КУТУБХОНА – МАЪНАВИЯТ МАСКАНИ
Янги Ўзбекистон кутубхоналарини қандай тасаввур қиламиз? Замонавий ахборот-кутубхона марказлари фаолияти қандай ташкил қилиниши керак? ХХI аср кутубхоначиси қандай билим, кўникмаларга эга бўлиши лозим?
Маълумки, техник тараққиёт ҳар жабҳада истиқболли имкониятларни юзага келтирмоқда. Жумладан, кутубхоначиликда ҳам. Эндиликда кутубхоналар нафақат маълумот базаси, том маънода жамиятнинг ажралмас бўлаги, ҳаммамизнинг қадрдон масканимизга айланиши жоиз. Бунинг учун сўнгги замонавий технологиялар билан жиҳозланган кутубхоналаримиз нафақат таълимни қўллаб-қувватлаши, балки маҳаллий бизнесга ёрдам бериши ва бошқа соҳа вакилларини ҳам ўзига жалб этиши керак. Замонавий кутубхоналар фаолиятини ташкил этиш жараёнида қуйидагиларга риоя қилинса, кўзланган мақсадга эришиш мумкин: биринчидан, кутубхоналарда оилавий суҳбатлашиш ёки гуруҳ бўлиб мунозаралар ўтказиш имконияти яратилса, яна бир қисми дарслар, тренинглар, жамоат тадбирлари, учрашувлар, китобхонлар клублари, ўсмирлар ва болалар учун дастурлардан фойдаланиш марказига айлантирилса, зиё масканлари одатдагига нисбатан гавжумлашган бўларди; иккинчидан, гавжумликни таъминлаш баробарида, кутубхонанинг яна бир қисмида сокинликни сақлаш ва китобхонларнинг турли ахборот ресурсларидан унумли фойдаланиб, мулоҳаза юритишлари учун шарт-шароитлар яратиш мақсадга мувофиқ.
Кутубхоналар асрлар мобайнида асосий билим манбаи бўлиб келган. Мулоҳаза юритиш анъанавий кутубхона хизматларининг ўзак мақсади бўлиб, асосий эътибор кўпроқ мутолаага қаратилган. Бугунги кунда одамлар доимий равишда ахборот олиш имкониятига эга. Қолаверса, кутубхона билим олишнинг ягона манбаи эмас. Эндиликда бу ерга келган ҳар бир кишидан фақат мутолаа талаб қилинмайди. Шунга қарамай, аксарият фойдаланувчилар ҳамон сокин ўқиш жойларини қадрлайдилар. Босма китоб ёки электрон ресурсларни ўқиш, ўз фикрларини тартибга солиш ёки кундалик ташвишларга чалғимай хотиржам ишлаш учун ҳам сокин макон излаб, кутубхонага интиладилар.
Унутмаслик керакки, бугунги ёшлар чексиз ахборот оқими ва техника шовқини орасида ўсмоқда. Бундай шароитда илмий ва ижодий фаолият билан шуғулланиш осонмас. Ёлғиз қолиб, режаларини пишитишни истаган ёшлар сокин муҳитга эҳтиёж сезади. Турли хиёбонлар, кафелар ўрнига кутубхоналар бу вазифани аъло даражада уддалайди. Кутубхонанинг бир бурчаги шинам ва қулай, жиҳозланган залга айлантирилса, фойдаланувчилар ўзини эркин ҳис қилади.
Бугунги кунда кутубхона ходимларию фойдаланувчиларга параллел равишда шароит яратиш ва эътибор қаратиш замон талабидир. ХХI аср кутубхоначисининг маънавий қиёфаси масаласига келсак, хорижий давлатлар кутубхоналарида хизмат қилаётган мутахассислардан талаб қилинадиган омилларни эслаш ўринли. Замонавий кадрлардан, биринчи навбатда, соғлик талаб қилинади. Бошқалар учун бу ҳаётий эҳтиёж бўлса, кутибхоначи учун мажбуриятдир. Чунки энди улар ҳам бошқа соҳа вакиллари каби кабинетга қамалиб ўтиролмайди. Жойларга чиқади, баъзан кун бўйи тарғибот тадбирларида, халқ билан мулоқотда бўлади. Бундай шароитда кутубхоначи, албатта, мустаҳкам соғликка эга бўлиши керак.
Иккинчидан, кўчаларда, дала тадбирларида токчалар, жавонлар, столлар, китоблар каби кўплаб кутубхона инвентарларидан фойдаланилади. Буларнинг барчасини кўчириб олиб юриш ва жойлаштириш алоҳида имконият ва куч талаб қилади.
