«ЯШАШ СОАТИНИНГ ОЛТИН КАПГИРИ»
Ғафур Ғулом миллий тарихимизни ғурур ва ифтихор ҳамда жасорат ила тараннум этган атоқли шоир. Алломанинг қайси асарини ўқиманг ХХ асрнинг 20 – 60-йиллари қалб ҳарорати ила битилган ижод намуналарига гувоҳ бўласиз. Уларда вақт қадр-қиммати, инсоннинг қадр-қиммати ҳақида шоир тўлқинланиб ёзади. Ҳар бир дақиқа, фурсатни қадрлаш қанчалик зарурат эканлиги, яъни тарих ғилдираги инсоннинг яшашию бунёдкорлиги боис айланаётлиги тараннум этилади:
Ҳар бориб келиши бир олам замон.
Ясаб чиқа олур янгидан жаҳон –
дея замон ва маконни қадрлаш қанчалик муҳим эканлигини таъкидлаган ҳолда, шоир тарихий фурсатни шундай таърифлайди:
Зарҳал китоб каби очилур олам.
Тириклик кўркидир меҳнат, муҳаббат,
Фурсатдир қилгувчи азиз, мукаррам.
Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарофиддиновнинг айнан Ғафур Ғулом даври, унга бўлган муносабатини ифода қилсак, яна бир бор атоқли алломанинг ўзи ҳам миллатимиз кўз қорачиғини асровчи бир киприк эди гўё. Унинг мумтоз маданиятимиз, тарихимиз, улуғ зотларимиз тўғрисидаги мақолаларини эслайлик.
Узоқни кўра олган шоир шижоат билан замон талаби асосида ижод қилди. Инсоний ҳур бўлиш, озод бўлиш ижодкорга ҳар қандай замонда ҳам зарурий восита эди. У ўз даврида машҳур, ардоқли бўлиб қолди, айни пайтда инсон қалбининг эзгу ҳислари фусункор куйчисига айланди.
Ғафур Ғулом фақат халқим деб яшади, халқ дарди билан ёнди, ижод қилди. Мен бу ўринда шоирнинг қизи, ёзувчи Олмос опанинг “Армонлар” китобидан бир мисол келтирмоқчиман: “Ғафур Ғулом ўз халқини севиб, бутун калб ҳароратини, бор умрини уни улуғлашга сарфлаган. Сўнгги нафасигача халқи билан бирга бўлди. Бошига тушган ваҳимали зилзила кунларида хам халқи, Ватанидан узоқ кетолмай бирга бўлди”.
Улуғ шоир доно ва содда, ҳазилкаш ва жиддий, самимий ва шижоатли сиймо эди. Унинг кишиларга яхшилик қилиш истаги ва саховатининг чеки бўлмаган, фавқулодда ор-номусли, виждонли ҳамда ҳақиқатпарвар шоир теран ақл соҳиби ва тарихчи олим эди. Шу боис “...олмос парчаларида қуёш акс этганидек, Ғафур Ғуломнинг шарафли ҳаёт йўлларида, серқирра ижодида халқимизнинг тарихи ва тақдири бутун жиддийлиги ҳамда кўркамлиги билан мукаммал акс этгандир. Унинг уфқи ниҳоятда кенг ижодий биографиясисиз, маърифий қудратисиз салкам ярим асрлик адабиёт қомусимиз хира ва қусурли бўлиб қоларди”, дея ҳаққоний баҳосини олган эди аллома шоиримиз.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, аллома адиб ва шоирни покистонлик шоир Файз Аҳмад Файз ҳамда турк шоири Нозим Ҳикмат дилдан севганлар ҳамда у билан ижодий ҳамкорлик қилганлар. Унинг асарлари Осиё, Африка ва Европанинг ўнлаб тилларида нашр этилган. У миллийлик ва адабиётимизнинг ўзига хослигини куйлади. Негаки, байналмилаллик ҳам, миллийлик ҳам шакл ва мазмун соҳаларини уйғунликда қамраб олади. Жаҳондаги машҳур адибларнинг уни тан олишларининг сири хам миллийликдан байналмилалликка ўтишдир. Бундай ижод кўп ҳолларда ҳайрат ва ҳиммат уйғотган асарларида ўз ифодасини топган.
