July 14, 2023

КЛОД МОНЕ

КЛОД МОНЕ

Имперессионизм оламининг машҳур мусаввирларидан бири Клод Моне 1840 йил 14 ноябрда Парижда туғилган. Тақдир сийлови боис у буюк рассом даражасига етишган, дейиш мумкин. Лотерея ўйинида 100 минг франк ютиб олган Моне хат ташувчилик касбини ташлаб, ҳаётини тасвирий санъатга бағишлайди.

Ижодини карикатурадан бошлаган

Клод Моне беш ёшга тўлганда оила Гавр (Нормандия) шаҳрига кўчиб ўтади. Бу ерда бўлажак рассомнинг отаси баққоллик дўкони очади. Моне 14 ёшидан бошлаб ўртоқлари ва ён-атрофидагиларнинг суратларини чизиб сотади. Ёш рассомнинг 15-20 франкдан пуллаган карикатуралари кўпчилик орасида шов-шувларга сабаб бўлади.

Илк импрессионист

Сураткаш Надарнинг устахонасида 1874 йил баҳорида “Исёнкорлар намойиши” деб номланган катта кўргазмада Моненинг “Таассурот. Чиқаётган қуёш” картинаси ҳам намойиш этилади. “Импрессионизм” атамаси (impression французча “таассурот” демакдир) илк бор мана шу картинага нисбатан қўлланган.

Кўргазмада ўттизта рассомнинг 165 та картинаси намойиш этилади. Таъкидлаш жоизки, ўша даврда Моне ва унинг замондошларини исёнкорлик, аҳлоқсизлик ва ночорликда айблашарди. Таниқли бўлмаган журналист Луи Леруа «Le Charivari» журналига ёзган мақоласида рассомларни танқид қилиб, уларни “импрессионистлар” деб атайди. Рассомлар бу атамани қабул қилишади. Вақт ўтиши билан мазкур атаманинг дастлабки салбий маъноси йўқолади, аксинча, у ижобий маъно касб этади.

Моненинг ягона аёли

Агар Клод Моне картиналаридаги аёллар қиёфасига синчиклаб қарасангиз, албатта, рассомнинг севимли рафиқаси Камиль Домкьюзни таниб оласиз. Рассомнинг “Яшил либосли аёл”, “Боғдаги аёл”, “Моне хоним ва ўғли”, “Клод Моненинг рафиқаси диванда” сингари кўплаб картиналари Камиль Домкьюз қиёфасидан кўчириб чизилган.

Моне хоним икки ўғил кўради, аммо иккинчи фарзандини туғишда соғлиғини йўқотган Камиль тез орада вафот этади. Клод Моне севимли рафиқаси ўлимидан кейин ҳам унинг портретларини яратади.

Энг қиммат картина

Моне 1919 йилда чизган “Ҳовуздаги нилуфарлар” ёки “Оқ нилуфарли ҳовуз” картинаси унинг энг қиммат асари ҳисоб­ланади. 2008 йилда Лондонда бўлган Christie`s кимошди савдосида ушбу асар 80 миллион долларга баҳоланган. Ҳозирги вақтда “Ҳовуздаги нилуфарлар” кимошди савдоларида сотилган энг қиммат картиналар орасида тўққизинчи ўринда туради. Маълумки, бундай картиналарни сотиб олган коллекционерлар номлари сир тутилишини маъқул кўришади.

Уч рассомнинг бири

Клод Моне, очиқ кимошди савдолари натижаларига кўра, асарлари энг қиммат рассомлар орасида учинчи поғонани эгаллаган. Кимошди савдоларида унинг 208та асари 1 млрд. 622 млн. 200 минг долларга сотилган. Моненинг бир асарининг ўртача баҳоси – 7 млн.799 минг доллар. Унинг энг қиммат асарлари: “Ҳовуздаги нилуфарлар” (1904) – 43 миллион доллар; “Аржентедаги темирйўл кўприги” (1873) – 41 миллион доллар.

Моне асарлари қаерда сақланмоқда?

Бугунги кунда рассомнинг асарлари дунё бўйлаб сочилиб кетган. Моне асарлари нисбатан кўп тарқалган давлатлар – Россия, АҚШ ва Буюк Британия ҳисобланади. Шунингдек, Европа ва дунёнинг бошқа давлатларида ҳам унинг асарларини учратиш мумкин. Моненинг бир неча асари Янги Зеландия музейларида сақланмоқда.

Рассомнинг кўплаб асарлари коллекционерлар бисотидан жой олганини таъкидлаш жоиз. Шунинг учун ҳам уларни кенг оммага намойиш этиш имкониятлари чекланган. Айрим ҳолларда сотиб олинган картиналар коллекционерлар қўлидан музейларга ёки кимошди савдоларига чиқарилган.