ИЛИШТИРИК
Нимжон эшак омонат аравани ўйдим-чуқур йўлда бир амаллаб тортиб бораяпти. Лиқиллаб қолган бесўнақай ғилдираклар ҳеч бир чуқурчани бегона қилмай, ичига “калла” ташлайди.
Кирлаб кетган яшил дўпписини бостириб кийган аравакаш Ибройим мурт аламини қамчидан олди, сўкина бошлади.
– Падарингга лаънат! Эшак бўлгандан кейин, эшак бўл-да, оёғингга қара.
Кўча-кўйда ҳеч ким йўқ, уйлар ёпиқ... Шундай бўлса ҳам, Ибройим мурт эшикларнинг бирортаси очилиб, харидор топилиб қолишидан умидвор. Шу сабабли қичқира бошлади.
– Қовоқ, турп, шолғом! Кади, турп, шолғом! Кади, турп, шолғом!
Ниҳоят бир эшик қия очилиб, юмруқдай калла кўринди. Ибройим муртнинг юзи тиришди. Ахир, бу каллани яхши танийди. У бир соат гапни айлантириб, бошингни қотиради, бироқ ҳеч нарса сотиб олмайди. Дарё бўйига олиб бориб, сувсиз қайтаради. Бу Макки бола1. Қишлоқда ундан ўтадиган шум йўқ. Биров уни олтмиш, яна биров етмишда дейди. Аммо аниқ ёшини ҳеч ким билмайди. Юзига қараб ҳам ёшини аниқлаб бўлмайди. Фикринг унинг тук битмаган юзида тойиниб кетади гўё. Хуллас, Макки бола йўлиқса, иш юришмайди.
Ўтган сафар Ибройим мурт унинг илтимосини рад қилган. Қарзга бир кило шолғом бериб тур, деса бермаган. Энди у аламини олишга ўзини ҳақли, деб ҳисоблайди. Шу сабабли, у оддий савол берди. Гўё бу саволда ҳеч қандай шумлик йўқдай эди.
– Ибби мурт, илиштирик2 йўқми?
Ибройим муртнинг бу саволдан жони ҳалқумига келди. Тавба қилдим, деди у ўзича. Ўттиз йилдан буён савдо қиламану ҳеч ким илиштирик сўраган эмас. Қолаверса, илиштирикни нима қилар экан бу бадбахт? У ўзини босиб, илжайганича гап қилди.
– Макки ота, мана кади енг, турп енг, илиштирикни нима қиласиз? Қишнинг ўртасида бу отаси номаълум мева қаерда бор сизга?
Макки бола ҳам бўш келмади. Ўзини яна ҳам хотиржамроқ кўрсатиб, гапида қаттиқ туриб олди.
– Шу десанг, кейинги пайтда кўзим яхши кўрмаяпти. Табиб илиштирик енг, деди. Уни қаердан топаман, десам, Ибби мурт топмаган нарса йўқ, деб айтди. Шунинг учун сендан сўраяпман.
Ибройим мурт нима дейишга ҳайрон бўлиб, бош чайқади. Кейин эски шумлиги тутиб кетди.
– Макки ота, сизга кўз нимага керак?
Ибройим мурт Макки болани боплаганига қувонди. Кўпдан силамаган муртини мазза қилиб силади.
– Ибби, кўз бўлмаса, дунё нимага керак? Сенинг турп, шолғомингдан на фойда? – деди Макки бола жаҳл билан.
– Э қўйинг, эй, ҳазиллашдим. Аммо кўзга кади билан шолғом ҳам шифо.
Макки бола чўнтагидан бир ўрам минглик олиб, бош бармоғига тупурди-да, санай бошлади. Анча узоқ санади. Ибройим мурт ичини тортиб қўйди.
– Сендан олдин пенсия олиб келишди, – дея бамайлихотир гапира бошлади Макки бола. – Билсанг, мен пулни дўст билмайман. Пенсияни олишим билан бир-икки кунга шопираман. Кейин тандирга қараган кучукдай ўтирсам ўтираман, ғинг демайман. Шу пулни шу бугун нимагадир сарфлашим керак. Сенда эса менга керак нарса йўқ. Бор бўлса, олмай нима қилардим. Албатта, шу пулни сенга берардим.
– Макки ота, сизга келгуси сафар ернинг тагидан бўлса ҳам, илиштирик топиб келаман. Лекин бугун бор нарсадан олинг. Болкадини бир татиб кўринг. Илиштирикдан зўр.
Макки бола баттар бўл, дегандай шумлигини давом эттирди.
– Майли, Ибби мурт, ахир, кўз кўзга тушиб туради. Менга беш кило чилонжийда берақол.
Ибройим мурт йиғлашдан бери бўлди. Ахир, Макки бола ўлганнинг устига тепгандай қилди. Эшак устига зарб билан бир қамчи туширди. Жонивор оёқларини букиб, ердан кўтарила олмай қолди. Ибройим мурт аравадан тушиб, эшакни зўрға турғизди. Эшак кейин кўчанинг бошигача етиб борди.
Макки бола ҳамма гапдан хабар топиб турган кампирига шундай деди:
– Ҳозирги эшакларда ҳам, аравакашларда ҳам жон йўқ. Ўзимиз минган от-аравалар минг марта яхши эди.
– Чол, от-аравани қачон мингансиз?
Макки бола бу саволнинг ҳам жавобини топиб, қутилиб қолди.
Кампир ҳам гапини олиб қолмади.
– Сизга ўйиндан бошқа нарса керак эмас. Ибби муртни кўчамиздан ўтмайдиган қилдингиз.