёти тарихини эндиликда X асрдан – “Қутадғу билиг”дан бошлаб эмас, балки милоднинг бошларидан ўрганиш тақозо этилиши”(Н.Раҳмон, Ҳ.Болтабоев. “Ўзбек мумтоз адабиёти намуналари”. Т., 2006. 41-бет) ҳақида изланишлар олиб борилмоқда. “Девони луғотит-турк”даги халқона шеърлар-ҳикматлар, 1310 йилда ёзилган Носириддин Рабғўзийнинг “Қисас ул-анбиё”(ажойиб пурмазмун роман! ), 1353 йилда қоғозга тушган ўзбек шеъриятининг илк гўзал достони Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”си... Дарҳол: “Анингким, ол энгинда менг яратди, Бўйи бирлан сочини тенг яратди!..” деган гўзал шоирона сатрлар ёдингизга келади. Ўзбек шеъриятининг дурдона сатрлари!

Чексиз ғурурланадиган ҳодиса юз берди! Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида қатнашиб, ўзбек тилида ёрқин нутқ ирод этди! Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳали тарихда бунақаси бўлмаган эди! Бу нутқ ҳам она тилимизнинг шавкатини, ҳам давлатимиз қудратини, Янги Ўзбекистонимизнинг халқаро мавқеи қанчалаб юқорилаб кетганини намойиш этди!

Муҳтарам Президентимизнинг олий анжуманда Навоий тилида нутқ қилиши ва бу нутқнинг бутун дунёга таралиши халқимизнинг руҳини нурлантирадиган, қаддини кўтарадиган қутлуғ ҳодисага айланди. Бу она тилимизга ва адабиётимизга бўлган меҳр-муҳаббатнинг, эътиборнинг юксак ҳосиласидир. Бу ҳақда, масалан, Туркий давлатлар ташкилотининг Алишер Навоий номидаги халқаро мукофоти таъсис этилиши, бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг катта ташаббус кўрсатгани ва мамлакат ҳаётида юз берган яна бошқа кўп қувончли воқеалар ҳақида батафсил ёзиш мумкин эди.

Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор... Буни унутмайлик. Иншо, баён, диктант, ҳуснихат каби ёзма ишлар мактабларимизда йўқ даражага келган. Улар ўқувчиларнинг онгини шакллантиришда, салоҳиятини оширишда, тафаккурини чархлаш, тиниқлаштиришда, охир-оқибатда бемисл ғурурни ўстиришда беминнат хизмат қилади-ку! Тўғри ва чиройли гапиришни, бехато ёзишни билмаган ўқувчи ким бўлиб етишади? Ҳолбуки, давлатимиз, Президентимиз сиёсати: “Билим! Билим! Таълим! Таълим! Муаллим! Муаллим!” сўзларида мужассам бўлиб турибди, улар биз учун қонун-қоидага айланиши лозим эмасми? Сифатли билим, таълим ва тарбия, соғлом ва баркамол миллат камолига эришиш – ҳаммамизнинг олдимизда турган, ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайдиган шарафли вазифалардир.

Фикримизча, олий ўқув юртларига, соҳасидан қатъи назар, кириш имтиҳонларида иншо бўлишига эришишимиз лозим. Кириш балларини белгилашда иншонинг баҳоси ҳисобга олиниши шарт! Шунда она тилига бўлган эътибор, ҳурмат яна ҳам кучайишига шубҳа қолмайди.

Ойнаи жаҳонимизнинг фазилатлари кўп бўлган ҳолда, айрим бир жиҳатни ҳам айтиб ўтиш керак. Ҳозир телевидениеда бирон лавҳани намойиш этиб, устига инглиз тилида: “No comment” деб ёзишни одат қилдилар. Бу тўғри эмас-ку! Биринчидан, бу кўчирма, CNN, Evronews каналлари маҳсули. Уни чиройли қилиб ўзбекчада: “Шарҳсиз”, “Изоҳсиз” деб бераверинг, ўзингизники бўлади. Ўзимизда ифодаси бўлмаган хориж сўзларинигина олишимиз мумкин, деб уқтирган эди минг йил аввал улуғ тилшунос олимимиз Маҳмуд Кошғарий. Бундай ҳолларга эътиборсиз бўлиш ярамайди. Тилимизни ўзимиз асрамасак, ким асрайди?

Юқорида, Буюк Алишер Навоийнинг она тил ривожи борасида шижоатини кўрдик, изма-из Бобур Мирзо(ҳамма форс тилида ижод қилиб турганда, у “Бобурнома”дай буюк асарни она тилида иншо этди!), Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Мусо Ойбеклар она тилимиз шарафини юксакларга кўтардилар. Биз улардан ибрат олмоғимиз фарз.

