ПОРТРЕТЛАРДА ШАРҚОНАЧИЗГИЛАР
Ҳар бир санъат мухлиси асарларда ўз замондошларининг қиёфасини кўришни истайди. Бу табиий. Чунки давр кишиларининг руҳий олами, уларнинг борлиққа, табиатга қизиқишлари шу санъатда ўз ифодасини топади. Истиқлол йилларида Акмал Икромжонов, Рустам Худойберганов, Ғофур Қодиров, Имяр Мансуров, Азиза Маматова, Собир Рахметов, Муҳаммад Нуриддинов каби рассомлар яратган портретларда шу санъат турининг янги қирраларини кўриш мумкин.
Жумладан, таниқли рассом Баҳодир Жалолов асарлари ўзига хос қонунияти, жозибаси ва фикрлашга чорлаши билан ром этади. Унинг картиналарида воқеликни теран англаш замирида юзага келган рамзий ва мажозий қиёфалар борлиқ билан ғайритабиий равишда бирлашиб кетган. Бетакрор рассом ижодида замондошлар сиймолари акс этган портретларни, оила аъзоларига бағишланган туркум портретларни, қолаверса, қатор автопортретларни кўриш мумкин. Улар сирасида “Академик Содиқ Азимов портрети”, “Опа-сингиллар”, “Ганалик болалар”, “Сарра”, “Гўзал қизалоғи Сарра билан”, “Автопортрет” каби рангтасвир ва графика портрет асарларини кўриш мумкин. Асарларни кузатар экансиз, Баҳодир Жалолов ҳақиқий файласуф каби чуқур фалсафий мушоҳадаларни, аввало, ўзида кечирганини ҳис этасиз. Рассом ҳамиша янги ҳиссиётлар оламида кезишга, беғубор туйғулар қуршовида бўлишга интилади.
Баҳодир Жалолов портретларидаги концепциянинг тубдан ўзгаришини ижтимоий-сиёсий турмушдаги муайян воқеалар билан бевосита боғлаш қийин. Лекин объектив шароит таъсирини эътиборга олмаслик ҳам мумкин эмас.
Замонавий рангтасвир санъатининг навқирон вакилларидан бири Бобур Исмоилов ижодида гўзаллик ҳақидаги тушунчалар ўзига хос тарзда намоён бўлади. У асарларида гўзалликни борлиқ билан чамбарчас боғлаб тасвирлашга ҳаракат қилади. Бобур Исмоилов серқирра ижодкор, асарлари мавзусига кўра ранг-баранг. Ижодкорни кўпроқ фалсафий мушоҳадалар, тугалланмаган спектакль каби мавҳум, лекин бир вақтнинг ўзида ёрқин ва қизғин мавзулар қизиқтиради. Унинг асарларида кўпроқ фазовий, яъни кўк, сариқ, оқ ва қизил ранглар устунлик қилади. Бир қарашда Бобур Исмоилов ижодига сюрреалистик тенденциялар хосдек кўринса-да, бироқ унинг асарларида қисман авангард, кубизм ва постмодернизм таъсирларини сезиш мумкин. Ғарб рассомлари фалсафасида шакл кўпинча бирламчи, мазмун эса иккиламчи аҳамият касб этади. Рассомнинг наздида мувозанат икки томонлама – шакл ва мазмунда бир хил гавдаланиши керак. У матода уч ўлчамли маконга янада чуқурроқ кириб боришга, ўзгача воқелик яратишга ҳаракат қилади. Бобур Исмоилов асарлари аллегорияларнинг иллюстрацияларини эслатади. У ўз изланишларида И.Босх, А.Жибоедов, Ж.Умарбеков каби рассомлар ижодига таянади. Рассом ижодида бир қатор портрет асарларни ҳам кўриш мумкин. Жумладан, “Анор ушлаган қиз”, “Шоҳмотчи қиз”, “Олма ушлаган қиз”, “Хаёлпараст” каби асарлари фикримизнинг далилидир.
Б.Исмоиловнинг “Шоҳмот” номли дастгоҳли рангтасвир асарида ўзига хос саҳна – шоҳмот тахтаси устида содир бўлаётган ҳаёт-хаёлот саҳнаси акс эттирилган. Бу асарда тўқ сариқ, ним жигарранг, қизғиш ранглар орқали чексиз уммон каби оқ-қора каттакчалардан иборат шоҳмот тахтаси тасвирланган. Тахта бўйлаб жойлаштирилган саккиз хил образ алоҳида шоҳмот доначаси ролини ўйнайди. Гўё бу ўйин, театр саҳнасидаги актёрлар ўйинидек, ҳар бири ўзига хос ва бетакрордир. Образларнинг ташқи кўринишидан маълум бўладики, улар номаълум бир стратегик режалар ҳақида хаёл суриб қотиб қолгандек, қалбларида мавж урган изтиробларни, қандайдир беҳаловатликни ҳис этиб тургандек. Фигуралар билан бирга тасвирланган турли буюмлар эса (қафас, чолғу асбоби, ваза) реал ҳаётда уларнинг қизиқишларию орзу-истаклари тимсолида гавдаланади.