Учинчидан, ҳар бир ходим ҳайдовчилик малакасига эга бўлиши лозим. Чунки хорижда автомбил бошқара оладиган кутубхоначилар хазинабон ҳисобланади.
Тўртинчидан, у IТ мутахассиси бўлиши даркор. Чунки замонавий мутахассис нафақат Wоrd нималигини билиши, балки PhotoShop, видеомонтаждан моҳирона фойдаланиши, коллажлар, гифлар, мультфильмлар ва бошқаларни яратиши керак. Бусиз ижтимоий тармоқлар орқали халқ орасига кириб бориш мумкин эмас.
Бешинчидан, замонавий кутубхоначи ижодкор бўлиши керак. Ваҳоланки, пресс-релизлар, даврий нашрларга мақолалар, кутубхона блог постларини ёзиш кутубхона мутахассислари учун бирмунча қийин ишлардан саналади. Ижодкорлик лаёқати бўлмаса, ўқувчиларни мутолаага жалб қилиш ҳам қийин кечади. Яратувчанлик иштиёқи эса барча соҳаларда қадрланади.
Сир эмас, бугун ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қилиш қийин. Бироқ биз ундан доим тўғри маълумот ололамизми? Аёнки, Google каби қидирув тизимлари саволларимиз ёки калит сўзларимизга қараб маълумот беради. Шу боис олган маълумотларимиз ҳар доим ҳам тўғри бўлмаслиги мумкин.
Маълумот сўраб кутубхонага мурожаат қилсак-чи? Кутубхоналар ўзида тарихни, энг муҳими, ҳақиқатни сақлайди. Ташриф буюрувчилар эса, ҳар қандай маълумотни малакали ва яхши ўқитилган кутубхоначилар ёрдамида осонгина топишлари мумкин. Интернет минглаб жавобга рўбарў қилса, кутубхоначи уларнинг тўғрисини кўрсатиб бериши лозим.
Бундан ташқари, кутубхоналар ташриф буюрувчиларга ўқув материаллари, тренинглар, курслар, илмий нашрлар ва бошқа сон-саноқсиз ресурсларни тақдим этади. Оммавий кутубхоналар ўз хизматларини нафақат юзма-юз кўрсатишади, балки уларнинг баъзиларида электрон таълим ҳам интеграциялашган бўлади. Ахборот-кутубхона марказлари ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, барча одамлар учун бепул маълумот ва таълим имкониятларини тақдим этади. Шунингдек, масофавий ўқиш имконини беради, келолмаганлар ҳам кутубхонанинг маданий ва маърифий таклифларидан фойдаланишлари мумкин.
Кўринадики, интернет қанчалик ривожланмасин, китобга бўлган маънавий эҳтиёж ўрнини боса олмайди. Бунинг қиёси шуки, сунъий гуллар яратилгани билан ҳали ҳеч ким табиий гуллардан буткул воз кечгани йўқ.
Бугун китоб камроқ ўқилаётган бўлса, демак, бу муаммонинг ечими кутубхоналарни ва кутубхоначиларни замон суръатига мос тарзда ўзгартиришда. Кутубхоналарнинг аҳволи эса, ташкилотчилар ва одамларининг савиясига боғлиқ. Ахир, компьютерхоналар, тунги клублар, кафе-барлар муҳташам, қулай, иссиқ бўлса-ю кутубхоналар тор, зах ва қоронғи бўлса, ёшлар қаерни танлаши ўз-ўзидан аён.
Зиё масканларига эътибор энг қуйи бўғин – шаҳар ва туманларнинг ахборот-кутубхона марказларидан бошлангани бежиз эмас, албатта. Чунки кутубхоналар шунчаки китоблару компьютер банклари эмас, балки одамларни кашф қиладиган, улар билан мулоқотга киришиб, тасаввурларини кенгайтирадиган маскан, таъбир жоиз бўлса, ҳудудларнинг маънавий пойтахтидир. Демакки, кутубхоналарнинг даври ўтди, дейишга ҳеч қандай асос йўқ. Зеро, инсон дунёқарашини шакллантиришнинг асосий манбаи ҳисобланган аср кутубхоналари фуқароларни тарбиялайди ва соғлом фикрловчи жамоаларни шакллантиради. Бир сўз билан айтганда, замонавий зиё масканлари халқ университети вазифасини бажаради.