December 1, 2023

ТУРКСОЙ тақдим этади

Ўзбекистон Республикаси Туркий давлатлар ташкилотига расман аъзо бўлиб кирганидан бери мамлакатимизнинг туркий дунё билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда жадал ривожланиб бормоқда. Хусусан, бундай ижобий ўзгаришлар маданий-гуманитар йўналишлар, адабиёт ва санъат жабҳасида фаол тус олаётгани, айниқса, эътиборлидир.

Бу жараёнда туркий оламнинг ЮНЕСКОси, дея эътироф этиладиган халқаро ТУРКСОЙ ташкилоти билан биргаликда муҳим ижодий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу нуфузли тузилма ташаббуси ва ҳомийлигида Ўзбекистоннинг қадимий тарихи ва бой маданияти, мумтоз ва замонавий адабиётига доир бир қанча китоб ва альбомлар, рисолалар нашр этилиб, аъзо мамлакатлар жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилинмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, ТУРКСОЙ томонидан Алишер Навоий, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Муҳаммад Юсуф, Назар Эшонқул каби ўзбек ижодкорларининг китоблари турк тилига таржима қилиниб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этилганини таъкидлаш лозим.

Мана шундай эзгу ишларнинг давоми сифатида яқинда ТУРКСОЙ ҳомийлигида Анқара шаҳридаги “Анкамат матбаачилик” нашриёти томонидан таниқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Sen ne kadar tatlisin, ey aci hayat!” (“Бунчалар ширинсан, эй аччиқ ҳаёт!”) китоби турк ва ўзбек тилларида (тадқиқот ва таржима тарзида) чоп этилди.

Адибнинг турли йиллардаги ижод намуналаридан саралаб тузилган ушбу тўпламни ўзбек адабиётининг билимдони ва жонкуяри, Анқарадаги Ҳожи Байрам Вели университети доценти, филология фанлари доктори Вели Саваш Йелок турк тилига маҳорат билан таржима қилган. Ҳозирга қадар унинг таржимасида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг “Танланган асарлар”и, “Айни боғнинг гуллари, айни боғнинг булбуллари” номли икки жилддан иборат ўзбек ҳикоялари антологияси каби китоблар нашр этилган.

Тўпламни адабиётшунос Шаҳноза Бурҳониддинова нашрга тайёрлаган.

Китобдан адибнинг “Чайладаги тўрт эркак”, “Дунёнинг сири”, “Бунчалар ширинсан, эй аччиқ ҳаёт!”, “Бир оқшом”, “Ё, Жамшид!”, “Раъно гулининг суви”, “Йўқчилик ва тўқчилик”, “Ғуломгардиш”, “Уч юз олтмиш тўрт кун”, “Икки карра қаҳрамон”, “Отабекнинг жанозаси”, “Биринчи миллион”, “Миллатчининг жазоси”, “Валижон касал бўлди”, “Байрут хотираси”, “Камбағалликни қисқартириш дастурига қандай ҳисса қўшганим” сингари йигирмага яқин ҳикояси ва “Саодат соҳили” қиссаси ўрин олган.

Китобга сўзбоши ёзган ТУРКСОЙ ташкилоти Бош котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Раев таъкидлаганидек, туркий тилларда сўзлашадиган халқлар ва мамлакатлар ўртасида дўстона алоқалар ўрнатиш, уларнинг маънавий бирлигини таъминлаш, муштарак қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, қардош халқларимиз адабиёти, маданиятини тарғиб қилишда бу каби китоблар ўзига хос маънавий кўприк вазифасини ўтайди.

Тўпламда, шунингдек, Вели Саваш Йелок қаламига мансуб “Мураккаб тақдирларнинг маҳоратли талқини” (“Хайриддин Султоннинг ҳикоя ва қиссалари ҳақида”) номли таҳлилий мақола ҳам эълон қилинган.

“Ёзувчининг деярли барча асарларида миллийлик тамойилига мустаҳкам содиқлик борлигини кўриш мумкин. Унинг қисса ва ҳикояларида намоён бўладиган адабий маҳорат замонавий ўзбек адабиётининг бугунги кунимизга хос қирраларини яққол ифода эта олгани билан ҳам эътиборга сазовордир. Бу асарларда яқин қардошларимиз бўлган ўзбеклар ҳаёти, уларнинг маънавий дунёси, орзу-интилишлари, ўй-фикрлари, машаққатли умр йўлларидаги зафар ва мағлубиятлар, шодлик ва аламлар, мураккаб тақдирларнинг маҳоратли бадиий талқинини кўришимиз мумкин. Бу эса адиб ижодининг юксак адабий-эстетик ва тарбиявий аҳамиятга эга эканидан далолат беради”, деб таъкидлайди муаллиф.

Элмурод НИШОНОВ