July 9, 2023

БИЗ БИЛМАГАН ШОИР

Таниб, билиб юрган кишингнинг яна бир фазилатига гувоҳ бўлсанг, дилинг яйраркан. Мен Мавлон Умурзоқовнинг “Эътиқод синовлари” шеърлар тўплами ва “Адоқсиз ўйлар” публицистик мақолалар китобини ўқиб шуни ҳис қилдим. Иқтисодчи олим, профессор, кўп йиллар катта лавозимларда ишлаган, ҳаёт зарбаларини ҳам татиб кўрган Мавлон аканинг қалами ҳам ўзига хос экан. Тўпламдаги шеърлар мавзу ва шакл жиҳатдан ранг-баранг бўлса-да, муаллифнинг тийрак нигоҳи, ичкин туйғулари сезилиб туради. “Истибдод зулмидан асранг Туронни”, “Нурли ўлкам – Ўзбекистоним”, “Темурбекдек ўғлинг бордур!” каби шеърларида тарихий сиймоларимизни улуғлаган бир ўзбек ўғлони сифатида унинг чинакам ватансеварлигини туясиз. Айниқса, “Дукчи эшоннинг қатл олди сўзи” шеъри ўз-ўзини тафтиш руҳидаги мазмуни ва шиддатли оҳанги билан ажралиб туради:

Адолат инсонга ягона гултож,

Қалб ўлган, сезмаса унга эҳтиёж.

Жон билан тўланган Ҳақ учун хирож,

Халложни дорларга тортган одаммиз!

Улуғ аждодларимизни эъзозлаб, миллат учун жон фидо қилган мардлар иши изсиз кетмаслигига ишонч руҳи билан якунланган шеър, ўзбек шеъриятида Дукчи эшонга бағишлаган сара шеърлар сирасидан.

Шоир онасига бағишлаб ёзган, оиласига оталик меҳри ёғилиб турган “Фарзандим эди, дея айтмангиз” (Мўмин Мирзо монологи), “Мирзо Ғолибга”, “Оталик меҳрим зор даштларда...”, “Ҳалималарга” шеърларида қалбини жўштирган туйғуларни самимий ифодалайди ва бу китобхонга юқади. “Сартарошхонада” шеъри халқона юморга йўғрилган бўлса, “Кўзларда” шеърида “Қиё боқиб кетмасанг, шаҳид кетмоқ савобдур” деган кутилмаган мисраларни ўқиймиз.

Мавлон Умурзоқовнинг шеърларида дўстингман деб юрганларнинг хиёнатидан чекилган озор, уларнинг маломат тошини ёғдириб, дўппи тор келганда “жонни сақлаш учун қоча бошлаши”, умуман худбинлик иллатларидан озурда қалб изтироблари бўртиб кўринади. Бунга шоирнинг ҳаётда кўрган-кечирганлари туртки бўлгандир, балки.

Дўст дея жонимни фидо қилдиму,

Дўстнинг дунёсига ўзим сиғмадим.

Олимлиги, ҳаёт тажрибалари шоирда теран фикрлашга, атрофига синчков боқишига имкон берган омиллардир. Шунинг учун “Эътиқод синовлари”да инсонийликка даъват этадиган, ўйга толдирадиган шеърлар кўп. “Юнон файласуф Суқротга”, “Қабристонда”, “Эътиқод қачондан айбга айланди?..”, “Адолат истайман”, “Тирик одамлар қабристонига”, “Риёкор ижодкор “дўстим”га”, “Армон ёқасининг чокин сўкади...”, “Кўзларинг ёшига арзимас дунё”, “Нимани талашар билмам одамлар” сингари шеърлари фикримизга далилдир. Бу борада тўртликлари алоҳида эътиборга молик.

Дилфириб дунё бу, ғаминг гапирма,

Заққумидан сезган таъминг гапирма.

То тирик экансан, эҳсон қилгин-у,

Қабрга қадар лек, каминг гапирма.

Айниқса, аллитерация қўлланган тўртликларни алоҳида таъкидлаш керак. Ифодавийликни кучайтириш, оҳангдорликни ошириш учун шеърда товушлар уйғунлигини таъминлай олиш шоирдан катта маҳорат талаб қилишини биламиз. Мавлон Умурзоқов шоир сифатида бунинг уддасидан чиққан.

Девона-ю дилбаста дилим,

Дилкаши – дилаворимсан.

Дилафкор дилим даҳрин

Дардкаши – доваримсан!...

Дилини тушунган, дардкаш инсонни доваримсан (подшоҳим, ҳукмдоримсан) дейиш шоирларгагина хосдир.

Мисраларида қалб тўфонларини чизган шоир “Йўлдаман, йўлдошдур дардлар карвони” дея ёзса-да, унинг шеърлари қатида ҳаётга меҳр, кўтаринки руҳ устувор.

Мавлон Умурзоқовнинг публицис­тик мақолалари мустақиллигимизнинг илк йилларида юртимиздаги ҳаёт ҳақида маълумот бериши билан аҳамиятли. Ўтган асрнинг 90-йилларидаги кадрлар сиёсати, иқтисодиёт, маънавият ҳақида мулоҳазали фикрлари ҳозиргача ҳам қад­рини йўқотмаган. Чунончи, “Маънавият масалаларида кичик муаммонинг ўзи йўқ” каби фикрлари ҳамиша долзарбдир. “Адоқсиз ўйлар” мақоласи бугунги кунда бизни ўйлантираётган муаммоларга бағиш­лангани билан ҳам диққатга молик.

Ҳар икки китобда муаллиф ҳадиси шарифлардан, халқ мақоллари, ихчам ривоятлар, адабий парчалардан ўринли фойдаланган.

Мавлон Умурзоқов битикларини ўқиган киши унинг лирик қаҳрамони турмуш зарбалари қанчалик қаттиқ бўлмасин, синмаслик, эътиқодига содиқ қолишдан руҳий озиқланишини сезади. Хиёнатдан нафратланиш ҳисси кучаяди. Бир сўз билан айт­ганда, Мавлон Умурзоқов шеърлари собитқадамликка ундайди. Ҳаётда эса собитқадамлик ҳамиша зарур.

Адҳамбек АЛИМБЕКОВ, профессор