“БЕГОНА” ҚАҲРАМОНИ БЕГОНАМИ?
Яқинда француз адиби Альбер Камюнинг “Бегона” романини тўртинчи марта ўқидим. Олдинги ўқиганим билан бу сафарги ўқиганим орасидаги қарашларимда фарқ бор. Кеча севганларимни бугун ёмон кўриб қолишга ҳам улгураётган бир пайтда, “Бегона”ям энди аввалгидек туюлмаса керак, дегандим. Йўқ, адашибман. Мерсо, барибир, бошқача.
“Бегона” – кўп ўқилган, турли хил фикрлар билдирилган асарлар сирасидан. Асарнинг бир жойида Мерсони қоралайдилар, бир жойида оқлайдилар. Асарни оқлаб, бош қаҳрамонни қоралаганлар ҳам топилади. Аслида-чи?
Бош қаҳрамон қоралашга ҳам, оқлашга ҳам муҳтож эмас ва у яхши ёки ёмон ҳам эмас. У ўз ҳаётини ўз танловлари асосига қурган. Умидни тушунса бўлади, умидсизлик эса тушунишга муҳтож.
Бироз бошқачароқ ёндашиб кўрсак.
Мана, масалан, Мерсога одамларга, вазиятларга ҳиссий боғланганлик либосини кийдирсак. Хўш, бош қаҳрамон бошқача, ҳаммамизга ўхшаса, нима бўларди? Асар аввали ҳам мутлақо ўзгача тус оларди, балки. Мерсо онасига кучли муҳаббат билан боғланган, ғамхўр ва меҳрибон, онасига тузукроқ қаролмагани, уни боқолмагани – бир томондан, ишниям вақтида дўндириб қўёлмагани – иккинчи томондан уни эзиб қўяди.
У атрофидагилар – тоғаси, амма-холаси, қўни-қўшнисининг таъналаридан ҳайиқарди. Демак, у ўша арабни ўлдириб, қатлга ҳукмга этилгунча ҳам ўлимни бир неча бор бошдан кечирарди.
Масъулият ахлоқнинг бир қаноти, баъзида биз уни керагидан ортиқ ҳис этганимиз учун яшаш оғирлик қилади. Камю абсурдининг асоси, унинг Сартр экзистенциализмидан бошқачароқ томони ҳам шу – инсон ҳаётда масъулият ё бирор маъно бор деб билса, адашади.
“Менинг ишимни мени аралаштирмай кўришди” (Мерсо). Аслидаям инсон ҳаётига тегишли кўп ишларни уни аралаштирмай ҳал қилишади. Инсонни муайян қарорларни бажаришга, ўз ҳаётини муаян режалар асосида яшашга ҳукм этишади. Одамлар эса, жимгина яшайверади. Агар улар ўзлари истагандай яшаганларида, эҳтимол, ҳаёти яхшироқ кечарди. Ёмон бўлгандаям, афсуслар кам бўларди. Бандиликдаги ҳаёт жозибали, эркинлик эса хатарли. Улар Мерсодаги эркинликни шу тариқа тортиб олишмоқчи эди.
Камю бу ҳаётда маъно йўқ, дейди. Бизнинг назаримизда эса, ҳаёт маънога эга! Бу маъно инсон ботинидаги тангрини инкор қилади, бирор нарсани илоҳийлаштирмайди, эркин нафас ол, дейди одамзодга.
Биз учун эса, ҳаётдаги маъно эмас, Мерсонинг ўзи абсурд. У ҳақ, биз-чи, ноҳақми? Йўқ, шунчаки, биз бу дунёнинг дўзахи эвазига нариги дунёнинг жаннатидан умидвормиз. Яшаш – бизнинг чекимизга тушган мажбурият, қандай яшаш эса, ҳар кимнинг шахсий иши.
Китобни ўқиётган киши дарров сезади: Мерсо фақат қотиллик учун айбланмайди, бу жуда кичик нарса бўлиб қолади унинг олдида. Унинг меҳрсиз фарзандлиги, шаккоклиги учун, виждони учун, ҳа, айнан виждони учун сўнгги чора ўлим эди. Камю ёзади: “Бизнинг жамиятимизда онасининг дафн маросимида йиғламаган ҳар қандай одамнинг ўлимга маҳкум бўлиш хавфи бор. Китобимнинг қаҳрамони роль ўйнамагани учун ҳукм қилинади”.
Уни ҳис қилмаган туйғулари учун қатл этишади. Моҳиятан олганда эса, ҳеч нарса ўзгармайди...