August 24, 2023

ЮРАКДАН ЧИҚҚАН СЎЗ  

Рустам Мусурмон

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан бошлаб сўз санъати ҳудудларида ўзига ўрин излаганлар орасида Рустам Мусурмоннинг овози ажралиб туради. Бу овозда халқона оҳанглар, бахшиёна тўлғонишлар, юракларни тебратган тўлқинлар, бўғизларда тўлқинланган товушлар садо беради.

Шеърнинг кичик унсури сўз бўлса, сўзнинг кичик унсури – товуш. Рус­там дастлабки ижодий қадамлариданоқ барчага услуб ва усул жиҳатидан янги, яъни товушлар билан ишлайдиган шоир бўлиб танилди. Айни маънода ёзганлари оригинал – янгича асарлар сифатида эътироф этилди. Баҳор қир-адирларда табиат ранг­ларини – атлас сепини ёйиб ўз ҳусну тароватини намоён этгани каби кўклам ошуфтаси бўлган янги нафасли шоир шеърларида товушлар рангини ёйиб кўрсатди. Гўё сўз қафасида, тил доирасида сиқилган товушларни қушлар каби эркка учирди. Рустамнинг шоир­лик идроки билан товушларда қанотлар ўсди...

Бу шеърларни ўқиб, эҳтимол, илк бор товушлар “таъми”ни сездик, бу – қадим-қадимдан халқ достонлари-ю, бахшиларнинг айтимларида аждодлардан ўтиб келаётган оҳанг, бузилмай келаётган маром эди. Борлиқ – бир бутун, Дунё – ягона ва яхлит улкан оҳангдан, Курраи арз узилмасдан ва бузилмасдан келаётган улкан маромдан иборат. Ер шари оҳанг ва маром билан бир бутун ҳолда айланади. Ё бешикми, беланчак каби тебранади. Рустам яратган оҳанг ва маром ана шу узлуксиз маром ва оҳанг­га уларнинг бир узви сифатида уланди. “Совчи”, “Овутиш”, “Бул кеча”, “Дарвиш”, “Бозбарак”, “Умр тасвири” шеърлари ана шундай янгилиги билан турли давраларда ёддан ўқилади.

“Руҳимнинг довуши” шеърида:

Токи нафас олмоқда чолғу

Ҳаётининг шартидир наво.

Куй барҳаёт, мусиқа мангу,

Мен – най нафас олаётган ҳаво:

– И–фу–у–увв...

– И–фу–у–увв...

Сўнгги икки мисрадаги товушларга алоҳида маъно юкланган. Айни ўринда товушлар сўз вазифасини бажаради.

Рустам Мусурмоннинг услубига кўра, товушлар ҳаяжон, ҳайрат, эҳтирос, муҳаббат ёки нафратни ифода этади. Товуш сўз, ҳатто жумладан катта ва кўп маъно-мазмун касб этади.

Ёки “Ўллала” шеърида:

– Ўллала ёр, ўллала,

Сўзингни айт, ўллала.

Қаро дейсан кўзини,

Кўзини айт, ўллала.

– Ана олу ва олу,

Қара, олу ва олу.

Оҳуларнинг ичида

Сара олу ва олу.

Ушбу парчада сўзлар таркибидаги “а”, “ў”, “л”, “у”, “о” товушлари сўзлар ва шеър жарангини, оҳангдорлигини оширган.

“Тилсим”, “Хиргойи”, “Чўмилиш”, “Кўҳна оҳанг” шеърлари ўз куйи билан “туғилган”. Улар мусиқий сознинг турли пардаларида янграган оҳангларга ўхшаб жаранглайди.

Шоир ўсади, ўзини янгилайди. Шахс сифатида дунёқараши ўзгаради. Қаламга келадиган мавзулар доираси кенгаяди. Энди унинг сўз ва фикр ўрови тарих, инсон, Ватан, жамият ҳодисаларини қамраб олади. Ушбу жараён мунтазамдир.

Шу маънода, 2022 йили “Адиб” нашриётида чоп этилган “Бир жуфт сўз” китобида Рустам Мусурмоннинг шоир идроки қувватга тўлгани, шоир тасаввури етилгани кузатилади. Бу қувват, аввало, шоир онги ва сўзи устоз­лар­­нинг бадиият булоғидан, оҳанрабоси улкан маънавий хазина бўлган тарихимиздан, Ватан маъносини анг­лаш сезимидан баҳраманд бўлгани туфайли куч олганми, дейсиз. Бу узвийлик, аввало, миллатни миллат этган қадриятларга қалб ва жон ришталари билан боғланган илдизлардир.

