July 28, 2023

РУҲИЯТ МУСАВВИРИ

Луқмон Бўрихон

Аёвсиз ажал миллатнинг турмуш тарзи ва руҳий дунёсини теран биладиган ҳамда ўқиганни мувозанатдан чиқарадиган йўсинда тасвирлай оладиган атоқли ёзувчи Луқмон Бўрихонни орамиздан олиб кетди. Хом сут эмган биз бандаларга ёнимизда юрган ҳар бир одамнинг омонат эканини туймаслик хусусияти хос. Шунинг учун ҳам Луқмоннинг ўлимини ақлга сиғдириб бўлмайди. У жуда ёш, бақувват ва соғлом, яшашга ғоят ташна йигит эди. Унинг орамиздан кетиши яшнаб турган кўркам оғочнинг тўсатдан қуриб қолишидай ҳол бўлди.

Луқмон Бўрихоннинг юксак маҳорат соҳиби эканини тасдиқлайдиган омил унинг ҳар қандай ҳодиса замирида қонуният борлигини кўра ва кўрсата билишида намоён бўларди. У одамлар ва улар билан юз берган воқеаларнигина эмас, балки буларнинг сабабларини ҳам бутун мураккаблиги билан тасвирлай оладиган ёзувчи эди. Маълумки, бундай сабаблар ҳеч қачон юзада бўлмайди. Луқмон ўз битикларида ҳамиша ички моҳиятни акс эттиришга эришарди.

Луқмон қисқа умри давомида “Жазирамадаги одамлар”, “Темир йўл”, “Занжирбанд шер”, “Бегоналар юрмас бу ерда”, “Имом Мотуридий”, “Титраётган тоғ” каби салмоқли романлар; “Хизр кўрган йигит”, “Қидирувдаги қиз”, “Сирли муаллим”, “Бир томчи ёш”, “Қуёш ҳали ботмаган” сингари жозибадор қиссалар ҳамда ўнлаб татимли ҳикоялар яратди. Бу битикларда ўзбекнинг ҳаёт йўсини, руҳий олами, тутумлари ҳаққоний ва таъсирли акс эттирилган.

Олам ва одамга фақат ўзигагина хос назар билан қарайдиган Луқмон Бўрихон ҳаётда юз бераётган воқеа-ҳодисаларнинг концептуал асосларини кўра биларди. У олам ва одамларнинг ҳеч ким пайқамаган, изоҳлаш хаёлига ҳам келмаган жиҳатларини кўрар ва бадиий акс эттирар эди. Шунинг учун ҳам “Жазирамадаги одамлар” романи совет давридаги қишлоқнинг абгор аҳволи акс этган шунчаки бир роман эмас, балки бутун бир жамият таназзулининг ижтимоий-иқтисодий, руҳий-маънавий сабаблари теран ва ишонарли кўрсатиб берилган ўзига хос бадиий қомус бўлди. Унда хоҳ одамга, хоҳ табиатга бўлсин, яхши ниятда қилинган зуғум ҳам зулм экани ва у шунга яраша натижа бериши ҳаққоний акс эттирилганди.

“Имом Мотуридий” романи ҳам қадим тарихда ўтган фақиҳнинг бошидан кечган воқеалар тўғрисидаги битик эмас, балки исломни ақлан англаш ва қалбан туйиш ҳамда бу жараёнда таяниладиган шаръий ақидаларни тушунишнинг бутун азобу қувончлари акс эттирилган фалсафий-психологик асар. “Бир томчи ёш” қиссасида норасо жамият тушунмаган, аёвсиз тузум бағрига сиғдирмаган даҳо ижодкорнинг қонсиз фожиаси кўрсатиб берилган. “Қуёш ҳали ботмаган” қиссасида бугунги ўзбек ёшлари эзгу маънавиятли бўлишлари учун қандай йўлларни босиб ўтишлари кераклиги ўта таъсирли ва ҳаққоний тасвирланган.

Луқмон Бўрихон бадиий сўз жилваси ва тасвир имкониятини тўлиқ эгаллаган ижодкор эди. Унинг сўздан фойдаланиш маҳорати шунчалар эдики, ёзган публицистик ва очеркнамо битиклари ҳам бадиий асардай ўқилиб, кишини чуқур ўйга толдирар эди. Унинг асарларидаги табиат тасвири аслида тинимсиз ўзгаришлар оғушидаги руҳият манзараларидир.

Луқмон миллатини қаттиқ севарди. Тўғри, бу севги яланғоч айтилмасди, ундовлар воситасида ифодаланмасди, балки барча битганларининг замирига сингдириб юборилганди. Шунинг учун ҳам унинг асарларига ошкора кулги уйғотмайдиган дардчил юмор, адоқсиз киноя йўлдош бўларди.

Ёзувчи Луқмон Бўрихон, биринчи нав­батда, улкан шахс эди, унинг етук адиблиги ана шу шахслигининг натижаси эди. У ўзининг барча инсонлик рутбаларида ана шу шахсиятга хос жиҳатларини тўлиқ намоён қила билди. Луқмон ота-онасига меҳрибон ўғил, болаларига жонфидо ота, яқинларига куюнчак жигар, ўртоқларига ишончли дўст сифатида яшаб ўтди. Тўғри, у умрини жуда қисқа фурсатда яшаб ўтди, лекин жуда кўп­ларнинг кўнглида мангуликка қолди.

Нимаям қилардик, ўлим ҳақ. Қисматга қарши бориб, уни таҳрир қилиб бўлмайди. Яратган Луқмон Бўрихоннинг руҳини раҳаматига олган бўлсин! Умид қиламизки, одамсевар адибнинг иккинчи умри узоқ бўлгай!

Қозоқбой ЙЎЛДОШ