August 3, 2023

БАШОРАТ

Озод МЎЪМИН

(ҳикоя)

– Кечирасиз, мен адашиб қолганга ўхшайман, – харидор йўқлигидан зерикиб ўтирган, ёши қирқ-элликлар орасидаги сотувчидан сўрадим. – Бизнес-марказига бориш учун қайси томонга юришим керак?

Сотувчи шартта жавоб қилди:

– Мен, эътиборингиз учун, маълумот берувчи ташкилот ходими эмасман.

– Шу оддий саволга жавоб бериш қийинми? – дедим таажжуб билан. – Ғалати одам экансиз!.

– Билимсизлик одамни адаштиради, нотўғри, қинғир йўлларга олиб киради. Мени ҳақорат қилманг. Нима, шаҳарни яхши билмайсизми?

– Биламан. Фақат, бу ёқларга ҳеч йўлим тушмаган экан.

– Машойихлар айтишганки, ҳар бир кимса ўзи туғилиб ўсган масканни, яъни ватанини яхши билиши ва ўрганиши керак. Шу ёшга кириб, ўз шаҳрингизда адашиб юрибсиз. Ўзингиз ғалати экансиз!

Мен шошаётгандим. Келишилган вақтда бир тижоратчига корхонамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини айтишим, уларнинг ўзига хос томонларини тушунтиришим ва рози бўлса, шартнома тузишим керак эди. Шу сабаб, дўконни тарк этишга шайланиб, унга кесатиброқ сўз қотдим:

– Раҳмат, қимматли ўгитларингиз учун. Яхши қолинг.

– Сезишимча, сиз бизнес одамисиз, шундайми?

– Ҳа, топдингиз, – дедим мен, тўхтаб.

– Ўзи, бизнесменлар фақат пул топишни ўйлайдилар. Ўз халқлари тарихини ҳам, ўтмишдаги буюк боболарининг номларини ҳам яхши билишмайди. Ҳозир камайиб кетган китоб дўконлари қаерда эканлигидан-ку, умуман хабарлари йўқ. Сизлар жуда тор фикрловчи одамсизлар. Билмайман, фарзандларингиз қанақа инсон бўлиб улғаяр эканлар... Ишқилиб, юрт тақдири шундайларга қолмасин.

Бу гаплар менга ҳақоратдек туюлди.

– Эътиборингиз учун, мен тарихимизни яхши биламан. Буюк боболаримиз Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино, Берунийларни ҳам...

– Айтган зотларингиз айсбергнинг кўриниб турган учи, холос. Қолганларни билмайсиз! Чунки отангиз сизни оми қилиб тарбиялаган! Ёшлигингизда пулини қизғаниб, сизга китоблар олиб бермаган. Бу дунёнинг, ҳаётнинг қандай мўъжизакор, антиқа ва ажойиб эканини, унинг қонунларини тушунтирмаган. Фақат, пул топ! Пул бўлса – чангалда шўрва, деган ақидани онгингизга қуйган!

– Марҳамат қилиб, отамга тил тегизманг! – Бу гаплар мени тутоқтириб юборди. – Менинг дадам яхши инсон бўлган.

– Биламан, у такси ҳайдаган. Нияти йўловчилардан ортиқча кира ҳақи юлиб олиш бўлган. Сиз кичкиналигингизда чиройли китобларга ҳавас қилгансиз, уларни ўқисам, суратларини томоша қилсам эди, деб орзу қилгансиз. Дадангиз ҳатто, музқаймоққа пул бермаган. Ўзи ҳам, бола-чақаси ҳам ортиқча емаган-ичмаган. У онангизга, сизга ва синг­лингизга тузукроқ кийимлар ҳам сотиб олмаган. Нияти, пул йиғиб янги машина сотиб олиш бўлган. Болалар қуруқ нон-чой-у, эски-туски кийим кийиб ҳам катта бўлиб кетаверади, деб ўйлаган.

– Сиз буларни қаердан биласиз? – ҳайратга тушдим мен.

– Мен, сиздан фарқли ўлароқ, кўп ўқиганман. Мактабни битирганингизда, дадангиз: янги замон бошланди, бозорни эгалла, йўл топ, пул топ, доллар топ, деб сизни ўқишга эмас, бизнесга ундаган.