* * *

“Халқимиз биздан рози бўлсин” – бу давлатимиз раҳбарининг айтган сўзлари... Айтиш мумкинки, бу сўзлар мамлакатимизда олиб борилаётган буюк ислоҳотларнинг асл ғояси, мояси, мақсадини ифода этади. Инсон қадрини улуғлаш; одамлар эртага эмас, бугун яхши яшашлари керак; аввал инсон, кейин жамият ва давлат, зеро, жамиятни ташкил этгувчи хилқат, бу Инсон зоти, ўша хилқат мукаммал бўлмоғи керак...

“Биз ўз салтанатимизни одамларга эътибор бериш ва уларни ҳимоя қилиш асосига қураётганлигимиз сабабли, уларни юпантириб, хотиржам қиламиз...” Бу 1367 йилда айтилган Амир Темурнинг сўзлари... Бу палла Соҳибқироннинг давлат бошига келишига ҳали уч йил бор эди.

Ҳар икки давлат арбобининг пурмазмун сўзларидаги ички боғлиқликка ҳайратда қолмай илож йўқ! Худди орада 650 йил вақт ўтмагандек. Уларни инсон учун қайғуриш, инсон қадрини улуғлаш туйғуси бирлаштириб турибди. Бу ўзбек халқининг менталитети, табиатидан келиб чиқадиган, ҳеч қачон аҳамиятини йўқотмас, улуғ инсоний тушунчалардир. Уларнинг таг-томири бир, илдизи бир жойдан сув ичади.

Сайловчилар билан учрашувларда давлатимиз раҳбари улуғ аждодларимиз борасида, хусусан, Соҳибқирон Амир Темур ҳақида фахрланиб сўз юритадилар, буюк бобомизнинг руҳларини шод этадилар. Темурбеклар мактаблари очилгани, Соҳибқиронга бағишланган халқаро конференциялар ўтказилаётгани қувончли воқеалардир. Термизда бўлган учрашувда Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳақида киносериал ишлаб чиқариш тўғрисида гапирганларида зал қарсак билан кутиб олди.

Яна икки йилдан кейин Соҳибқирон Амир Темур таваллудига 690 йил тўлади. Бу жуда катта сана. Тарихимиз билан шуғулланадиган институтлар, музейлар, олий ўқув юртлари, ташкилотлар, хусусан, Халқаро Амир Темур жамоат фонди ва Темурийлар тарихи давлат музейи жамоалари бу санага тайёргарликни бошлаб юбордилар. Бу воқеа Амир Темур тарихини яна ҳам теранроқ ўрганишга, тарихимизнинг ўқилмаган саҳифаларини варақлашга берилган ажойиб имкониятдир. Шонли тарихга бағишланган китобларни эълон қилиш, ўзбек адибларининг Соҳибқирон ҳаётини ёритган, эл эътирофини олган бадиий асарларни маълум режа асосида рус, инглиз, немис, япон ва бошқа тилларга таржима қилиш ва нашр этиш(бу қалам аҳлини ўзига хос руҳлантириш, рағбатлантиришдир), мамлакатимизда ва Туркия Республикасида халқаро конференциялар ташкил қилиш, унга жаҳоннинг таниқли темуршунос олим ва адибларини таклиф этиш, Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатларида анжуманлар уюштириш, ­ЮНЕСКО қароргоҳида (1996 йилги таж­рибадан улги олиб; ўша йили Парижда Амир Темур туғилганига 660 йил тўлиши муносабати билан тантанали анжуман ўтказилганди) нуфузли халқаро конференция ташкил қилиш ва унда буюк давлат арбоби, бунёдкор, илм-фан ҳомийси ва енгилмас саркарда Амир Темур ҳақидаги асил ҳақиқатларни жаҳон афкор оммасига етказиш, дунёга кенг ёйиш муҳим вазифалар қилиб белгиланмоғи жоиз. Ушбу қутлуғ кунда ўзбек киноижодкорлари томонидан тайёрланаётган кўпдан халқимиз интиқ бўлиб кутаётган Амир Темурга бағишланган бадиий фильм намойиш этилса айни муддао бўлар эди.

Янги Ўзбекистонда ислоҳотлар кенг қулоч ёзганини кўриб қувонасан киши. Бундай қадам жаҳон ҳамжамияти томонидан яхши кутиб олинмоқда. АҚШ Ўзбекистон Президентининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини билдирди. Европа Иттифоқи ҳам бизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларимиз ҳақида шундай фикрда...

Ҳаёт олға бормоқда, халқимиз ва давлатимиз олдига янгидан-янги вазифалар қўймоқда. Қутлуғ вазифалар! Бу вазифаларни адо этишга шижоат билан бел боғлаган муҳтарам Президентимиз атрофида жипслашиб, қўлни-қўлга бериб, фаоллик кўрсатишимиз зарур. Халқимизнинг доно фикри борки, ҳамиша бир мақсад атрофида бирдам бўлиб, бирлашиб қадам ташлаганлар ютади.

Муҳаммад АЛИ, Ўзбекистон халқ ёзувчиси