Китоб чуқур ижтимоий-фалсафий мазмунга эга бўлиб, ватанпарварлик руҳидаги залворли шеърлар билан бош­ланади. “Буюк йўл”, “Учинчи Ренессанс пойдевори”, “Муаллим”, “Устюрт. Қорақалпоғистон қўрғони”, “Устоз меҳри”, “Ҳумо” қасри”, “Янги уйлар” шеърларида бугунги куннинг қайноқ нафаси уфуради. Бу шеърларнинг ҳар бири мазмун-мундарижасига кўра салмоқли асарга тенг. Уларда юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорликлар, юксалишлар қаламга олинган.

Қалби мудом уйғоқ шоир Ватан тараққиёти, халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан ён-атрофимизда кечаётган буюк ўзгаришлар, тикла­ниш­лар, мислсиз воқеа-ҳодисаларнинг ичида яшайди, уларнинг фаол иштирокчисига айланади. Ҳаётдан узилиб, хонанишин бўлиб ёзиш Рустам Мусурмоннинг ижод аъмолига хос эмас. У эл-юрт ҳамда унинг қувонч-ташвиши билан ҳар дам ҳамқадам ва ҳамнафасдир.

“Ватаним” шеърида эл-юрт мадҳи, шарафи янада баланд пардаларда тараннум этилган:

Одам Отанинг наслига бешик бўлган тоғларим,

Мома Ҳавонинг васлига ошиқ бўлган боғларим,

Авлиёлар иси келган мўътабар тупроқларим,

Оҳувва-ҳай, Ватаним-ай,

Оҳувва-ҳай, Ватаним!..

Тарих – шоир энг кўп мурожаат қиладиган мавзулардан бири. “Осмоннинг сарғайган қопқоғи”, “Касби қўрғони”, “Султон Мирҳайдар”, “Хўжаҳайрон” каби шеърлар тарих парчалари каби таассурот уйғотади. Бу шеърларда сардобанинг ёнида тиз чўкиб, тирикликка, ҳаётга шукрона келтираётган инсон – замондошимиз тимсоли чизилган. Кўп асрлик миноралар ота-боболаримиз эътиқодининг рамзига айланган:

Чанқаган йўлчига сув тутар,

Бепоён биёбон ҳовучи.

Томчини уммонга тенг этар

Ўтмишнинг чордевор ҳовузи –

Сардоба.

Халқ оғзаки ижоди руҳида битилган “Оши ҳалол”, “Сайил”, “Олача”, “Бобилқанд”, “Бозортепа”, “Рустам тақачи” каби шеърларда табиат ёки ҳар хил воқеликлар билан боғлиқ урф-одатлар қадрият сифатида тақдим этилган ҳамда уларнинг аҳамияти бадиий воситалар орқали очиб берилган.

“Қуш қутлуғ бўлсин”, “Совчи”, “Ошиқ йигит”, “Бақан”, “Келинчак”, “Бол-боли бор...” каби шеърларни фақат ўзбек шоири ёзиши мумкин. Чунки уларда ўзбекнинг қалби, характери, ўзбекнинг Ватани тасвирланган. Бундай шеърлар дунёқарашни бойитади. Ватан – энг катта илдиз эканини уқтиради. Чунки бу шеърлар миллийлик руҳига тўйингандир.

Ҳа, миллат қалбининг тарихи – шеър­дир.

Ҳар бир шоирнинг “ўз сўзлари” бўлади. Шу маънода “ўтар” – Рустам Мусурмон кўп ишлатган сўзлардан бири. “Буюк йўл” шеърида: “Боғлар ўтар, қушлар ўтар, гуллар ўтар, онажон, Кўллар ўтар, чўллар ўтар, йўллар ўтар, онажон. Кимлар келар, кимлар кетар, ҳар кўнгилда бир орзу, Кунлар ўтар, ойлар ўтар, йиллар ўтар, онажон...”. “Ёр келар йўлга қараб...” шеърида: “Ўтти, ўтти, ўтти-ёвв... Ҳамма ўтиб кетти-ёвв... Ул сарвиноо-оз ўтмади-увв...”