Шу ўринда атоқли адиб Шароф Рашидовнинг аллома шоир ҳақидаги фикрларини келтириб ўтамиз: “Ғафур Ғулом шеърий ижодининг халқчиллиги шундаки, у ҳамиша меҳнаткаш кишилар орасида бўлиб, ўзининг ёрқин асарларига халқ ҳаётидан илҳом ва мавзулар олади. Демак, Ғафур Ғулом поэзиясининг халқчиллиги шундаки, у ўз асарларида жонажон халқининг ҳаёт ҳақиқатини, орзу ва ўйларини, ёруғ истиқболга бўлган ишончини акс эттирди”. Айни пайтда у том маънода адабиётимиз тарихи тадқиқотчиси эди. Халқ орасидан Муқимий асарларини қидирди, унинг “Биктур бой”, “Лахтак”, “Қурбақалар” шеърларини биринчи бўлиб кашф қилди. Учинчи шеърни Ғафур Ғулом Андижон вилоятининг Ойим қишлоғида яшовчи Мулла Абдураззоқ деган шахсдан олди. Шунингдек, аллома Фурқат, Аваз Ўтар ижодларига доир илмий тадқиқотлар олиб борди, Фурқатнинг янги ғазалларини топиб, матбуотда эълон қилди.
Айтиш жоизки, ўтган асрнинг 40 – 60-йилларда миллий адабиётимизнинг пешқадам ижод соҳиблари Асқад Мухтор, Шукрулло, Мирмуҳсин, Туроб Тўла, Темур Фаттоҳ, Ҳамид Ғулом, Мамарасул Бобоев, Ўзбекистон Қаҳрамонлари Саид Аҳмад, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов Ғафур Ғуломнинг суюкли шогирдлари сафидан ўрин олган эди. Улар шоир учун тиргак ва суянч бўлишган.
Ғафур Ғуломнинг қизи Олмос опанинг “Сайланма”сидаги “Сиёҳдон” номли эсседа ўқиймиз: “Эсимни танибманки, дадам сиёҳ билан пўлат пероли ручкада шеър ёзар эдилар.
Дадамнинг бир нечта катта-кичик сиёҳдонлари бўлиб, уларга ранго-ранг сиёҳлар солинган бўлар эди. Дадам сиёҳдонни улуғлаб турли кайфиятда шеърлар битганлар.
Сиёҳдон, азизим, қора кўзлигим,
Қора тунлар аро ёриган кўзгу...
Ушбу шеър бағишланган сиёҳдон ҳозир уй-музейда сақланмоқда. У оддийгина, шишадан ясалган, қопқоғи йўқ, ҳашаматли ҳам эмас... Ўша сиёҳдон Кадуобод маҳалласининг Қорасарой кўчасидаги уйимизда дадамнинг столларида турарди.
1944 йилнинг декабрь ойи Арпапоядаги уйимизга кўчиб келганимизда дадам ўша сиёҳдонни ҳам бирга олиб келган эканлар.
Ҳозирги кунда набираларимиз сиёҳу сиёҳдон нималигини билишмайди...
Дадамнинг сиёҳдонлари мармардан ясалган, оғир, ҳар доим иш столларида турарди. Улардан бири биллур, қопқоғи кумушдан, жуда чиройли бўлиб, уни синиб қолмасин деб, аяб турардилар...”.
Жаҳонгашта шоир Ғафур Ғулом қаерга бормасин дўстлар орттирар ва улар билан ижодий ҳамкорлик қиларди. Жаҳон тан олган академик шоир Ғафур Ғулом ҳаёт бўлганида бу йил бир юз йигирма ёшга тўлган бўларди. Асл шоир ва адиб ўлмас ижоди – адабий-тарихий мероси билан ўзига ҳайкал ўрнатди. Ғафур Ғулом асарлари эндиликда нафақат ўзбек халқининг, балки жаҳон халқларининг маънавий-маърифий хазинасига айланиб улгурди.