Ўзбекистонда портрет жанрида ижод қилувчи рассомлар орасида Хушруя (Азиза) Маматова алоҳида ўринга эга. Бу рассом улуғ алломалар, мутафаккирлар тимсолларини яратишда катта хизмат қилиб келмоқда. Унинг Абу Али ибн Сино, Машраб, Бобур, Усмон Носир, Чўлпон, Ойбек, Ғайбулла ас-Салом каби шахсларга бағишланган портретлари буюк сиймолар хотирасини абадийлаштиришда муҳим ўрин эгаллайди. Ижодкор ҳар бир шахсга хос хислатлар, хусусан, улуғворлик ва индивидуалликни ранглар воситасида маҳорат билан ифодалайди. Азиза Маматова яратган портретларда муаллифнинг ватанпарварлик туйғулари, ўзи яратаётган сиймоларга меҳр-муҳаббати ёрқин акс этган. У чизган портретлар чинакам ижод маҳсули бўлиб, яратилаётган ҳар бир образнинг ўз олами, ички дунёси мавжуд. Бундай асарларда рассом ўз замонаси кайфиятини, унинг сир-асрорларини очиб беришга бошқа рассомларга хос бўлмаган усулда ёндашганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Жумладан, Ибн Сино тасвирини олтин куз фаслининг сокин табиати бағрида кўриш қизиқарли. Портретда олтин куз фонида саховатли алломанинг маънавий қиёфаси ўз аксини топган. Учқур отнинг жиловланмагани эса Ибн Синонинг илоҳий ва илҳомга бой фикрлари нақадар тезкор ва ўткирлигини акс эттираётгандек. Шу боисдандир, мусаввира таъкидлаганидек, у қалбан севган инсонларини тасвирлашга, улар сиймосини рангтасвирда тиклашга ҳаракат қилади.
Миллий портретчилигимизга катта ҳисса қўшган яна бир рассом Рустам Худойберганов учун тарихий воқеалар, тарихий шахслар, ўзи яшаётган заминнинг ҳақиқий қаҳрамонларини тасвирлаш муҳимдир. Ижодкор тарихий мавзуга қўл урар экан, ўша давр муҳитини яхши ҳис қилади, либосларнинг ўша замон кишисига хослиги ишонарли. Маълумки, инсон феъл-атвори, унинг диди ва дунёқараши кўзларида, нигоҳларида, хатти-ҳаракатларида, ҳатто эгнидаги либосларида акс этади. Бунинг бари уйғунлашиб, кишининг ички дунёсини очиб беришга хизмат қилади.
Зебунисо Шарипова яратган картиналарида замонавийлик билан бирга, шарқ шеърияти ва сўфиёна фалсафий қарашлар таъсирини кўриш мумкин. “Вахдатул Вужуд” автопортретида рассом асарнинг моҳиятини сўфиёна дунёқарашлардан келиб чиқиб тасвирлаган. Бунда руҳ вужуддан ажралиб, олий ҳақиқатга эришиши, яъни Оллоҳ йўлида заҳмат чекиб, дунё моддийликларидан мағрурона юз ўгирган аёл қиёфаси тасвирланган. Рассом шарқона фалсафий анъаналарни нафақат сўфиёна дунёқараш тамойилларига, балки шарқ мумтоз шеъриятига йўғрилган “Беҳили туш” ва “Ҳофиз Шерозийга бағишлаб” асарларига ҳам сингдира олган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Ўзбекистон тасвирий санъатининг портрет жанрида шахс концепцияси бир нечта тарихий босқичлардан ўтиб, ҳар гал унинг трансформацияси ўзгача кечган. Ўзбек рассомлари томонидан яратилган портретларда шахс сиймоси турли даврий босқичларда ҳар хил кўринишга эга бўлса-да, аммо портретчиларнинг мақсади доимо бир хил бўлган. Бу инсоннинг зоҳирий тасвири билан унинг ботиний хислатларини, руҳий оламини уйғунлаштирган ҳолда аниқ ифодалашдан иборатдир.