– Мабодо, психолог ёки экстрасенс эмасмисиз? – сўрадим мен. Чунки у фақат тўғри гапираётган эди.

– Йўқ. – деди у, – Мен тадқиқотчиман.

– Қандай тадқиқотчисиз?

– Сиз, аввалига, ишлаб чиқариш фирмаларидан тайёр шпаклевка олиб, қурилиш моллари бозорида сотдингиз. Атрофни кузатиб, шпаклевкани ҳар бир харидорга тортиб беришга анча вақт кетишига, мижозлар эса уни, асосан ўн килограммдан олишаётганига эътибор қилдингиз ва фирмадагиларга маҳсулотни шунчадан қадоқлаб беришини сўрадингиз. Натижада, атрофдаги савдочилар кунига икки юз-уч юз килограммлаб шпаклевка сотишса, сиз тонналаб учирдингиз. Яхши даромадлар қилдингиз, – деди у саволимга парво қилмай.

– Ниятингизни тушунмаяпман, – сўз қотдим мен. – Ҳамма гапингиз тўғри. Лекин ўзим ҳам биламан буни. Мана, ҳозир ўша маблағлар ҳисобидан ишлаб чиқариш корхонаси очганман. Ишларим яхши. Уй-жойимни замонавий қилиб таъмирладим. Машинам янги. Бир фарзандим бор. Уни энг номдор мактаб­га берганман. Ўзим тузукроқ ўқимаган бўлсам ҳам, уни зиёли қилмоқчиман. Хўш, нега мени йўлдан қолдириб, вақтимни олаяпсиз?

Сотувчи менга синчковлик билан тикилди ва кесатиброқ сўз қотди:

– Кечирасиз, бизнесмен ака. Мен аҳмоқ, мен нодон, сизнинг қимматли вақтингизни олиб қўйибман. Лекин, аслини олганда, сиз ўзингиз умрингизни беҳуда ўтказаяпсиз!

– Қандай қилиб? – таажжубландим мен. – Ўз ишимни қилаяпман. Баъзиларга ўхшаб, бутун рўзғор юкини хотинига ташлаб, кўчаларда нард ўйнаб, чойхоналарда валақлашиб вақтимни совуриб юрмаяпман-ку! Оилам, фарзандим учун жон куйдираяпман.

– Ишингиз яқинда касод бўлади. Давлат текширув муассасаларидан келишиб, ташкилотингизни тити-пити қилишади. Бор-йўқ топганларингизни уларга топширасиз. Шунда ҳам қутиласизми-йўқми, билмайман. Дасти узун дўстларингиз ҳам сизга ёрдам беролмайди. Зарур пайтда улар узоқ сафарга кетган бўлади. Тушундингизми, нега сизни тутиб қолганимни?

Бу сўзлардан даҳшатга тушдим. Унга ишонмай, ҳаммасига тупурдим, деб кетворишим мумкин эди. Аммо у менинг бутун ҳаётимдаги воқеалардан хабардорлигини намойиш қилди-ку! Бир нарсани билмаса, бунчалик ишонч ва истеҳзо билан мени чўчитмасди.

– Қаердан биласиз? – сўрадим мен нафасим ичимга тушиб.

– Айтдим-ку, кўп китоб ўқиганман, ҳаёт тадқиқотчисиман, деб.

– Айтган воқеаларингизнинг олдини олиш учун нима қилишим керак? Маслаҳат бера оласизми?

– Ҳа, албатта. Ниятим ҳам, вазифам ҳам шу. Ҳар бир инсон бу ҳаётда ўз вазифасини бажариб яшаши шарт.

– Менга қандай фикрлар билдирасиз?

– Энг аввало, ўз вазифангиз билан шуғулланишни бошлашингиз керак.

– Эътиборингизга биноан, эрта-ю кеч ўз бизнесим ҳақида ўйлайман, яна қандай маҳсулот ишлаб чиқарсам экан, деб режалар тузаман, тажрибалар ўтказаман.

Сотувчи яна истеҳзоли жилмайди.

– Бу иш – ўша оми дадангизнинг топшириғи. Сиз ўйлаб кўрганмисиз, бу дунёга нима учун келганингизни?

– Ҳа, албатта! Барча каби пул топаман, бола-чақа ўстираман, уларни уйли-жойли қиламан. Набираларим бўлади. Шу...

– Кўрдингизми, сиз ҳам дадангиз кабисиз. Агар кўп китоб ўқиганингизда, бу ҳаёт тўғрисида ўйлаганингизда, асло бундай сўзларни айтмаган бўлардингиз. Айтган иш жараёнингизни онгсиз ҳайвон ҳам адо этади. Сиз – инсонсиз-ку!

– Хўш, менинг ўрнимда, онглироқ инсон нима қиларди?

– У, энг аввало, ўйларди: “Мен нима учун, қандай мақсадда дунёга келганман? Ҳаётдаги вазифам нимадан иборат экан?” Ва жавоб топгач, ўша касб билан шуғулланишни бошларди.

– Демак, мен ҳам ўзимга шундай савол беришим лозим. Тўғрими?

– Ҳа! Келинг, биргалашиб мулоҳаза қилайлик. Сизнинг қандай вазифа билан ҳаётга келганингизни аниқлаймиз. Лекин, яхши билиб олинг, ҳеч ким бу дунёга кўп пул топсин, деб юборилмайди. Бу ўта янглиш, ҳалокатга судровчи мақсаддир.

– Сиз шундай гапираяпсизки, гўё бошқа сайёрадан келгандексиз. Сиз оддий одам эмассиз.

– Менинг қаердан келганимнинг умуман аҳамияти йўқ. Фақат шуни маълум қилишим мумкинки, мен ушбу оламдаги янглиш йўлга кирган ҳар бир одамга қирқ ёшлар арафасида тасодифан бир марта учрайман ва уни тўғри йўлга солишга уринаман. Бу менинг асосий вазифам. Сўзимни уққанлар, тегишли хулоса чиқариб, ҳаётларини кескин ўзгартирадилар ва қолган умрларини фаровонликда, барча орзу-ҳавас­ларига эришиб ўтказадилар.

– Ўз билганимдан қолмайман дейдиганлар-чи?

– Сизга айтдим, нима бўлишини. Бор-шудингиздан айриласиз, оғир касалликка чалинасиз, ўзингизни, яқинларингизни қийнайсиз ва вақт-соат келиб, руҳий оламга ўтганингизда даҳшатли ва қаҳрли муносабатга дуч келасиз.

– Майли, айтинг, менинг бу дунёдаги вазифам нима?

– Ана энди ўзингизга келдингиз, эслаб кўринг-чи, болалигингизда қандай ўйинчоқларни севардингиз, қандай касбдаги кишиларга ҳавасингиз келарди?

– Дадамга бир неча марта “Тез ёрдам” машиначасини олиб беринг, деганман. Лекин, пул йўқ деб жавоб берган. Умуман, болалигимда ҳам, ҳозир ҳам оқ халат кийиб, беморларни даволаётган одамларни кўрсам ҳавасим келади. Лекин улар кўп маош олмайдилар. Пуллари кам. Уларнинг кўпчилиги касалларнинг қўлига қарайди. Шунинг учун, баъзи-баъзида, яхшиям бизнес билан шуғулланаман, деб қувониб қўяман.

– Демак, масала ечилди. Сиз бу ҳаётга одамларни даволаш вазифаси билан келгансиз. Ҳали ҳам кеч эмас. Бизнесни йиғиштириб, шифокорликка ўтинг.

– Қандай қилиб? – тутоқдим мен. – Ёшим қирққа яқинлашди, ўқиш учун яна беш-олти йил кетади. Уларнинг топадиган пули маълум, оиламни қандай боқаман?

– Бу ҳаётдаги қонунлар шундайки, ҳар бир инсонга ўзининг чин вазифасини аниқлаш, уни бажариш йўлига кириш учун қирқ ёшига қадар муддат берилади. Бу чегаравий ёшдан сўнг, у, топшириқни бажармаётган хизматчилар ишдан ҳайдалганидек, бу дунёдан кетказилади. Айтайлик, инфаркт, инсульт, бошқа касалликлар ёки жуда бўлмаса, аварияга учратиш йўли билан руҳий оламга олиб кетилади. Ёққан хилини танланг!

– Сиз мени икки ўт орасига ташлаяпсиз!

– Янглишаяпсиз. Гуллаб-яшнаган боғ билан ўт орасидасиз! Ўзига топширилган вазифани сидқидилдан бажараётган кимсалар борлиқ томонидан доимо қувватланадилар, уларга омад, топаётган маблағларига барака берилади. Жами орзу-ҳавасларига эришиш йўллари очиб берилади. Уларга ёмон ниятли, зарар келтирувчи одамлар рўпара этилмайди. Фарзандлари ҳам бахтга эришадилар.

– Ҳозир, миямга бир фикр келди. Шифокорликни яхши эгаллаб олсам, балки хусусий клиника очарман, тўғрими?

– Инсон ҳар қандай шароитда, агар ўз йўлидан кетаётган бўлса, ажойиб ютуқларни қўлга киритиши мумкин. Мен сизга яна бир маслаҳат бераман, агар қабул қилсангиз.

– Айтинг.

– Сиз бу ердан чиқиб, бир катта миқдорда савдо қилувчи одам билан учрашмоқчисиз. Асло, на оғзаки, на расмий, шартнома тузманг. У банкдаги ҳисоб рақамингизга тўрт-беш кунгина фаолият юритадиган фирма орқали озгина пул ўтказади-да, хушмуомалалик билан улкан ваъдалар бериб, катта миқдорда маҳсулотларингизни олади. Шундан сўнг, унинг ўзини ҳам, идорасини ҳам тополмайсиз. Фақат, бу гапни каминадан эшитганингизни ҳеч кимга айтманг.

– Тушундим.

– У ҳолда, хайр. Биз бошқа учрашмаймиз. Бугуноқ шифокорлик йўлига тушиш режасини тузинг ва ҳаракатларингизни бошланг. Одамларнинг турли, яхши-ёмон гапларига парво қилманг. Сиз ўз ҳаётингиз ва келажагингиз эгасисиз. Эслатаман, тўғри ривожланиш учун, танлаб-танлаб, яхши-яхши китоб­лар ўқиб юринг. Шунда асло янглишмайсиз.

– Хўп бўлади. Майли, хайр. Дарвоқе, мен кўчага чиқиб, қайси томонга юришни билмайман-ку! Айтолмайсизми?

– Мен, эътиборингизга биноан, маълумотлар берувчи ташкилот ходими эмасман. Сиз, яхшиси, ташқарига қадам қўйинг. Ўз вазифасини аниқ билган одам ҳар қандай нотаниш кўчадан йўл топиб кета олади. Яна бир марта хайр!

– Майли, хайр! Сизга катта раҳмат! – дедим мен ва эшик сари йўналдим.

Дўконни тарк этдим ва лол қолдим. Мен ўзимга жуда яхши таниш кўчада турардим. Машинам олдига бориб, уч қаватли бино тагидаги дўкон томонга боқдим. Таажжуб, унинг эшигидан кетма-кет учта одам чиқди. Улар қаердан пайдо бўлишди? Мен қайтиб дўконга кирдим. Сотувчининг қиёфаси ўзгача, навбатдаги кишига хизмат кўрсатаяпти.

– Кечирасиз, ҳозиргина шу ерда бош­қа бир сотувчи ўтирганди. Шеригингиз бўлса керак, қани у? – сўрадим мен.

Бу дўкончи менга ажабланиб қаради.

– Дўконимиз кичкина. – жавоб берди у. – Мендан бошқа сотувчи йўқ!

Индамай қўяқолдим. Яна қайта кўчага чиқиб, машинамга миндим.

Бу воқеанинг сир-асрорига тушунмай лол қолиб, бир-икки дақиқа хаёл суриб ўтирдим. Ажабо! Биз яшаётган дунё жуда антиқа-я!

Машинамни ўт олдирдим-да, янги шартнома тузишдан воз кечиб, корхонамни ёпиш учун қандай ҳужжатларни расмийлаштириш зарурлигини аниқлаш мақсадида тегишли идора томон йўл олдим.

Озод МЎЪМИН