АЁЛ ҚАЛБИ
Аёл зоти ҳеч қачон
Тирноққа зор бўлмасин.
Бешигида ҳар замон
Чақалоғи йиғласин.
Эй Худойим, бемаҳал
Аёл қалби чўкмасин.
Пасту баланд дунёда
Улар кўзёш тўкмасин.
Фарзанд эрур уларнинг
Жигарбанди, қувончи.
Кўз нурию қуввати,
Кексайганда суянчи.
Бекам, бахтли бўлсинлар,
Аёл борки, тоабад.
Яйраб алла айтсинлар,
Улар учун шудир бахт.
ҲАЁТ БЎЛГАНИНГИЗДА
Юрагимдан ғамлар жой олмасмиди,
Ғам-ташвиш, ситамга жой қолмасмиди,
Бу бошимга таъналар ёғмасмиди,
Онажоним, сиз ҳаёт бўлсангиз гар.
Сиз каби бўлмади ҳеч кимса дилдош,
Тополмадим сиз каби ўзга сирдош,
Бу шеърни ёзмас эдим кўзимда ёш,
Онажоним, сиз ҳаёт бўлсангиз гар.
Ўзгалар қалбидан меҳр изладим,
Сокин кечаларда қолди изларим,
Сизга айтмасмидим юрак сўзларим,
Онажоним, сиз ҳаёт бўлсангиз гар.
Пешонангда не бор – тақдирнинг қўли,
Давом этаверар умрнинг йўли,
Ўксимас эдими Тоҳирнинг дили,
Онажоним, сиз ҳаёт бўлсангиз гар.
ТЎЙ БОЛА
Тўй болажон, тўй бола,
Гижинглаган той бола.
Сўзларимга қулоқ сол,
Бир зумгина, ҳой бола.
Бугун етди чин фурсат,
Бахтли онинг, бўл суннат.
Кечиктирмай бугуноқ,
Муҳаммадга бўл уммат.
Бўл мўмин, чин мусулмон,
Бўл баҳодир, мард ўғлон.
Паҳлавон Алпомишдай
Бўлгин жасур, мард ўғлон.
Шарқираган сой бўлиб,
Юргин сахий, бой бўлиб.
Осмонимда порлагин
Қуёш бўлиб, ой бўлиб.
Уста бобо келсинлар,
Тезроқ бўла қолсинлар.
Тўй болани ҳозироқ
“Ҳуйдо-ҳуйдо” қилсинлар.
Уста бобо дер “ҳуйдо”,
Момоларинг дер тўйда.
Муҳаммадга бир уммат
Кўпайди-ё шу уйда.
Тоҳиржон ҚОДИРОВ