May 18, 2023

ИНСОН ҚАЛБИДАГИ НУР

Ойдин Абдуллаева

Бастакорлик шарафли касблардан. Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, таниқли бастакор Ойдин Абдуллаева ҳақида сўз кетганда, унинг Австриянинг Вена шаҳрида ижоди шаклланиб, дунёга ўз асарлари билан танилган немис композиторлари Франс Йозеф Гайдн, Вольфганг Амадей Моцарт, Людвик ван Бетховенларнинг намунали йўналишини ҳозирги замон ўзбек мусиқасида муваффақиятли давом эттираётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Рустам Абдуллаев, Мустафо Бафоев, Дилором Омонуллаева, Султон Али Раҳматов сингари ҳамсафлари қаторида Ойдин Абдуллаева мусиқага ёшлигидан меҳр қўйган эди.

Ойдин 10-синфда ўқиб юрган пайтларида Қозоғистонда ўтказиладиган кўрик-танловда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Бу кўрик-танловга шу қадар берилиб тайёргарлик кўрдики, чолғу асбобининг механик таъсирида унинг икки бармоғи лат еб, териси сидирилиб кетади. Натижада, устозидан танбеҳ эшитади, Қозоғис­тонга бармоқларига дока ўралган ҳолда боришга тўғри келди. Саҳнага уни “Ойдин Абдуллаева, Ўзбекис­тон” деб таклиф қилишганда бармоқларидаги докани олиб ташлаб саҳнага чиқади. Биринчи, иккинчи, учинчи турларда ғолиб чиқиб, лауреатлик дипломини олишга муваффақ бўлади. Ўз соҳасида улкан ютуққа эришиш йўлида бундай жисмоний оғриқ ва изтироблар унинг учун арзимас эди.

Боку шаҳрида ижодий сафарда бўлганида Ойдин Абдуллаева Озарбайжон композиторлар уюшмаси раиси, таниқли композитор, жамоат арбоби Фарангиз Ализода билан танишади. Унга ҳавас қилади, у билан унутилмас суҳбатлар қуради.

Яқинда Ўзбекистон телевидениесида намойиш этилган “Дарахтлар қўшиғи” сериалида бастакор Ойдин Абдуллаева экран­да талқин этилаётган ҳар бир тасвирга жуда масъ­улият билан ёндашганига гувоҳ бўлдик. Актёрлар ижросидаги ҳар бир ҳаракатни у синчковлик билан кузатган ва шунга мос мусиқа ярата олган. Томошабин экрандаги тас­вирлар мусиқага айнан уйғунлигини қалбан ҳис этади.

Ойдин Абдуллаеванинг мусиқа асарларида анъанавий йўналишлар билан бирга мутлақо янги нафас билан суғорилган намуналар ҳам кўп. Бу эса, асарни янада бойитишга хизмат қилади. Унинг “Соғинч”, “Қалбимда”, “Ёшлик ифори”, “Хоразм фантазияси”, “Эпитафия”, “Менинг юртим”, “Оила”, “Кабутар” деб номланган куйлари ва қўшиқлар учун яратган мусиқалари, скрипка ва фортепиано учун ёзилган сонатаси фикри­миз далилидир.

Композитор таниқли санъаткор бўлиш билан бирга жамоат арбоби ҳамдир. 2022 йил 20 майда Сирдарёда Гулистон ихтисос­лаштирилган санъат мактабида ўқувчилар кўрик-танлови бўлиб ўтди. Кўрик-танлов юқори савияда ўтиши учун Ойдин Абдуллаева ҳакамлик қилиб, ўз фикр-­мулоҳазалари билан ўртоқлашганини бу санъат даргоҳидагилар ҳали-ҳануз ёрқин таассурот билан эслашади. У шогирдларига талабчан бўлиш билан бирга жуда ғамхўр устоздир. Бугунги кунда унинг кўп­лаб шогирдлари мустақил равишда янги мусиқа асарлари ёзиб, ўзбек мусиқа санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Навқирон шогирдларидан бири Беҳзодбек Турсунбоев “Жалолиддин” номли тўрт кўриниш­ли балет яратиб, мухлислар олқишига сазовор бўлди. Бу балет мусиқасини яратишда шогирдига Ойдин Абдуллаева йўл-йўриқлар кўрсатган. Асар Ўзбекистон давлат Хореография академияси талабaлари ижросида академия залида 2022 йилнинг 23 декабрида муваффақиятли қўйилганида унинг қувончи чексиз эди. Ахир, бу унинг шогирди, ёш бастакор учун катта саҳнага очилган ёруғ йўл эди.

Ойдин тун, ойдин йўл, ойдин орзулар,

Ойдинлик инсоннинг қалбидаги нур.

Ойдин деган сўзда тиниқ туйғулар,

Доноларда бўлар ойдин тафаккур.

Сиздай инсонлар бор, ойдин бу олам,

Сизга очиқ бўлди олий кошона.

Бугун Сиз билмаган оддий одам ҳам

Сизнинг қошингизда эрур парвона.

Оқар дарё каби ўтмоқда умр,

Ойдин орзу борки, инсон аҳдлидир.

Толиққан дилларга улашасиз нур,

Сиз билан учрашган инсон бахтлидир.

Бастакор яратаётган ҳар бир асарига дил қўрини бериб ёндашади. Унинг ўз нуқтаи назари, ўз қараши бор. Шунинг учун ҳам у бадиий баркамол асарлар яратиб, санъатсевар халқимизни хушнуд этиб келмоқда. Бу фидойи санъаткорнинг ҳар бир мусиқа асари самимий дил садосидир.

Анвар ТОҒАЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси