September 15, 2023

ТЎЙГА МУНОСИБ ТЎЁНА  

Нафақат адабиётшунослар, балки кино, театр соҳаси намояндалари ҳам ҳазрат Алишер Навоий асарларига бот-бот мурожаат қилиб, улуғ мутафаккир тафаккури дурдоналарининг мағзини чақишга, асарларида тараннум этилган умуминсоний ғояларни тарғиб қилишга киришаётганлари – Навоийни англаш саодатига интилишдир.

Самарқанд вилояти мусиқали драма театри ижодий жамоа­си таниқли режиссёр Шуҳрат Санақулов бошчилигида хайрли, айни пайтда масъулиятли ишга қўл урди. Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асари асосида Шокиржон Муродов томонидан инсценировка қилинган “Ишқ бўстони” спектакли саҳналаштирилди.

Мазкур асарни саҳнада жонлантириш жуда катта изланиш ва меҳнат билан бирга, ўзига хос ижодий жасоратни ҳам талаб қилди, десак янглишмаймиз. Боиси, асарни шунчаки баён қилмай, унинг моҳиятига эътибор қаратиш лозим бўлди. Шоир ушбу асарда қушлар тимсолида тасаввуф йўлига кирган ва Аллоҳга етишишга астойдил киришган ошиқларни тасвирлаган.

Саҳна асарида қушлар дастлаб мажлис қурмоқ учун йиғилади, лекин мажлисда ўрин талашиб, жанжаллашиб қолади. Улар агар бир адолатли подшоҳ бўлганида, баҳсга ҳожат қолмасди, деб ўйлайди. Шунда Ҳудҳуд Симурғ номли шундай подшоҳ борлигини, унинг ҳузурига бормоқчи бўлганлар узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтишлари зарурлигини айтади. Улар Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Тавҳид, Ҳайрат, Фақру Фано деб номланувчи етти водий оша сафарга отланадилар. Йўл давомида кўп қийинчиликларни бошдан кечирадилар. Асар давомида “Мақсад – ҳамма нарсадан устун! Мақсад йўлида бемаъни иллатлардан воз кеч”, деган хитоб янграйди. Йўлда ҳатто баъзи қушлар ўлимдан, қийинчиликдан қўрқиб ортга қайтмоқчи ҳам бўлади. Бироқ вақт олий ҳакам, у қушларнинг иродасини тоб­лайди. Охир-оқибат, Симурғни орзу қилган ўттиз қуш ўзларини ўша Симурғ сифатида кўрадилар. Ҳар бири ўзлари учун зарур хулосалар чиқариб олгани актёрлар томонидан ниҳоятда таъсирли ижро этилган. Айниқса, Шайх Санъон ролини ижро этган Дилмурод Ҳамраев асар моҳиятини очиб беришда маҳоратини ишга солган.

Спектаклда доира ва бошқа миллий зарбли чолғулардан унумли фойдаланилгани асарнинг таъ­сир кучини оширишга хизмат қилган. Мазкур томоша мухлисларга аслида ҳаёт ўткинчи, манманликни йиғиштириб, пок ҳаёт кечирмоқ, ҳар бир инсон кўнглини авайламоқ лозимлигини, дун­да фақат эзгулик, адолат устувор бўлиши кераклигини яна бир бор англатиш йўлидаги эзгу қадамдир.

Ролларни ижро этган Дилмурод Ҳамраев, Шоҳсанам Облоқулова, Баҳриддин Умаров, Чарос Мардонова, Азиза Ҳотамова, Зарина Ботирова, Бобур Тоштемиров, Баҳриддин Умаров, Хуршид Баратов каби ёш актёрлар Навоийнинг дурдона асари мағзини томошабинга етказиш масъулиятини уддалаганлар.

Ташкил топганининг 110 йиллигига тайёргарлик кўраётган, айни кунларда қайта таъмирланиб, чирой очиб бораётган шаҳримизнинг бош санъат кошонасига мос ушбу асар ижодий жамоанинг ютуғи ҳамда катта тўйга муносиб тўёнадир.

Сарвиноз МАМАНОВА