Ҳар такрорланганда “Ўтар”, “ўтти” феълларининг маъноси кенгая боради. “Ўтти” феълининг иккита “т” билан ёзилиши оҳангдорликни кучайтиради. Аслида, боғлар, қушлар, кўллар, чўллар ўтмайди, умр ўтади, ҳаёт шакли билан боғлиқ нарсалар ўтади. Моҳият ўзгариши мумкин, лекин ўтиб кетмайди. Бу эса ҳаёт абадийлигининг қонуниятидир.

Рустам Мусурмон ижоди хусусида мулоҳаза юритганда унинг таржимачилик фаолиятига тўхталмасликнинг асло иложи йўқ. Рустам қорақалпоқ адабиётини ўзбек ўқувчисига таништиришда тер тўкиб меҳнат қилди. Узоқ йиллар мобайнида Иброҳим Юсупов, Кенесбой Каримов, Халилла Давлатназаров, Жиянбой Избос­канов, Бахтиёр Генжамурод ва бошқа қорақалпоқ адиблари асарларини ўзбекчалаштирди.

У Лотин Америкасининг ХХ асрдаги кўзга кўринган вакилларидан бири, Нобель мукофоти совриндори Пабло Неруданинг “Башарият қўшиғи” эпопеясидан “Мачу-Пикчу чўққилари” достонини она тилимизга таржима қилди. Бу катта ижодий меҳнат бўлиб, кўлами, қамрови ва аҳамияти нуқтаи назаридан Рустам Мусурмоннинг таржимонлик фаолиятида алоҳида саҳифа бўлди.

Рустам Мусурмон жаҳон адабиётининг ёрқин вакили, можор шоири Шандор Петёфини ўзбек ўқувчисига янгитдан таништирди. Шандор Петёфидан янги таржималар можорларнинг ўтмиши ўзбек халқининг тарихи билан ўхшаш­лигини кўрсатади. Можор халқи озодлик йўлида матонат ва қатъият билан кураш олиб борган. Дала-даштларда баъзан кўчманчи, баъзан ўтроқ яшаган. Эркинликни, кенглик­ларни яхши кўради. Шунданми, фикр-ўйлари, хаёл-тасаввури кенг, ҳис туйғулари тоза ва чуқур...

Таржима дилларни, элларни яқинлаштиради, дейилгани шу бўлса керак.

Мақоланинг аввалида билдирилган мулоҳазани давом эттириб, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларига қайтайлик. Пойтахт марказидаги тепасида ҳамиша соат юриб турадиган ўн олти қаватли маҳобатли бино. У шаҳарнинг ҳамма еридан кўринади. Бинода журналларнинг таҳририятлари жойлашган. Жумладан, “Саодат” журнали ҳам. Биз “Саодат”да ишлаймиз. Журнал таҳририятида иш вақтидан кейин мушоиралар уюштирилади. Шу мушоираларда ёш шоирлар куйиб, ёниб шеър ўқийди. Бу борада Рустам кўпчиликдан ўзиб кетади. Биз қор ёғиб, кўчалар оқарган тунларда, куз ёки баҳорнинг сокин кечаларида Талабалар шаҳарчасининг дарахтзорлари оралаб ёки сўқмоқ, йўлакларда шеър ҳайқириб ўтиб-қайтамиз (“Қўриқчи” шеъридан):

Ҳой гала-гала, ҳой гала,

Каркас келди бир гала.

Менинг боғим кичкина-а-а...

Катта боғларни тала-ааа...

Ҳой гала-гала, ҳой гала-ааа...

Рустамнинг шеърлари қоғозга кўчиши билан қўлма-қўл ўқилади, кўча-кўйда ёддан айтилади – ўша кезларда.

Бир ҳақиқат мавжуд: маҳорат ўз-ўзидан чархланиб қолмайди. Одам чўққига учиб чиқолмайди. Тирмашиб, эмаклаб чиқади. Шу маънода ўтган йилларда ўқиш, ўрганиш, изланиш туфайли шоирнинг маҳорати чархланиб борди. У ўша пайтлардан буён Бугун, Ҳозир сари юрди. Ва олтмиш ёшга тўлди.

Шоир бир тўртлигида: “...Юракдан чиққан сўз юракни топар” деб ёзади. Ҳа, бугун катта ижодий хирмон билан олтмиш ёшини қаршилаётган Рустам Мусурмоннинг шоир юрагидан чиққан сўзлар шеърият мухлисларининг юрагидан аллақачон жой олган. Юракдан чиққан сўз юракларни топган.

Салим АШУР