September 29, 2023

ИНСТИТУТИМ — ФАХРИМ  

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар, жойларда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари халқимизнинг нафақат турмуш тарзи, балки дунёқарашини ҳам тубдан ўзгартирмоқда.

Бундай эзгу жараённи маданият ва санъат ривожига, ижод аҳлига кўрсатилаётган юксак эътиборда ҳам кўриш мумкин. Сўнгги икки йилда мазкур соҳага тааллуқли 20га яқин Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар ижроси юзасидан саъй-ҳаракатлар олиб борил­япти. Бинобарин, мамлакатимизда маданият ва санъат тараққий этмаса, жамият ривожланмайди. Қолаверса, тараққиётнинг чинакам самараси бойлик ёки куч-қудрат даражаси билан эмас, миллий маданиятнинг юксак­ликка кўтарилгани билан ўлчанишига доир тарихий мисоллар кўп. Масалан, инглиз санъатшунос олим Ф.Р.Мартин “Темурийлар сингари санъати ва маданиятини қадрлайдиган ҳукмдорлар Марказий Осиёда ҳеч вақт бўлмаган”, деб ёзади.

Хўш, бугун, маданият ва санъат соҳаси учун асосий кадрлар заҳирасини тайёрлайдиган таълим масканида вазият қандай? Миллий маданиятимиз ва санъатимиз ривожи учун ушбу даргоҳда қандай ислоҳотлар амалга оширилмоқда?

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабалар қамровини кенгайтириш, олий маълумотли, таж­рибали мутахассислар тайёрлашни яхшилаш, таълим жараёнига рақамли технология ва замонавий усулларни жорий этиш, олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, ёшларни илмий ва ижодий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар таъсирчанлигини кучайтириш борасида самарали натижаларга эришмоқда.

Таълим соҳасини ривожлантиришда тараққий этган хорижий давлатлар тажрибаларидан кенг фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда ва кўплаб нуфузли хорижий давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Жамиятимизда педагоглар нуфузининг ортиб бориши, кучли тарғибот ва рағбатлантириш сиёсати натижасида педагоглик касбига қизиқиши юқори бўлган ёшларни аниқлаш, уларни мақсадли тайёрлаб, тарбиялаб боришнинг узлуксиз тизими жорий этилмоқда. Албатта, бу жараён педагоглардан кўп меҳнат ва ишга янгича ёндашувни талаб қилади.

Ҳозир педагогика соҳасида ҳам таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлигини таъминлаш орқали ўқитиш сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадр­лар тайёрлаш, илмий ва иннова­цион фаолиятни самарали ташкил этиш бош стратегик мақсадлардан биридир.

Олий таълим соҳасида рақамли технологияларни жорий этиш, замонавий ахборот-коммуникация ва таълим технологияларининг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш бугунги ахборот ва глобал ривожланаётган жаҳон ҳамжамиятининг асосий талаб­ларидан бири ҳисобланади. Мазкур соҳада институтда онлайн ҳужжат алмашиш, талабаларнинг амалий машғулоти, мустақил таълим, билимни баҳолаш тўлиқ электрон таълим воситалари орқали бажарилади.

Янгича ташаббуслар, инновацион ғоялар билан таълим жараёнлари сифатини ошириш, талабаларимизнинг ўз соҳаларини мукаммал ўзлаштириш­лари йўлида самарадорликка эришишда бор билим, салоҳиятимиз ва куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.

Жумагул НИШОНОВА,

Маданият ва санъат менежменти кафедраси ўқитувчиси